Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мусайлимага қарши урушга сўнгги ҳозирликлар

0

Уруш олдидан душман руҳиятига таъсир кўрсатиши

Холид ибн Валид уруш олдидан душманга руҳий зарба беришни мақсад қилди. Ямомаликлар саййиди Муҳкам ибн Туфайлни ўз томонига оғдириш мақсадида унинг олдига эски дўсти Зиёд ибн Лабидни юборди ва Зиёдга Муҳкам билан учрашганида уни руҳий жиҳатдан синдириш топшириғини берди. Зиёд Муҳкам билан кўришганда унга қуйидаги мазмунда шеър ўқиди: «Агар отлиқлар қуюндек бостириб келса, ямомаликлар ҳолига вой бўлади. Қасам ичиб айтаманки, у ҳолда сизлар Од ва Самуд аҳлидек қирилиб битасиз».

Холид одамларга ўзининг мусулмонлигини билдирмай келган, кучли ақида ва мустаҳкам иймон соҳиби Умайр ибн Солиҳ Яшкурийни ўз қавмига йўллади. У уларга бориб, шундай деди: «Холид муҳожир ва ансорларга бош бўлиб устингизга бостириб келмоқда. Мен уларнинг шундай жамоат эканини кўрдимки, ҳар қанча матонат билан уларга бас келаман десангиз ҳам бунга асло кучингиз етмайди. Агар сонингиз кўплиги билан ғолиб бўламан десангиз, улар илоҳий мадад билан зафар қозонади. Сизлар уларга тенг келолмайсиз. Шак-шубҳасиз, Ислом келади, ширк чекинади. Уларнинг соҳиби ҳақ пайғамбар, сизларнинг соҳибингиз эса ёлғончи. Уларда сурур (руҳий тетиклик) бор, сизларда ғурур (алданиш). Ҳозирча қилич қинида, ўқ ёйдан чиқмади, кўзингизни очинг, ҳали фурсат бор»[1].

Холид Сумома ибн Усолни ҳам айни вазифа билан ўз қавмига юборди. У бориб, қавмини таслим бўлишга чорлади, уларнинг урушишга бўлган қасду қарорларини сусайтиришга эришди. Уларга шундай деди: «Бир иш устида икки набий жамланмайди, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ пайғамбар, ундан кейин ҳам, у билан бирга ҳам бошқа пайғамбар бўлмайди. Абу Бакр сизларга на ўз исми билан, на отасининг исми билан чақириладиган, балки «Аллоҳнинг қиличи» деб мурожаат этиладиган бир кишини юборди. У билан сон-саноқсиз қиличлар келди. Вақт борида ўйлаб кўринглар»[2].

Холид бутун эътиборини пухта жанголди режалар тузишга қаратди. У душманнинг нечоғли куч-қудратга эга эканини яхши тушунарди. Душман ғафлатда қолдириб, тўсатдан бостириб келиб қолмаслиги учун бутун қўшинни ғоят огоҳ ва ҳушёр ҳолда тутди. Унинг ўзи ҳам ётганида ҳам, турганида ҳам доимо жанговор ҳозирлик ҳолатида эди, мудом душмандан кўз-қулоқ бўлиб турарди.

Холид ибн Валид Мусайлимага қарши бўлажак Ақрабо жангидан олдин Мукниф ибн Зайд ва иниси Ҳурайсни жанг учун керакли маълумотлар йиғиш учун йўллади.

Ушбу жангда Абдуллоҳ ибн Ҳафс ибн Ғоним қўшин байроқдори этиб тайинланди, сўнг байроқдорлик Абу Ҳузайфанинг мавлоси (озод этган қули) Солим қўлига ўтди[3].

Маълумки, урушда байроқдорлик ўта муҳим вазифа саналади. Арабларда «Одамларни байроқлар тутиб туради» деган машҳур гап бор. Агар байроқ йиқилса, аскар ҳам мағлуб бўлади.

Ушбу жангда Холид разияллоҳу анҳу Шураҳбил ибн Ҳасанани қўшиннинг авангард қисмига бош қилиб, олдинга ўтказди. Қўшинни беш қисмга тақсимлаб, олдинги қисмга Холид Махзумийни, ўнг қанотга Абу Ҳузайфани, чап қанотга Шужоъни, марказга Зайд ибн Хаттобни қўйди. Усома ибн Зайдни отлиқ аскарларга бош қилди. Қўшиннинг кўч-кўронларини ва хотин-халажни орқага жойлаштирди. Жангдан олдинги энг сўнгги тартиб шу кўринишда бўлди.

[1] Аҳмад Навфал. “Ал-ҳарб ан-нафсийя”, 144-145 бетлар.
[2] Аввалги манба.
[3] Утум. “Ҳаракат ар-ридда”, 199-200 бетлар.

Изоҳ қолдиринг