Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (5)

0

Салафлар тавба ҳақида

Саид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ деди: “Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ тавба қилиб Ўзига қайтувчи кишиларни мағфират қилувчидир»  (Исро сураси, 25) ояти гуноҳ қилиб тавба қилган, сўнг яна гуноҳ қилиб тавба қилган киши ҳақида тушган”.

Талқ ибн Ҳабиб раҳимаҳуллоҳ деди: “Бандалар Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлиғича адо этишдан ожиздир. Шунинг учун тонг отганда ҳам, кун ботганда ҳам кўп-кўп тавба қилувчи бўлинглар”.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтган: “Содир этган хатоларини эслаганида ич-этини еб, қалбини қўрқув босган кишининг гуноҳлари номаи аъмолидан ўчирилади”.

Ривоят қилинишича, банда бир гуноҳ қилади, қилган шу гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, ниҳоятда кўп афсус-надомат қилганидан охири жаннатга киради. Шунда шайтон: «Кошки уни шу гуноҳга туширмаганимда эди», деб қолади.

Ҳабиб ибн Абу Собит раҳимаҳуллоҳ деди: “Қиёмат куни бандага гуноҳлари рўбарў қилинади. Гуноҳларидан бирини кўриб: «Мен бу гуноҳни қилганимдан қаттиқ пушаймон бўлган эдим», дейди. Шунда унинг бу гуноҳи кечириб юборилади”.

Ривоят қилинишича, бир киши қилиб қўйган гуноҳининг тавбаси ҳақида Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан сўрайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу олдинига ундан юз ўгиради, сўнг унга ўгирилиб қараса, кўзларидан ёш оқаётган экан. Шунда: “Жаннатнинг саккиз эшиги бор. Уларнинг ҳар бири очилиб ёпилиб туради. Фақат тавба эшигини ёпмаслик бир фариштага топширилган, у ёпилмайди. Амал қилавер, ноумид бўлма”, дейди.

Абдураҳмон ибн Абу Қосим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Биз Абдураҳим билан иккимиз кофирнинг тавбасини ҳамда Аллоҳ таолонинг: “Эй Пайғамбар, айтинг: агар куфрдан ва пайғамбарга адоват қилишдан тийилсалар, Аллоҳ уларнинг ўтган гуноҳларини кечиради” (Анфол, 38) оятини муҳокама қилдик. Шунда Абдураҳим: «Мен мусулмон киши Аллоҳ таоло ҳузурида бундан ҳам яхшироқ ҳолда бўлади деб умид қиламан», деди.

Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу деди: “Мен сизларга ё Аллоҳ юборган пайғамбардан ёки Аллоҳ туширган Китобдангина сўзлайман. Банда агар бир гуноҳ қилса, сўнг шу гуноҳига кўз очиб юмгунча муддат бўлса-да надомат қилса, ундан шу гуноҳи кўз очиб юмгунча вақтдан ҳам тезроқ ўчириб юборилади”.

Умар разияллоҳу анҳу айтди: “Кўп тавба қилувчилар билан бирга ўтиринглар, чунки улар кўнгли энг юмшоқ инсонлардир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ деди: “Мўмин киши ўз нафсига назоратчи бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла учун уни ҳисоб-китоб қилиб туради. Нафсини шу дунё ҳаётида ҳисоб-китоб қилиб юрган кишиларга қиёмат куни савол-жавоб енгил бўлади. Дунёда нафсини ҳисоб-китоб қилмаган кишиларга қиёмат куни савол-жавоб қийин бўлади. Мўмин киши ўзи ёқтирган нарсага: «Ҳа, мен сени хоҳлайман, сенга истагим бор, лекин қасамки, сенга етишга ҳеч бир йўл йўқ, ҳайҳот, сен билан орамиз тўсилган», дейди. Мўмин бир ножўя ишни қилиб қўяди. Кейин ўзига келади ва нафсини маломат қилиб: «Нима қилиб қўйдим-а, менга бунинг нима кераги бор эди? Аллоҳга қасам, қайтиб бу ишга қўл урмайман, иншааллоҳ», дейди. Мўминларни Қуръон маҳкам боғлаб туради. Уларни ҳалокатдан тўсиб туради. Мўмин киши дунёда асирдир, ўзини озод қилиш ҳаракатида юради. То Аллоҳга йўлиққунига қадар хотиржам бўлмайди. Қулоғи, кўзи, тили ва бошқа барча аъзоларидан сўралишини билади” (Ибн Муборак. “ал-Зуҳд”, 103. Абу Нуайм. “ал-Ҳиля”, 2/157).

Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ деди: “Довуд оиласининг ҳикматларида келишича, оқил киши қуйидаги тўрт нарсага алоҳида вақт ажратиши лозим:

  • Парвардигорига муножот қилишга;

  • ўзини ҳисоб-китоб қилишга;

  • айб-нуқсонларини айтиб, холис насиҳат қиладиган биродарларини зиёрат қилишга;

  • кўнгли тусаган ҳалол ва гўзал нарсалардан фойдаланишга. Бу иш ундан олдинги ишларга ёрдам беради, қалбдаги зерикиш ва чарчоқни ёзади.

Бундан ташқари, оқил киши ўз замонасини яхши англаши, тилини тийиши ва ўзини тузатиш билан овора бўлиши лозим.

Яна, оқил киши қуйидаги уч нарса: охирати учун захира йиғиш, тирикчилигини ўнглаш ва ҳалолдан лаззатланиш учун саъй-ҳаракат қилиши лозим” (Ибн Муборак. “ал-Зуҳд”, 105).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг