Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Шукрнинг моҳияти

0

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шукр уч рукндан иборат:

1 – Аллоҳ берган неъматларни эътироф этиш;

2 – бу неъматларни У Зотга тоат-ибодат қилиш йўлида сарфлаш;

3 – Аллоҳнинг неъматига сабабчи бўлган бандага миннатдор бўлиш.

Шукр ҳақида сўз юритган олимлардан бирортаси мазкур учинчи рукнни зикр қилганини шу кунгача кўрмадим, валлоҳу аълам. Мени илҳомлантирган, менга фаҳм-фаросат ва илм берган Зотга ҳамдлар бўлсин[1].

Муҳаққиқ олим Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ мазкур уч рукнга қўшимча қилиб, бундай дейди: “Шукрнинг беш асоси бор:

1 – шукр қилувчи банда шукр қилаётган Зотга бўйсуниши;

2 – Уни яхши кўриши;

3 – неъматларини эътироф этиши;

4 – неъматлари учун Унга мақтов айтиши;

5 – бу неъматларни У ёмон кўрадиган жойларга сарфламаслиги.

Мазкур беш асос шукрнинг негизи саналиб, шукр уларнинг устида қад кўтаради. Қачон улардан бири бажарилмаса, шукр асосларидан бирини йўқотади.

Шукр ва унинг таърифи ҳақида сўз юритган барча олимнинг сўзлари юқорида айтилган асосларга бориб тақалади ва шуларнинг атрофида айланади[2].

Неъматни эътироф этиш, қадрига етиш, мудом уни эслаш ва бошқаларга ошкор қилишга келсак, Аллоҳ таоло бир қанча оятларда шунга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга ваъз-насиҳат этиб нозил қилган Китоб ва суннатни ёдингизда тутингиз!” (Бақара, 231);

Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни ва сизларни бутун оламга афзал қилган пайтимни эсланг” (Бақара, 122);

Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади” (Оли Имрон, 103);

Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз!” (Фотир, 3);

Раббингизнинг (сизга ато этган) неъмати ҳақида бўлса, (одамларга доимо) сўзланг!” (Зуҳо, 11).

“Мадориж ас-соликин” китобида бундай дейилган: «“Манозил” китоби муаллифи айтади: “Шукр деб неъматни эътироф этишга айтилади. Чунки у неъматни ато қилган Зотни эътироф этишга элтади. Шу сабабли Аллоҳ таоло Қуръонда Ислом ва иймонни шукр деб номлади”.

Ибн Қаййим айтади: “Неъматни эътироф этиш шукр асосларидан биридир. Бироқ олдин айтиб ўтганимиздек, шукр фақат эътирофдан иборат эмас. Неъматни эътироф этиш шукрнинг энг катта асоси, усиз шукр вужудга келиши имконсиз бўлгани учун шукрга неъматни эътироф этиш, неъматни эътироф этишга эса шукр деб таъриф берилди[3].

Қуйидаги ҳадиси шарифда неъматни эслаш, уни эътироф этиш нақадар буюк амал экани баён этилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Саййид ал-истиғфор (истиғфорнинг энг афзали) бундай дейишдир: “Аллоҳумма анта Роббий, лаа илааҳа иллаа анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу-у лака би неъматика алаййа ва абуу-у бизанбий фағфирлий зунубий, фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта, бироҳматика йа арҳамар роҳимийн”.

Ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай ўлса, у инсон жаннатидир. Савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай ўлса, у инсон ҳам жаннат аҳлидандир»[4].

Маъноси:

“Аллоҳим! Сен менинг Раббимсан. Сендан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, фақат Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Раббим, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Раббим! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ”.

Тибий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни изоҳлаб айтади: “Пайғамбаримиз дастлаб Аллоҳ унга неъматлар ато этганини эътироф қилдилар. Берган барча неъматини қамраб олиши учун муайян бир неъматни айтмадилар. Сўнг камчиликка йўл қўяётганлари, берган неъматларига муносиб шукр қила олмаётганларини эътироф қилдилар. Сўнг неъматларга шукр қилишда камчиликка йўл қўяётганларини билдириш ва нафсни синдириш мақсадида муболаға тарзда камчиликларини гуноҳ деб санадилар[5].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз кетидан Аллоҳ ато қилган неъматларни қайта-қайта эътироф этиб бундай дердилар: “Бор неъмат ва фазлу-марҳамат Унинг ҳузуридан, Унга гўзал мақтовлар бўлсин[6].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ берган неъматларни ўзгаларга айтишга тарғиб этиб бундай деганлар: “Кимга неъмат ато этилса ва уни одамлар орасида ёд этса, неъматга шукр қилибди. Ким уни яширса, нонкўрлик қилибди[7].

 

[1] Қуртубий. “Китоб ал-асно” қўлёзмаси, 343-бет.
[2] Ибн Қаййим. “Мадориж ас-соликин”, 2\343. “Дору ал-кутуб ал-арабий” нашриёти. Ливан, Байрут. Иккинчи босма, 1973 йил.
[3] Собиқ манба, 2\247.
[4] Бухорий, 6306.
[5] Ибн Ҳажар. “Фатҳ ал-Борий”, 11\100. “Ал-мактаба ас-салафийя” нашриёти. Биринчи нашр.
[6] Муслим, 139.
[7] Абу Довуд, 4813. Ибн Ҳиббон, 3415.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг