Аллоҳ суйган бандалар: Одам ўлдиришдан четланиш (3)

0

Одам ўзини ўзи ўлдиришнинг ҳаромлиги

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса жаҳаннам ўтида шу азоб билан (яъни тоғдан думалаш) азобланган ҳолда абадий қолади. Ким захар ичиб ўзини ўлдирса, захари қўлида уни ичишда қийналган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, қўлида тиғи билан қорнига санчиган ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади” (Бухорий, 10/257, Муслим, 2/118 ривояти).

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Исломдан бошқа бирон миллатга қасам ичса (масалан: шуни қилмаган ўрис, деса) айтганидек бўлади. Одам боласи ўзи эга бўлмаган нарсани назр қилса, назрига вафо қилиши вожиб эмас. Ким шу дунёда ўзини бир нарса билан ўлдирса, қиёмат куни ўша нарса билан азобланади. Ким мўмин кишини лаънатласа, уни қатл қилгандек ва ким мўминни куфрда айбласа, уни ўлдирган каби бўлади” (Бухорий, 10/464, Муслим, 2/119 ривояти).

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан илгари ўтган кишилардан бири жароҳат олган эди. У жароҳатнинг оғриғига сабр қилмай, пичоқни олиб қўлини кесиб ташлади, қон тўхтамади натижада у вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Менга жонини топширишда бандам шошилди, Мен унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди” (Бухорий, 6/496, Муслим, 2/124 ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Хайбар ғазотида ҳозир бўлдик. Исломни даъво қилиб ўзини мусулмон деган кишини: “Бу дўзах аҳлидан”, дедилар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Жанг бошлангач ҳалиги жангга кириб қаттиқ жанг қилди. Шу аснода жанг қилаётганда жароҳатланиб қолди. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу дўзах аҳлидан деганингиз киши бугун қаттиқ жанг қилиб вафот этди” дейилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У дўзахга тушади”, дедилар. Айрим кишилар шубҳалангандек бўлиб ишонқирамай турганларида, “У ўлмаган экан, бироқ қаттиқ жароҳатланибди”, деган хабар келди. Кечга бориб ҳалиги киши жароҳатига сабр қилолмай, ўзини ўзи ўлдирди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилганда: “Аллоҳу акбар, гувоҳлик бераманки, мен Аллоҳнинг бандаси ва элчисиман”, дедилар. Сўнг Билолга одамлар ичида: “Жаннатга фақат мусулмон кишигина киради, Аллоҳ таоло бу динни фожир киши билан ҳам қувватлайди”, деб эълон қилишга буюрдилар” (Бухорий, 6/179, Муслим, 2/122 ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзини бўғиб ўлдирган одам дўзахда ҳам ўзини бўғади. Ўзига тиғ урган дўзахда ҳам ўзига тиғ уради. Ўзини (тоғдан ё жарликка ё оловга) ташлаб ўлган одам дўзахга ўзини ташлайди” (Бухорий ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг