Ҳаром амаллар: Кийимни тўпиқдан тушириб кийиш

0

Айрим ишлар одамлар назарида арзимас ҳисобланса-да, Аллоҳнинг наздида оғир гуноҳ саналади. Шулардан бири кийимни тўпиқдан пастгача тушириб кийишдир. Баъзилар кийимни ерга теккизиб юрсалар, айримлар ҳатто орқасида судраб юради.

 Абу Зар разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Уч тоифа одамлар бор, Аллоҳ қиёмат кунида уларга гапирмайди, уларга қарамайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бўлади. Улар кийимини узун қилиб ерга судраб юрувчи, миннатчи ва ёлғон қасам билан молини ўтказувчи кимсалар” (Муслим ривояти, 1/102).

“Мен кийимимни узун кийишим сабаби кибр эмас”, дегувчи одам ўзини ноўрин оқлаган бўлади. Чунки кибрни қасд қилиш-қилмасликдан қатъи назар, ҳадисдаги таҳдид умумийдир. Бунга ушбу ҳадис ҳам далолат қилади: “Изор (ёхуд кўйлак, шим, тўн)нинг тўпиқдан пасти дўзахдадир” (Аҳмад ривояти; Албоний, «Саҳиҳ ал-жомеъ», 5571).

Албата, инсон кибрланиб кийимини тўпиғидан пастга тушириб кийса, у ҳолда азоби янада оғирроқ бўлади: “Ким кибрланиб кийимини (узун кийганидан ерга) судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга қарамайди” (Бухорий ривояти, 3465).

Чунки у мазкур ҳолатда икки ҳаром ишни – кибрланиш ва кийимни тўпиқдан паст қилиб кийиш ишини қилган бўлади. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳар қандай кийимни тўпиқдан тушириб кийиш гуноҳ эканига далолат қилади: “Исбол (яъни кийимни тўпиқдан тушириб ёки уни ерга теккизиб кийиш) шим, кўйлак ва саллада бўлади. Ким шулардан бирини кибрланган ҳолда ерга теккизиб кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга қарамайди” (Абу Довуд ривояти, 4/353; Албоний, «Саҳиҳ ал-жомеъ», 2770).

Аёл кишига шамол ёки бошқа бирор сабаб бўлиб танасининг бирон жойи очилиб қолмаслиги учун эҳтиёт юзасидан кийимини бир ёки икки қарич ерга теккизиб юришига рухсат этилган. Албатта, аёллар бу борада ҳаддан ошмасликлари лозим. Шунга кўра, келинлар киядиган айрим куйлаклардаги каби этаги бир ёки бир неча метр ерга судралиб юриши, ҳатто кимдир уни орқадан кўтариб юриш даражасига етиши, шубҳасиз, ҳаддан ошишдир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг