Мусайлима каззоб Холид ибн Валид разияллоҳу анҳунинг қўшин тортиб келаётганини эшитгач, Ямома яқинидаги Ақрабо деган жойда лашкаргоҳ қурди, одамларни сафарбар этди, уларни Холидга қарши жангга чорлади. Ямомаликлар урушга шай бўлиб туришди. Мусайлима қўшиннинг бир қанотига Муҳкам ибн Туфайлни, иккинчи қанотига Ражжол ибн Унфувани бош қилди.
Икрима ва Шураҳбил бошчилигидаги икки қўшин Холид лашкарига келиб қўшилди, сўнг бирлашган қўшин йўлда давом этди. Холид лашкарнинг олд қисмига Шураҳбил ибн Ҳасанани, икки қанотга Зайд ибн Хаттоб билан Абу Ҳузайфа ибн Утба ибн Рабиани қўйди[1].
Холид қўшинининг олдинги қисми Мужжоа ибн Мурора Ҳанафий бошчилигидаги қирқ (бир ривоятда олтмиш) чоғли отлиқ аскарлар гуруҳига дуч келди. Улар Бани Тамим ёки Бани Омирдан қасос олиш учун чиққан эдилар. Уйларига қайтаётган пайтларида мусулмонлар уларни асир олиб, Холид ҳузурига келтирдилар. Холид улардан: “Бани Ҳанифа ҳақида нима дейсизлар?” деб сўради. “Биздан бир пайғамбар, сизлардан бир пайғамбар чиқди, деб айтамиз”, дейишди. Шундан сўнг Холид уларни қатл эттирди[2]. Бир ривоятда айтилишича, Холид улардан: “Бизни қачон сезиб қолдинглар?” деб сўради. “Биз сизларни сезмадик. Биз Бани Омир ва Тамимдан ўч олгани чиққан эдик”, дейишди. Холид уларга ишонмади, уларни Мусайлиманинг жосуслари деб гумон қилиб, барчасини ўлимга буюрди. Улар унга: “Эртага ямомаликларга яхшилик истасанг ҳам, ёмонлик истасанг ҳам шу одамни – Мужжоани тирик қолдир”, дедилар. У Мужжоани қолдириб, бошқаларини қатл эттирди[3].
Мужжоа ибн Мурора Бани Ҳанифанинг бошлиқларидан эди. Холид йўлда дам олишга тушган пайтида уни ҳузурига чорлаб, бирга овқатланиб, гаплашиб ўтирар эди. Бир куни ундан: “Менга соҳибингиз – Мусайлима – ҳақида гапириб бер, у сизларга нималарни ўқиб беради, унинг гапларидан бирон нарсани ёдлаб олганмисан?” деб сўради. У: “Ҳа”, деди ва Мусайлиманинг қофияли сўзларидан ўқиб берди. Холид ўрнидан туриб, кафтларини бир-бирига уриб: “Эй мусулмонлар, Аллоҳнинг душмани Қуръонга нимани қарши қўяётганини эшитинглар!” деди. Сўнг Мужжоага: “Шўринг қурғур, Мужжоа, мен сени ақлли, обрўли одам деб биламан. Аллоҳнинг китобини бир эшит, сўнг Аллоҳнинг душмани унга нима билан қарши чиқаётганини бир солиштириб кўр”, деди. Сўнг “Саббиҳисма роббикал аъло” сурасини ўқиб берди. Мужжоа деди: “Баҳрайнлик бир киши Мусайлимага котиблик қилар эди. Мусайлима уни ўзига жуда яқин олар, ундан кўра яқинроқ одами йўқ, деб билардик. Ўша котиб бизга: “Ҳолингизга вой бўлсин, эй ямомаликлар, қасамки, бу соҳибларингиз каззоб одам. Мени унга туҳмат қилади, деб ўйламасангизлар керак, зеро, унинг олдидаги обрў-эътиборимни яхши биласизлар. Аллоҳга қасамки, у сизларга ёлғон айтади ва сизлардан ноҳақ байъат олган”, дер эди”.
“Хўш, кейин нима қилди ўша баҳрайнлик?” деб сўради Холид.
“Мусайлима унинг ўзи ҳақида шундай гапларни айтиб юрганини эшитиб қолганидан сўнг қўрқиб, Баҳрайнга қочиб кетди”, деди.
Холид: “Ўша ифлоснинг ёлғонларидан яна айтиб бер-чи”, деди.
Мужжоа Мусайлиманинг қофияли гапларидан яна бир нечасини айтиб берди. “Шу гапларни рост деб, ишониб юрасизларда-а?” деди Холид.
“Агар рост деб билмаганимизда, эртага сенга қарши ўн мингта қилич жангга чиқмас эди”, деб жавоб берди Мужжоа. “Ундай бўлса, биз учун Аллоҳ сизларга қарши кифоя қилади ва Ўз динини албатта ғолиб қилади. Чунки улар Аллоҳга қарши урушмоқчи ва Унинг динини йиқитмоқчи бўлишяпти”, деди Холид[4].
Бу жавоб Холиднинг нақадар улкан иймон эгаси эканини ва Аллоҳнинг мўминларга берадиган ғалабасига ишончи нақадар мустаҳкамлигини кўрсатади. Унинг қалби иймонга лиммо-лим эди, азизликни ёлғиз Аллоҳдан истар эди. Шунинг ўзи душманининг ҳайбати унинг қалбидан тушишига ва аксинча, душманларида унга нисбатан маҳобат ва қўрқув пайдо бўлишига кафил бўлди.
[1] Шавқий Абу Халил. “Ҳуруб ар-ридда”, 80-бет.
[2] «Ал-бидоя ва ан-ниҳоя”, 6/328.
[3] “Тарих ат-Табарий”, 4/106.
[4] “Ҳуруб ар-ридда”, 82-бет.