Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (3)

0

Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Зинодан ҳомила орттирган Жуҳайна қабиласилик бир аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси, мен ҳад (шаръий жазо) қўлланиладиган иш қилиб қўйдим. Мени жазоланг», деди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг валийсини чақириб: «Бунга яхшилик қилиб, ҳолидан хабар олиб тур. Ҳомиласини туққач, ҳузуримга олиб кел», дедилар. Аёлнинг валийси шундай қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлнинг (аврати очилиб кетмаслиги учун) кийимларини маҳкам боғлашга ва тошбўрон қилиб ўлдиришга буюрдилар. Сўнг ўзлари аёлга жаноза ўқидилар. Умар разияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, сиз унга жаноза ўқийсизми, ахир у зино қилган-ку?» деган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу аёл Мадина аҳлидан етмиш кишига тақсимланса етадиган даражада тавба қилди. Аллоҳ азза ва жалла учун ўз жонини қурбон қилган бундан кўра афзалроқ бирор кишини биласанми?!» дедилар” (Муслим ривояти. Нававий шарҳи, 11/204).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Агар одам боласи бир водий олтинга эга бўлса, икки водий олтинга эга бўлишни хоҳлайверади. Унинг оғзини тупроқ тўлдиради (яъни, ўлгунича мол-дунёдан тўймаган одамнинг оғзини вафот этгач қабр тупроғи тўлдиради). Ким Аллоҳга тавба қилиб, тоат-ибодатга қайтса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади” (Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 11/253), Муслим (Нававий шарҳи, 7/139) ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло икки киши ҳолидан кулади. Улардан бири иккинчисини ўлдирган бўлса ҳам, ҳар иккиси жаннатга киради. Бири Аллоҳ йўлидаги жангда қатл қилинади. Кейин қотилнинг тавбасини Аллоҳ қабул этиб Исломга ҳидоят қилади ва у ҳам (Аллоҳ йўлида жанг қилиб) шаҳид бўлади” (Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/38), Муслим (Нававий шарҳи, 13/36) ривояти).

Сафвон ибн Ассол разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кунботар тарафда эни қирқ (ёки: етмиш) йил масофачалик бўлган бир эшик бор. Аллоҳ азза ва жалла осмонлару ерни яратган кун бу эшикни тавба учун очиб қўйган, уни то қуёш кунботар тарафидан чиқмагунига қадар беркитмайди” (Термизий ривоят қилиб, ҳасан саҳиҳ деган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Жаннатнинг саккиз эшиги бор: ундан еттитаси ёпиқ ва биттаси қуёш то кунботар томондан чиқмагунича тавба учун очиқдир” (Абу Яъло ва Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилишича, у зот дедилар: “Хато қилсангиз ва гарчи хатоларингиз осмонга етган бўлса ҳам тавба қилсангиз, Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилади” (Ибн Можа ривояти, 2/1419. Ҳайсамий “Завоид”да санадини ҳасан деган).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг