Дард ва даво (30): Умид ва шунчаки орзу-ҳавас ўртасидаги фарқ

0

Бўлим

Шуни яхши билиб олишимиз лозимки, ким бир нарсани чинакам умид қилса, бу дегани, албатта, унда қуйидаги нарсалар бўлиши керак:

Биринчиси, умид қилаётган нарсасини яхши кўриши;

Иккинчиси, унга етишолмай қолишдан қўрқиши;

Учинчиси, унга эришиш йўлида бор кучини ишга солиб ҳаракат қилиши.

Умид қилган кимсада мазкур нарсалардан биронтаси топилмаса, у умид эмас, шунчаки орзу-ҳавас бўлади. Умид бошқа нарса, орзу-ҳавас бошқа нарса. Зеро, бир нарсадан умидвор бўлган инсон умидига етишолмасликдан ҳамиша қўрқиб яшайди. Маълумки, йўлда кетаётган инсон кўзлаган манзилига етолмаслигидан қўрқса, тезроқ юра бошлайди.

Имом Термизий “Ал-жомеъ” (Сунан) китобида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Ким (кечаси йўлда бирон хавф-хатарга дуч келишдан) қўрқса, эртароқ йўлга чиқади. Ким эртароқ йўлга чиқса, кўзлаган манзилига (эсон-омон) етади. Билиб қўйинглар, Аллоҳ ваъда қилган нарса бебаҳодир. Аллоҳ ваъда қилган нарса жаннатдир[1].

 Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳақиқий умид солиҳ амал қилувчи бандаларида бўлиши ҳақида хабар берганидек, чинакам Аллоҳдан қўрқиш ҳам солиҳ амал қилувчи бандаларида бўлиши ҳақида хабар берган. Бундан маълум бўладики, бандага фойдаси тегадиган умид ва қўрқув солиҳ амал қилиш билан бирга бўлар экан. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Парвардигорларидан қўрқиб хавфда турувчи кишилар, Парвардигорларининг оятларига иймон келтирадиган кишилар, Парвардигорларига ширк келтирмайдиган кишилар, (камбағал-бечораларга) берган садақаларини (қиёмат кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган холда берадиган кишилар – ана ўшаларгина (барчадан) ўзувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар” [Мўминун, 57-61].

Имом Термизий “Ал-жомеъ” (Сунан) китобида Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Мен ушбу оят ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб дедим: “Оятда ароқ ичадиган, зино қиладиган, ўғирлик қиладиган одамлар ҳақида айтилмоқдами?”. У зот: “Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи. Рўза тутадиган, намоз ўқийдиган, садақа ва закот берадиган, шунга қарамай амаллари қабул қилинмаслигидан қўрқадиган одамлар ҳақида айтилмоқда. Ана ўшалар яхши амаллар қилишга шошадилар”, деб жавоб бердилар»[2]. Мазкур ҳадис Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло охиратда бахт-саодатга эришадиган бандаларни яхши амал қилиш билан бирга доимо Аллоҳнинг қаҳридан қўрқиш билан, охиратда бахти қаро бўладиган бандаларни эса ёмон амал қилатуриб, Аллоҳнинг қаҳридан қўрқмаслик билан таърифлаган.

 

[1] Термизий (1450), Бухорий (“Ат-тарих”, 2\111), Абд ибн Ҳумайд (1460), Ҳоким (4\343) ва бошқалар ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳоким, Заҳабий ва Албоний саҳиҳ деган.
[2] Термизий (3175), Ибн Можа (4198), Аҳмад (252663), Ҳоким (2\427) ва бошқалар ривоят қилишган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг