Ҳаром амаллар: Аёлларнинг калта, юпқа ва тор кийим кийишлари

0

Ҳозирда Ислом душманларининг мусулмонларни ишғол этишда қўллаётган қуролларидан бири шакл ва бичимлари хилма-хил бўлган,  мусулмонлар орасида кенг тарқалган модалар ва кийим-кечаклар бўлиб қолди. Бундай кийимларнинг кўпи калта, шаффоф ва торлигидан ҳатто аёллар ва маҳрамлар олдида ҳам кийишга ярамайди.

Охирзамон хотинларининг эгнида ана шундай кийимларнинг пайдо бўлиши ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай деганлар: “Дўзах аҳлидан икки тури бор, мен ҳануз уларни кўрмадим. Бири ёнида сигир думига ўхшаш қамчилари бор бўлган, у билан одамларни урадиган инсонлар. Иккинчиси эркакларни ўзларига мойил қиладиган, ўзлари ҳам эркакларга мойил бўлган ярим-яланғоч аёллар. Уларнинг бошлари узун бўйинли туянинг эгилиб турган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар. Жаннатнинг ҳиди фалон-фалон масофадан келиб туради” (Муслим ривояти, 2128).

Баъзи аёллар куйлаклари этагидан ёки икки ёнидан узун қилиб кесилган бўлади. Бундай кийимларни кийган муслима аёлларнинг авратлари кўриниб қолади. Қолаверса, уларни кийганлар ўзларини кофир аёлларга ўхшатган бўладилар, уларнинг шариатга зид модаларига, шармандали кийим-кечакларига кўр-кўрона тақлид қилган бўладилар.

Баъзи кийимларга бемаъни ёзув ва суратлар: қўшиқчи ва хонандалар, ароқ идишлари, сигареталар, жонли нарсалар ва хочнинг сурати, бузуқлик ва фасод билан шуғулланувчи клуб ва жамиятларга оид рамзлар, ажнабий тиллардаги уятсиз иборалар тушурилган бўлади. Буларнинг барчаси мусулмон кишининг, айниқса муслималарнинг дини ва ахлоқига зид бўлгани учун сақланиш лозим бўлган ҳаром ишлардир.

Шуни унутмаслик керакки, муслима аёл ҳар хил очиқ-сочиқ кийимлар, шариатга зид мода либослари билан эмас, балки ўзининг ҳаёси, хулқи, одоби, моддий ва маънавий покизалиги ва шаръий ҳижоби билан гўзалдир!

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг