Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (1)

0

Аммо ким гуноҳлардан холис тавба этиб, чин иймон келтирган ҳолда солиҳ амаллар қилса, Аллоҳ уларнинг ёмонликларини яхшиликка, гуноҳларини савобларга айлантириб қўяди. Аллоҳ тавба қилган кишининг гуноҳини кечирувчи, бандаларига раҳмли Зотдир. Ким ўзи қилган гуноҳлардан тавба этиб, солиҳ амаллар қилса, бу билан Аллоҳга чинакам тавба қилган бўлади” (Фурқон, 70-71).

Аллоҳ суйган бандалар инсоний заифлик билан бирон гуноҳ қилиб қўйсалар, дарҳол гуноҳдан тийиладилар, афсус-надомат чекиб, тавбага шошиладилар. Гуноҳ қилмай туриб ҳам, амалларидаги камчиликларни эътироф этган ҳолда Раббиларига тавба этадилар, даргоҳига бош уриб қуллик қиладилар. Улар кўп тавба қилувчидирлар: ё қилган гуноҳлари учун, ё амалларидаги нуқсон-камчиликлар учун, ё комилликка етиша олмаганлари, ё бўлмаса неъматларнинг шукрини адо қила олмаганлари учун.

Аллоҳ таоло бизни Ўзига тавба қилишга амр этган: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга холис ва чинакам тавба қилинглар!” (Таҳрим, 8).

Раббимиз Аллоҳ таоло тавба нажот йўли эканини бизларга баён қилиб, яна бундай деган: “Эй мўминлар, дунё ва охират яхшилигига эришиб нажот топишингиз учун барчангиз Аллоҳга тавба қилинглар!” (Нур, 31).

Тавба қилиш фақат гуноҳкор-жиноятчиларга хос эмас, балки дунё ва охиратда нажот топиб, бахтли бўлишни истаган барча тавбага шошилиши керак.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: «Аллоҳга қасам, мен бир кунда Аллоҳ таолога етмиш мартадан кўп тавба қилиб истиғфор айтаман»” (Бухорий ривояти. “Фатҳ ал-Борий”, 11/101).

Ағар ибн Ясор Музаний разияллоҳу анҳу ривоят этишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилиб, гуноҳингизни кечиришини сўранглар. Мен ҳам бир кунда юз бор тавба қиламан” (Муслим ривояти. Нававий шарҳи, 17/24).

Маъсум бўлган – ўтган ва келгуси гуноҳлари кечирилган Расулуллоҳ бир кунда Парвардигорларига юз маротаба тавба қилганлар!

Ҳадисдаги саноқ (“юз маротаба”) тавба ададини чегаралаш маъносида эмас, балки тавба ва истиғфор нақадар кўп айтилса, шунча яхши эканини билдириш учундир.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг