Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мусайлима каззобнинг ўлдирилиши

0

Ҳал қилувчи жанг

Икки қўшин бир-бирига юзланар экан, ҳал қилувчи жанг бошланиши олдидан Мусайлима тобеларига ва қавмига хитоб қилиб шундай деди: “Бугун ғайрат-ҳамиятингизни кўрсатадиган кун! Агар енгиладиган бўлсангиз, хотинларингиз асир олиниб, номуслари поймол этилади, душман қўлида чўри бўлишга маҳкум бўлади. Ўз иззат-шарафингиз йўлида, хотинларингизни ҳимоя қилиб урушинглар!”[1]

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу мусулмон қўшинини Ямомадаги бир тепаликка жойлаштирди ва лашкаргоҳини ўша ерга қурди.

Кейин шиддатли уруш бошланди. Мусулмонлар ва кофирлар бир-бири билан аёвсиз жангга кирди. Аввалда Бани Ҳанифанинг қўли баланд кела бошлади ва мусулмонлар ортга чекинишга мажбур бўлдилар. Ҳатто Мусайлиманинг одамлари Холид ибн Валиднинг чодирига етиб келиб, унинг хотини Умму Тамимни ўлдиришга чоғланганларида ўша ерда асирликда бўлган Мужжоа уларни тўхтатиб қолди ва хотинни ўз ҳимоясига олганини эълон қилди. Бани Ҳанифа аскарлари мисли кўрилмаган даражада қаттиқ урушди. Лаънати Ражжол ибн Унфува шу жангда ўлдирилди, уни Зайд ибн Хаттоб ўлдирди.

Сўнг саҳобалар ўзларига келиб олдилар ва бир-бирларини жангга ва фидокорликка тарғиб қилдилар. Улар бир-бирларини матонатга чорлашар ва: «Эй Бақара сураси эгалари, бугун Мусайлиманинг сеҳри бекор бўлди», деб айтар эдилар.

Ансорларнинг байроқдори Собит ибн Қайс ўзига хушбўйлик суртиб, кафан кийиб, икки оёғи остига чуқур қазиб, оёқларини ярим болдиригача кўмди, сўнг шу ҳолда сабот билан туриб, шаҳид бўлди.

Муҳожирлар Абу Ҳузайфанинг мавлоси  Солимга: “Қўрқмасанг, сен байроқни қўлга ол», деган эдилар, у: “Агар қўрқсам, нақадар ёмон ҳофизи Қуръон эканман», деди.

Зайд ибн Хаттоб мусулмон аскарларга шундай хитоб қилди: “Эй одамлар, тишни тишга босинг, душманни уринг, олға интилинг! Аллоҳга қасамки, мен энди то Аллоҳ душманни мағлуб этмагунича ёки қатл этилиб, Аллоҳга ҳужжатим билан йўлиқмагунимча гапирмайман». Сўнг матонат билан урушиб, шаҳидликка эришди.

Абу Ҳузайфа: “Эй қорилар, Қуръонингизни амал билан зийнатланглар!” деб хитоб қила бошлади. Сўнг душманга шердек ташланиб, уларни орқага улоқтириб ташлади, ўзи ҳам шу аснода шаҳид бўлди.

Холид ибн Валид Мусайлима қўшини устига қайтадан ҳамла уюштирди, уларнинг сафларини тирқиратиб ташлади, ўзи Мусайлимани ўлдириш учун қидира бошлади.

Сўнг у икки қўшин сафлари ўртасига келиб, яккама-якка олишувга талабгор чорлади. Олишувга чиққан кимса борки, ҳаммасини ўлдирди. Саҳобалар бу урушда мисли кўрилмаган сабру матонат намуналарини кўрсатдилар. Ўша куни мусулмонларнинг талотўпда бир-бирларини таниб олиш учун қўллайдиган сирли сўзлари (пароллари) “Эй Муҳаммад” эди. Улар душманни тобора кўпроқ сиқувга олдилар. Пировардида Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалаба ато этди. Кофирлар ортларига қочдилар. Мусулмонлар уларни таъқиб қилиб, биттама-битта ўлдириб боравердилар. Мусайлима каззоб Муҳкам ибн Туфайлнинг маслаҳатига кўра тобелари билан қочиб бориб, бир хурмозор боққа кириб яширинди, у боғни кейинчалик “ўлим боғи” деб аталди. Муҳкам ибн Туфайл одамларга гапириб турган жойида Абдураҳмон ибн Абу Бакр уни камон ўқи билан ерга қулатди. Бани Ҳанифанинг қолган-қутган қўшини боққа кириб, дарвозани маҳкам танбалаб олди. Саҳобалар боғ атрофини ўраб олдилар[2].

Беназир қаҳрамонлик намуналари

Баро ибн Моликнинг жасорати

Мусулмонлар боғ дарвозасини очишга уриниб, уддасидан чиқолмай турганларида Баро ибн Молик уларга: “Мени боғ ичига отинглар”, деди. Уни қалқонга солиб, қалқонни найзалар билан кўтариб, зарб билан боққа отдилар. У боққа тушгач, дарвозани қўриқлаб турган бир неча аскар билан олишиб, охири дарвозани очиб юборишга муваффақ бўлди. Мусулмонлар боққа ёпирилиб кириб, бошқа дарвозаларни ҳам очдилар ва муртадларга шиддатли ҳужум бошладилар. Муртадлар қочгани жой тополмай қолдилар ва ишлари ҳал бўлганини, ҳақ келиб, ботил кетганини тушундилар[3].

Мусайлима каззобнинг ўлдирилиши

 Мусулмонлар лаънати Мусайлима сари яқинлашиб бордилар. У деворнинг нураган жойига бориб олган, унга тирмашишга уринар, ғазабдан эсини йўқотган эди. Шайтони келган пайтда тушадиган ҳолатга тушган, оғзидан кўпик чиқаётган эди. Жубайр ибн Мутъимнинг мавлоси ва Ҳамза разияллоҳу анҳунинг қотили бўлмиш Ваҳший олдинроққа ўтиб, унга зарб билан найза улоқтирди. Найза Мусайлиманинг баданини тешиб чиқди. Сўнг унинг ёнига етиб келган Абу Дужона Симок ибн Хараша қилич зарбаси билан уни ерга қулатди. Яқиндаги қаср ичидан бир хотиннинг: “Воҳ, порлоқ юзли амирим! Уни бир қора қул ўлдирди”, деган қичқириғи атрофни тутди.

Ушбу урушда жами ўн мингга яқин одам ўлди, бир ривоятда йигирма бир минг деб айтилади. Мусулмонлардан олти юз ё беш юз киши шаҳид бўлди, валлоҳу аълам. Шаҳид бўлганлар орасида улуғ саҳобалар ва таниқли шахслар ҳам бор эди.

Холид кишанланган Мужжоа ибн Мурорани эргаштириб боғ ичида айланиб юриб, унга Мусайлиманинг жасадини кўрсатишини сўради. Ражжол ибн Унфуванинг жасади ёнидан ўтаётганларида: “Шуми Мусайлима?” деб сўради. “Йўқ, қасамки, бу ундан яхшироқ эди, бу Ражжол ибн Унфува”, деди. Сўнг Мужжоа сап-сариқ шайтонсифат бир жасад устида тўхтаб: “Сен излаётган кимсанинг жасади шу”, деди. “Аллоҳ сизларни хор этсин, шу кимсага эргашиб юрармидингиз?!” деди Холид.

Сўнг Холид ибн Валид атрофдаги қалъа ва қўрғонлардан мол-ҳол ва асирларни йиғиб келиш учун Ямома атрофига отлиқлар юборди[4].

 

[1] «Ал-бидоя ва ан-ниҳоя”, 6/328.
[2] “Ал-бидоя ва ан-ниҳоя”, 6/329.
[3] Шавқий Абу Халил. “Ҳуруб ар-ридда”, 92-бет.
[4] “Ал-бидоя ва ан-ниҳоя”, 6/330.

Изоҳ қолдиринг