Қиёматнинг кичик аломатлари: Қариндошлик алоқалари узилиши, ёмон қўшничилик ва бузуқликнинг ёйилиши

0
  1. Қариндошлик алоқалари узилиши, ёмон қўшничилик ва бузуқликнинг ёйилиши.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган қиёмат аломатларидан яна бири қариндошлик алоқалари узилиши, қўшничилик муносабатларининг ёмонлашиши, бузуқлик ва фаҳш ёйилишидир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фаҳш ва бузуқлик ёйилиши, қариндошлик алоқалари узилиши ва ёмон қўни-қўшничилик юзага келмагунча қиёмат қойим бўлмайди»[1].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган бу ишлар ҳақиқатда содир бўлди. Одамлар орасида бузуқлик авж олганини, ўзаро алоқалар узилганини, қўшничилик муносабатларининг тобора ёмонлашиб бораётганини, меҳр-муҳаббат ва силайи раҳм ўрнини ёмон кўриш, нафрат эгаллаганини кўриб турибмиз. Қўшни қўшнисини танимайдиган, инсон баъзи қариндошларининг тирик ё ўлик эканини билмайдиган даражага келиб қолди одамлар. Аллоҳнинг Ўзи раҳм айласин!

Китобу суннатда қариндошлик алоқаларини узишдан қайтарган, бу нарса кишини лаънатга йўлиқтириши ва жаннатдан маҳрум қилишини баён этган талай далиллар келган. Аллоҳ таоло айтади: Эҳтимол сизлар (Аллоҳнинг китобидан ва Пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан) юз ўгирсангиз ерда Аллоҳга осийлик қиларсиз, (Унга кофир бўларсиз, қонлар тўкарсиз,) қариндош-уруғлар билан алоқаларингизни узарсиз. Улар Аллоҳ Ўз раҳматидан қувган ва (ўзлари учун фойдали бўлган нарсаларни) эшитмайдиган ва кўрмайдиган қилиб қўйган кимсалардир(Муҳаммад, 22-23).

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқаларини узган кимса жаннатга кирмайди»[2], деганлар.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам силайи раҳм қилишга тарғиб қилдилар ва бу иш умр узайиши, ризқ кўпайиши ҳамда Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг розилигига элтувчи сабаб эканини баён қилдилар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимни ризқи кенг бўлиши ва ажали кечиктирилиши қувонтирса, силайи раҳм қилсин»[3].

Шунингдек, Китобу суннатда қўшнилар билан чиройли муомалада бўлиш, уларга иззат-икром кўрсатиш ва азият бермаслик вожиблиги ҳақида талай далиллар келган. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва (Унинг Ўзигагина бўйсунинглар, рубубиятда ҳам, ибодатда ҳам) Унга ҳеч кимни шерик қилманглар! Ота-онага яхшилик қилинглар (ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо қилинглар) Шунингдек, қариндош-уруғлар, (балоғат ёшига етмасдан оталаридан ажралиб қолган) етимлар, (эҳтиёжларига етарли мол-мулки бўлмаган) мискинлар, узоқ ва яқин қўшниларингиз, сафардаги ҳамроҳу муқимликдаги ҳамсоянгиз, (эҳтиёжманд бўлган) мусофир ҳамда қўл остингиздаги қул-чўриларнинг ҳам (ҳақ-ҳуқуқларини адо этинглар)» (Нисо сураси, 36). Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин»[4], деганлар.

Яна у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Жаброил мени қўшнига яхшилик қилишга кўп буюрганидан ҳатто қўшнига мерос ҳам ажратса керак, деб ўйлаб қолдим»[5].

Абу Шурайҳ айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, чин мўмин бўла олмайди!» деб уч марта такрорладилар. Саҳобалар: «Ким, эй Расулуллоҳ?» деб сўраганида, «Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган кимса», деб жавоб бердилар[6].

[1] Имом Аҳмад «Муснад»да (10/26-31) ривоят қилган. Аҳмад Шокир «санади саҳиҳ» деган.

[2] Бухорий (5638), Муслим (2556), Термизий (1909) ва бошқалар ривояти.

[3] Бухорий (1961) ва Муслим (2557) ривояти.

[4] Бухорий, 5672.

[5] Бухорий, 5669. Муслим, 2625.

[6] Муслим, 46.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг