Убудият рисоласи (6): Банда сўзининг маъноси

0

“Банда” сўзи умумий ва хос маънода келади. Банда сўзининг умумий маъносига кўра, барча махлуқот Аллоҳнинг бандаси-қули дейилади. Чунки барча махлуқот Аллоҳ таолонинг борлиқдаги бошқарувига, хоҳиш-иродасига бўйсунган, Аллоҳнинг борлиқдаги тасарруфидан чиқиб кета олмайди. Бу жиҳатдан барча махлуқот Аллоҳнинг қули, Аллоҳнинг бандасидир[1].

Аллоҳ таоло ҳамма инсонларнинг: мўминлар, кофирлар, яхшилар, ёмонлар, жаннат эгаларию жаҳаннам эгаларининг, хуллас барча махлуқотнинг Рабби, Эгасидир. Бирор бир мавжудот Аллоҳнинг хоҳиш-иродасидан, тақдиридан чиқиб кета олмайди. Гарчи махлуқотлар хоҳламаган бўлсалар ҳам Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади.

Аллоҳ таоло айтди:

Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир, осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни, Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!

Аллоҳ таоло барча оламларнинг Рабби, яратувчиси, ризқ берувчисидир. У бандаларини ўлдиради, тирилтиради, уларнинг қалбларига эгалик қилади. Бандалар эътироф этсалар ҳам ёки инкор этиб билмасликка олсалар ҳам, Аллоҳдан ўзга бошқарувчи, яратувчи, эгалик қилувчи зот йўқдир. Мўминлар буларнинг ҳаммасини билиб эътироф этадилар, кофирлар эса билмайдилар ёки билсалар ҳам бўйсунишдан бош тортиб инкор қиладилар.

[1] “Банда” сўзининг биринчи умумий маъносини муаллиф раҳимаҳуллоҳ бу ерда баён қилдилар.

Бу сўзнинг иккинчи хос маъноси юқорида зикр қилинган оятларда келди. Унга кўра, хос маънодаги банда сўзидан ўз ихтиёри билан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, Аллоҳга бирон нарса ёки кимсани шерик қилмайдиган, Аллоҳнинг шаръий буйруқларига итоат қиладиган мўминлар назарда тутилади.

Изоҳ қолдиринг