Ҳаром амаллар: Бировларнинг уйига берухсат мўралаш

0

Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз”  (Нур, 27).

Рухсат сўрашдан мақсад уй эгаларининг авратларига кўз тушишини олдини олиш эканини баён қилиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кўз (тушмаслиги) учун рухсат сўраш жорий қилинган” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳозирда биноларнинг бир-бирига яқинлиги, уйлар бир-бирига уланиб кетгани, дераза ва эшикларнинг қарама-қарши жойлашгани бировларнинг уйларига кўз тушиб қолиш эҳтимолини кучайтирди. Кўпчилик бундай пайтларда кўзини олиб қочмайди. Баъзан тепа қаватда жойлашганлар дераза ва балконларидан пастдаги қўшниларининг уйларига қарашга ҳаракат қиладилар. Бу эса қўшничилик ҳаққига хиёнат ва унга беҳурматлик бўлиб, ҳаромга бошлайдиган бир восита ҳамдир. Шу каби ишлар кўп фитна ва нохуш ҳолатларга сабабчи бўлади. Бунинг оғир жиноят эканига шариатда бировнинг уйига ўғринча мўралаган кишининг кўзи кўр қилинишга буюрилгани етарли далил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким бирор қавмнинг уйига рухсатсиз мўраласа, улар унинг кўзини ўйиб олишлари ҳалол бўлади” (Имом Муслим ривояти, 3/1699).

Бошқа бир ривоятда: “Унинг кўзини ўйиб олсалар, ҳеч қандай тўлов ҳам, қасос ҳам йўқ”, дейилади  (Имом Аҳмад ривояти, 2/385. Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 6022).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг