Дард ва даво (34): Гуноҳнинг заҳри (02)

0

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ (буюк тобеин) Жубайр ибн Нуфайрдан ривоят қилади: «Мусулмонлар Қубрус (Кипр)ни фатҳ қилиб, халқини қул сифатида бўлишиб олишганда асирлар бир-бирларига қараб йиғлай бошладилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳуни ёлғиз ўзи йиғлаб ўтирганини кўрдим. Ёнига бориб: “Эй Абу Дардо, Аллоҳ Ислом ва мусулмонларни азиз қилган шундай кунда нега йиғлайсиз?”, деб сўрадим. У: “Эҳ, Жубайр! Кўрмайсанми, одамзот Аллоҳнинг амрини зое қилса, қанчалар хор бўлади. Улар (Кипр халқи) шон-шарафли, кучли ва бой давлат эди. Аллоҳнинг амридан юз ўгирганди, ўзинг кўриб турган кўйга тушиб ўтиришибди”, деб жавоб берди»[1].

Али ибн Жаъд раҳимаҳуллоҳ нақл қилишича, Абу Бахтарий айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган одам (саҳоба) менга у зотнинг: “Одамлар то азобга лойиқ бўлмагунларича ҳалок этилмайди”, деган сўзларини айтиб берди»[2].

 Имом Аҳмад “Муснад” китобида Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳнинг: “Умматим орасида гуноҳ авж олса, Аллоҳ устларига умумий бир азобини юборади”, деганларини эшитдим. Шунда у зотдан сўрадим: “Эй Аллоҳнинг эличиси, наҳот улар орасида солиҳ инсонлар бўлмаса?”. “Бўлади”, дедилар. “Уларга нима бўлади, унда?”, дедим. “Қолган одамлар бошига не азоб тушса, улар бошига ҳам шу тушади. Бироқ кейин Аллоҳнинг раҳмати ва розилигига етадилар”, деб жавоб бердилар»[3].

Ҳасан Басрий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган мурсал ҳадисда айтилади: “Модомики уммат олимлари амирларга мойил бўлмас, яхшилари фақат ёмонларига яхшилик қилмас, яхшилари фожирларини улуғламас ва яхшиларини ёмонлари хорламас экан, Аллоҳ азза ва жалла бу умматдан кўмагини дариғ тутмайди ва уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрайди, ҳамиша уларга ёрдам беради. Аксинча, уммат мазкур ишларни қилса, Аллоҳ улардан ёрдамини тўхтатади. Сўнг шафқатсизларини бошлиқ қилиб қўядики, уларни қаттиқ азоблайди. Сўнг устларига қашшоқлик ва фақирликни туширади[4].

“Муснад”да Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши қилган гуноҳи сабабли ризқидан маҳрум бўлади”, дедилар»[5].

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ҳали устингизга халқлар худди (очофат) емакхўрлар (овқат солинган) товоққа ташланганидек ёпирилиб келади”. Биз: “Ё Расулуллоҳ, ўша куни озчилик бўлганимизданми?”, деб сўрадик. “Сизлар у куни кўпчилик бўласизлар, лекин худди селнинг кўпиги каби (вазни йўқ) кўпик бўласизлар. Душманларингиз қалбидан ҳайбатингиз олиб қўйилади ва қалбларингизга “ваҳн” солиб қўйилади”, дедилар. “Ваҳн нима?”, дедик. “Дунёга муҳаббат қўйиш ва ўлимни ёмон кўриш”, деб жавоб бердилар[6].

Имом Аҳмад “Муснад”да Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “(Исро кечаси) осмонга кўтарилганимда бир гуруҳ одамлар олдидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, юзлари ва кўксларини тирнашар эди. “Эй Жаброил, булар кимлар?” деб сўрадим. “Улар (дунёда) одамларнинг гўштларини еювчи (яъни ғийбат қилувчи) ва одамлар шаънига ёмон гаплар айтувчи кимсалар”, деб жавоб берди[7].

Имом Термизий “Ал-Жомеъ” (Сунан) китобида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳали охир замонда шундай одамлар чиқадики, мол-дунёга эришиш учун динни ниқоб қилиб оладилар. Одамлар олдига қўй терисини ёпиниб чиқадилар (Яъни одамлар кўз ўнгида қўйдек ювош бўлиб кўринадилар). Тиллари шакардан ширин, қалблари эса, бўри қалбидек (ёвуз). Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Мен(инг ҳалимлигимга, муҳлат берганим)га алданмоқдаларми, ҳали Менга журъат қилмоқдаларми? Ўзимга (иззатим ва улуғлигимга) қасамки, уларга ўзларидан шундай фитна юбораманки, ҳалимларини ҳам эсанкиратиб қўяди[8].

[1] Аҳмад, “Зуҳд”, 762.
[2] Али ибн Жаъд, “Муснад”,132; Абу Довуд, 4347; Аҳмад, 18289 ва бошқалар ривоят қилган.
[3] Аҳмад, 26596 ва Табароний, “Ал-мўъжам ал-кабир”, 747 ривояти.
[4] Ибн Муборак, “Зуҳд”, 821; Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 4 ва Абу Амр Доний, “Ас-сунан ал-ворида фил-фитан ва ғоваилиҳо”, 331.
[5] Ибн Можа, 4022; Аҳмад, 22386; Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф”, 29867 ва бошқалар ривоят қилишган.
[6] Аҳмад, 22397; Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 5; Табароний, 1452; Абу Нуайм, “Ал-ҳиля”, 1\182.
[7] Аҳмад, 3\224; Абу Довуд, 4878 ва Табароний, “Ал-мўъжамул-авсат”, 8 ривояти.
[8] Термизий, 2404; Ибн Муборак, “Зуҳд”, 50; Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 7; Бағавий, “Шарҳ ас-сунна”, 14\394 ва бошқалар ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг