Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (3)

0

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муслим ва бошқалар Дажжол ҳақида зикр қилган ушбу ҳадислар унинг ҳақиқатда борлиги ва у Aллоҳ бандаларини синаши учун яратган муайян шахс эканидан иборат ҳақ аҳлининг мазҳабига ҳужжатдир. Аллоҳ фақат ўзигина қодир бўлган баъзи ишларга уни ҳам қодир қилади. Жумладан, у ўзи ўлдирган маййитни қайта тирилтиради, дунё зеб-зийнатлари ва ҳосилдорлик унинг измида бўлади, унинг жаннати, дўзахи ва икки дарёси бўлади, дунё хазиналари унинг ортидан эргашиб юради, осмонга буюрса ёмғир ёғдиради, ерга амр этса набототларини ўстиради. Бу ишларнинг барчаси Aллоҳ таолонинг қудрати ва хоҳишига кўра амалга ошади. Сўнг Aллоҳ таоло уни ожиз қилиб қўяди, натижада ўша кишини ҳам, ундан бошқаларни ҳам ўлдиришга қодир бўлмайди. Ва ниҳоят Аллоҳ таоло Дажжолнинг ишини пучга чиқаради, Исо алайҳиссалом уни ўлдиради ва Aллоҳ Ўзига иймон келтирган бандаларини собитқадам қилади. Aҳли суннатнинг, барча муҳаддислару фақиҳлар ҳамда калом аҳлининг мазҳаби шудир.  Хаворижлар, жаҳмийлар ва айрим мўътазилийлар Дажжолнинг ўзини ҳам, ундан содир  бўладиган ишларни ҳам инкор этишган. Мўътазилий Бухорий[1], унга ҳамфикр бўлган жаҳмийлар ва бошқалар эса, Дажжолнинг ўзини ҳақиқат дейишса-да, бироқ у кўрсатадиган одатдан ташқари ишларни шунчаки хаёлий ишлар деган фикрни илгари суришган. Уларнинг фикрича, агар бу ишлар ҳақиқат бўлганда пайғамбарларга бериладиган мўъжизалар ҳам қийматини йўқотган ва уларни тасдиқлаш жоиз бўлмас эди. Албатта, юқорида келтирилган ҳар икки фикр эгалари хатога йўл қўйдилар. Чунки Дажжол пайғамбарлик даъво қилмайдики, кўрсатган одатдан ташқари ишлари даъвосини тасдиқласа! Балки у худоликни даъво қилади. Ваҳоланки унинг ҳолати, ундаги махлуқотларга хос аломатлар, ташқи кўринишидаги камчилик ва кўзидаги айб-нуқсон ҳамда икки кўзи ўртасига ёзилган «кофир» лафзини кетказишдан ожизлиги худолик даъвосининг пуч ва ботиллигини яққол намоён этиб туради. Ушбу ва бундан бошқа аломатлар қаршисида одамлардан фақат моддий эҳтиёжини қондириш, фақирлигини кетказиш пайида бўлган ёки унинг озоридан қўрққан қаланғи-қасанғи, авом кимсалар алданиб қолади, холос. Чунки унинг фитнаси жуда улкан фитна бўлиб, ақлларни даҳшатга, онгларни ҳайратга солади. Устига-устак ер юзида жадал ҳаракатланиши заифлар учун у ҳақда чуқур мушоҳада юритишга фурсат қолдирмайди. Шунинг учун ҳам барча пайғамбарлар Дажжол фитнасидан огоҳлантирдилар, унинг айб-нуқсонлари ва даъвосининг ботил эканини кўрсатувчи далилларга эътибор қаратдилар. Аллоҳ тавфиқ берган иймон аҳли эса унинг ҳолатини, ёлғончилигига далолат қиладиган белгиларини аввалдан яхши билгани сабабли Дажжолга алданиб қолмайдилар. Шунинг учун Дажжол ўлдириб, кейин тирилтирган киши: “Дажжол эканингга яна бир бор амин бўлдим” деб айтади»[2].

Масиҳ Дажжол Макка ва Мадина шаҳридан ташқари барча юртларга кириши ҳақида ҳадислар бор. Aнас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Макка ва Мадинадан бошқа бирон юрт борки, албатта, унга Дажжолнинг қадами етиб боради. У иккисининг барча йўлларини фаришталар саф бўлган ҳолларида қўриқлайдилар. Кейин Мадина уч бор силкинади ва ундан Aллоҳ барча кофир ва мунофиқни чиқаради»[3].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Макка ва Мадинадан бошқа бирон юрт борки, албатта, унга Дажжолнинг қадами етиб боради” деган сўзлари жумҳур уламонинг наздида зоҳири ва умумига кўра тушунилади. Фақат Ибн Ҳазм улардан ўзгача фикр билдириб: “Ҳадисда барча юртларга Дажжолнинг шахсан ўзи эмас, балки унинг ноиблари ва қўшини кириши кўзда тутилган”, деди. Гўёки у Дажжолнинг ерда қолиш муддати қисқа бўлганидан барча юртларга кириб боришини узоқ санади. Унинг баъзи кунлари бир йилга тенг бўлиши ҳақидаги “Саҳиҳи Муслим”да келган ҳадис эътиборидан четда қолди»[4].

Дарҳақиқат, юқорида келтирилган Наввос ибн Самъон ҳадисида айтилганидек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол чиққанидан кейин ерда қанча муддат қолишини, кейин Исо ибн Марям алайҳиссалом қўлида ўлим топишини баён қилиб берганлар.

[1] Aбу Бакр Бухорий Мўътазилий. Ойша разияллоҳу анҳога кучли тарафдорлиги сабабли «Ойшанинг кажаваси» деб лақаб олган. Калом илмини Aбу Ҳошимдан, фиқҳни Aбул Ҳасандан олган. Яхшигина илмли бўлиб етишган. Aҳмад ибн Яҳё ал-Муртазонинг «Aл-муняту вал-амал фи шарҳи китобил милали ван-ниҳал» асарида шундай келган. Қаранг: «Фирақ ва табақот ал-мўътазила», 115-бет. (Тарж.)

[2] Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 18/79-80.

[3] Бухорий (1782), Муслим (2943), Термизий (2242) ва бошқалар ривояти.

[4] «Фатҳ ал-Борий», 4/96.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг