Ражо ибн Ҳайва (2)

0

Ражо ибн Ҳайва билан Сулаймон ибн Абдулмалик ўртасида жуда кўп воқеа ва ҳодисалар юз берган. Буларнинг ичида энг муҳими, Ислом ва мусулмонлар учун энг фойдали воқеа Сулаймон ибн Абдулмаликдан кейинги халифанинг тайинланишида тутган ўрни, Умар ибн Абдулазизга байъат қилинишига қўшган ҳиссасидир. Бу ҳақда Ражо ибн Ҳайванинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Ҳижрий тўқсон тўққизинчи йил сафар ойининг биринчи жума кунида мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмалик билан “Добиқ” (Суриянинг Ҳалаб шаҳрига яқин қишлоқда) эдик. Сулаймон ибн Абдулмалик иниси Маслама ибн Абдулмалик қўмондонлигида ўғли Довуд ва аҳли байтидан бир қанча кишилар ҳам бўлган катта бир қўшинни “Қустантиния”га юборган эди. Сулаймон ибн Абдулмалик “Қустантиния” фатҳ қилинмагунча ёки вафот этмагунча “Добиқ” ерларини тарк этмасликка қасам ичган эди. Жума намози вақти яқинлашганида халифа мукаммал тарзда таҳорат қилди, сўнг эгнига яшил тўн кийди, бошига яшил салла ўради. Ўзидан фахрланган, қирчиллама йигитлигидан мағрур ҳолда кўзгуга боқди. Ўша кезда у қарийб қирқ ёшда эди. Сўнг одамларга жума намозини ўқиб бериш учун масжидга чиқди. Масжиддан иситмаси кўтарилган ҳолда қайтди. Кундан кунга касали зўрая бошлади. Халифа мендан узоққа кетмаслигимни, унга яқинроқ бўлиб туришимни сўради. Бир сафар ҳузурига кирсам ниманидир ёзаётган экан. Мен: “Эй мўминлар амири, нимани китобат қилмоқдасиз?” деб сўрадим. У: “Ўзимдан сўнг ўғлим Айюбни халифа этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни ёзмоқдаман”, деди. Мен: “Халифани қабрда азобдан сақлайдиган ва Парвардигори ҳузуридаги жавобгарлигидан озод этадиган ишлардан бири ўзидан кейин одамларга солиҳ бир халифа қолдиришидир. Ўғлингиз Айюб ҳануз балоғатга етмаган ёш бола, у солиҳлардан бўладими-йўқми сизга номаълум», дедим. Халифа бу фикридан қайтди ва: “Бу шунчаки китобат қилганим бир мактуб эди… Мен бу хусусда Аллоҳга истихора қилмоқчи эдим, ҳануз қарор қилганимча йўқ”, деди. Сўнг мактубни йиртиб ташлади. Орадан бир-икки кун ўтгач мени ҳузурига чақириб: “Эй Абу Миқдом, ўғлим Довудга нима дейсиз?” деб сўраб қолди. Мен: “Довуд шу кунларда мусулмон лашкари билан Қустантинияда. Унинг тирик, ё ўликлиги сизга номалум бўлса…», дедим. Халифа: “Унда кимни дейсиз, эй Ражо?” деди. Мен: “Сиз кимни десангиз, шу, эй мўминлар амири…», дедим. Мақсадим халифа таклиф этган кишиларнинг ҳар бирини бирма-бир йўққа чиқариб, гапни Умар ибн Абдулазизга олиб бориш эди. Ва ниҳоят халифа: “Умар ибн Абдулазизга нима дейсиз?” деди. Мен: “Уни фозил, дину диёнатли… комил инсон деб биламан”, дедим. Халифа: “Тўғри айтасиз, ҳақиқатда у шундай одам… Лекин мен уни халифа қилиб қолдириб, Абдулмалик болаларини четда қолдирсам фитна бўлишидан қўрқаман. Улар асло ўзларига унинг бош бўлишига рози бўлмайдилар… Мен: “Ундай бўлса Абдулмалик фарзандларидан бирини валиаҳд қилиб тайинлаш керак», дедим. Халифа: “Тўғри айтасиз, уларни тинчлантирадиган, Умар ибн Абдулазиз халифа бўлишига уларни рози этадиган иш мана шудир…», деди. Сўнг қоғоз қалам олиб ёза бошлади: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳнинг бандаси ва мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмаликдан Умар ибн Абдулазиз учун фармон мактубидир. Мен уни ўзимдан кейин халифа этиб тайинладим, ундан кейин эса Язид ибн Абдулмаликни халифа этдим. Унга қулоқ солинглар ва итоат этинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, парчаланиб кетишингизни умид қилиб турганлар умидвор бўлиб қолмаслиги учун асло ихтилоф қилманглар». Шундан сўнг мактубга муҳр босиб, менга узатди. Сўнг миршаблар бошлиғи Каъб ибн Ҳомизга одам жўнатиб, унга қуйидагиларни амр этди: «Аҳли байтимга айт, бир жойга йиғилсинлар. Уларга айт, Ражо ибн Ҳайванинг қўлидаги мактуб менинг фармонимдир. Фармонда ёзилган кишига барчалари байъат қилишсин”.

Ражо ибн Ҳайва воқеани ҳикоя этишда давом этади: “Абдулмалик фарзандлари йиғилишгач, мен уларга айтдим: “Бу мўминлар амирининг мактуби, унда бўлажак халифа кимлиги ҳақида фармон ёзилган. Халифа ҳар бирингиздан бўлажак халифага байъат олишимни менга амр этди”. Барчалари: “Мўминлар амирининг фармонини бош устига қабул қиламиз ва бўлажак халифага итоат этамиз”, дедилар. Сўнг халифа билан саломлашиш учун уларга изн олиб беришимни сўрадилар. Изн берилиб халифа ҳузурига киришгач, Сулаймон ибн Абдулмалик уларга бундай деди: “Ражо ибн Ҳайванинг қўлидаги мактуб менинг фармонимдир. Мен унда ўзимдан кейинги халифани тайин қилганман. Бўлажак халифага қулоқ солиб итоатда бўлинглар ва барчангиз унга байъат қилинглар». Барчалари бирма-бир байъат қилдилар. Мен муҳр босилган мактуб қўлимда ташқарига чиқдим. Мактубда нима битилганини халифа ва мендан бошқа бирон кимса билмас эди. Одамлар тарқалишгач, Умар ибн Абдулазиз ёнимга келиб: “Эй Абу Миқдом, биласиз, мўминлар амири мен ҳақимда яхши фикрда эди. Менга кўпдан-кўп саховат ва меҳр-мурувват кўрсатган. Халифалик вазифасини менга топшириб қўймаганмикан, деган хавотирдаман. Ўртамиздаги ўзаро дўстлик ҳурмати, айтингчи, халифа мактубида менга тегишли бирон вазифа йўқми, ишқилиб? Акс ҳолда, фурсат борида халифа ҳузурига кириб, мени бу вазифадан озод этишини сўраб қолай” деди. Мен: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, мактубдаги бир ҳарфни ҳам айтмайман”, дедим. У ғазабланган ҳолда ёнимдан кетди. Кўп ўтмай ёнимга Ҳишом ибн Абдулмалик келиб: “Эй Абу Миқдом, сиз билан мен эски қадрдонлармиз, мен сиздан бағоят миннатдорман. Шундай экан, халифа мактубидан мени хабардор қилсангиз. Агар кейинги халифа этиб мен тайинланган бўлсам, жим бўламан. Акс ҳолда, халифа билан гаплашиб кўраман, чунки мен бу ишдан четда қолишим мумкин эмас. Сиз айтганингизни эса ҳеч кимга айтмасликга ваъда бераман” деди. Мен: “Йўқ, Аллоҳга қасам, халифа менга сир қилган мактубнинг бир ҳарфини ҳам сизга айтмайман”, дедим. Ёнимдан кетар экан, икки кафтини бир-бирига урганча: “Халифалик менга бўлмаса, унда кимга бўлади? Халифалик Абдулмалик авлодидан кетадими? Қасамки, мен Абдулмалик авлодининг саййидиман”, дер эди.

Шундан кейин халифанинг ҳузурига кирдим. Қарасам, жон таслим қилаётган экан. Ҳар жон бериш талвасаси тутган пайтда халифани қибла тарафга буриб турдим. У эса ҳиқиллаганча: “Ҳали вақт келмади, эй Ражо” дер эди. Икки маротаба шу ҳолат такрорланди. Учинчи марта қиблага бурмоқчи бўлганимда: “Энди, эй Ражо, нима қилмоқчи бўлсанг ана энди қилгин… Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ…», деди. Шунда мен уни қибла тарафга юзлантириб қўйдим, кўп ўтмай жон таслим қилди. Кўзларини ёпдим, устига яшил мато ташладим, эшикни устидан беркитиб, хонадан чиқдим.

Халифанинг хотини унинг ҳоли ҳақида сўраб, иложи бўлса унинг ҳузурига киришни талаб қилиб одам юборган экан. Чопарга эшикни қия очиб: “Ана қара, узоқ бедорликдан сўнг эндигина ором олди, уни безовта қилмай туришсин”, дедим. Чопар халифанинг хотинига бориб шу гапларни айтганида, эрининг ухлаётганига шубҳа қилмади. Сўнг эшикни маҳкам қулфладим ва эшик олдига ишончли одамларимдан бирини соқчи қилиб қўйдим. Унга қайтиб келгунимча шу ердан жилмаслигини ва халифанинг олдига, ким бўлишидан қатъи назар, ҳеч кимни киритмаслигини тайинладим. Ўзим эса масжидга қараб йўл олдим. Йўлда дуч келган, халифанинг аҳволи ҳақида сўраганларга: “Касал бўлганларидан бери бундай тинчланмаган эдилар”, деб жавоб бердим. Улар: “Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деб хурсандликларини изҳор қилардилар. Йўл-йўлакай миршаблар бошлиғи Каъб ибн Ҳомизга одам юбориб, халифанинг оила аъзоларини “Добиқ”нинг катта масжидига жамлашини айтдим. Барча йиғилгач: “Мўминлар амири мактубида ёзилган кишига байъат қилинглар”, дедим. Улар: “Бир марта байъат қилдик, яна байъат қиламизми?” дедилар. Мен: “Бу мўминлар амирининг амридир. Буюрилганидек мана бу муҳрланган мактубдаги кишига байъат қилинглар», дедим. Бирма-бир ҳамма байъат қилди. Иш режадагидек амалга ошганини кўргач: “Халифамиз мўминлар амири вафот этдилар. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеун! (Биз Аллоҳникимиз ва У зотга қайтувчилармиз)» дея халифанинг вафот этганини эълон қилиб, мактубни ўқий бошладим. Умар ибн Абдулазизнинг номига етиб келганимда Ҳишом ибн Абдулмалик ўрнидан туриб кетди ва: “Асло унга байъат қилмаймиз!» деб бақирди. Мен: “Ундай бўлса, Аллоҳга қасам, бошинг кетади! Туриб байъат қил», дедим. У ўрнидан туриб, оёғини зўрға судраб Умар ибн Абдулазизнинг олдига келди. Халифалик на унга ва на Абдулмалик фарзандлари бўлган укаларига эмас, Умар ибн Абдулазизга насиб қилгани учун мусибат етган кишининг дуосини айтиб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеун», деди. Ўз навбатида Умар ибн Абдулазиз ҳам мазкур дуони айтди. Бироқ у ўзи истамаган ишига мажбуран тайинланганидан шундай деди.

Умар ибн Абдулазизга қилинган бу байъат сабаб Аллоҳ таоло Исломнинг навқиронлигини янгилади, унинг маёғини олий қилди.

Мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмаликдан Аллоҳ рози бўлсин. У Аллоҳ таоло олдидаги вазифасини бажариб, ўзидан кейин солиҳ кишини қолдириб кетди. Вафодор вазир Ражо ибн Ҳайвага олқишлар бўлсин. У Аллоҳга, Расулига ва мусулмонларнинг имомларига нисбатан ўз вазифасини садоқат билан бажарди. Аллоҳ солиҳ ва садоқатли маслаҳатчига яхши мукофотлар, ажру-савоблар ато этсин. Зеро, омадли ҳокимлар уларнинг тўғри фикр ва маслаҳатлари ила ҳидоят топадилар!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг