Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (4)

0

Дажжол чиқиши, унинг одамларга бўлган фитнаси, қўрқинчи ва офати қаттиқлиги, у кўрсатадиган одатдан ташқари ишлар қиёматнинг катта аломатлари ҳамда улкан белгиларидан бўлиб, у ҳақда маълумот берган, сифатини таъриф қилган, ундан огоҳлантирган ҳадиси шарифлар юқорида келтириб ўтилди. Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларида ва бошқа пайтларда ҳам Дажжол фитнасидан, ёмонлигидан паноҳ сўрар, умматларини ҳам шунга буюрар эдилар.

Ибн Aббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръондан сура ўргатгандек ушбу дуони ўргатар эдилар: «Эй Aллоҳ! Мен Сендан жаҳаннам азобидан паноҳ сўрайман, Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман, Сендан Масиҳ Дажжол фитнасидан паноҳ сўрайман, Сендан тириклик ва ўлим фитнасидан паноҳ сўрайман»[1].

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Нажжор қўрғонларидан бирининг ичида хачирларига минган ҳолда эдилар. Бирдан хачир ҳуркиб, у кишини йиқитиб юборай деди. Қарасак, у ерда бешта ё олтита қабр бор экан. «Бу қабр эгаларини ким билади?», деб сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Мен», деди бир киши. «Қачон вафот этишган?», деб сўрадилар. «Ширкда вафот этишган», деб жавоб берди. Шунда у зот айтдилар: «Албатта, бу уммат қабрларида имтиҳонга учрайди. Агар ҳаммангиз (бир кун) қабрга қўйилишингиз бўлмаса эди, Аллоҳга дуо қилиб, сизларга мен ўзим эшитиб турган қабр азобидан эшиттиришини сўраган бўлардим». Сўнг бизга юзланиб: «Дўзах азобидан Aллоҳдан паноҳ тиланглар!», дедилар. Одамлар: «Дўзах азобидан Aллоҳдан паноҳ тилаймиз», дейишди. «Қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тиланглар!», дедилар. Улар: «Қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз», дейишди. «Фитналарнинг ошкораю махфийсидан Aллоҳдан паноҳ тиланглар!», дедилар. «Фитналарнинг ошкораю махфийсидан Aллоҳдан паноҳ тилаймиз», дейишди. «Масиҳ Дажжол фитнасидан Aллоҳдан паноҳ тиланглар!», дедилар. «Дажжол фитнасидан Aллоҳдан паноҳ тилаймиз», дейишди[2].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни Масиҳ Дажжол фитнасидан қўрийдиган нарсага йўллаб қўйдилар. Aбу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким “Каҳф” сурасининг бошидан ўн оят ёд олса, Дажжолдан омон қолади»[3].

Муслим айтади: «Шуъба: “Каҳф”нинг охиридан (ёд олса), деди. Ҳаммом эса: “Каҳф”нинг бошидан», деди[4].

Муновий «омон қолиш» сабабини баён қилиб, бундай деди: «Бу “Aсҳобул-кафҳ” (ғор соҳиблари) қиссасида келган ажойиботлар сабаблидир. Ким уларни яхши ўрганса, Дажжолнинг ишидан ҳайратланмайди, унинг фитнасига учмайди. Ёки бунинг сабаби ким ушбу оятларни мушоҳада қилиб, маънолари ҳақида фикр юритса, Дажжолдан эҳтиёт бўлади ва ундан омонда қолади. Ёки бўлмаса, бу ушбу сурага жойланган хусусиятлардан бири, дейиш мумкин»[5].

Каҳф сураси ўзида турли ажойиботларни, ақлларни лол қолдирувчи оятларни мужассам этган улуғ сурадир. Бу оятларни тафаккур қилган кимса Дажжол фитнасидан омон қолади. Ҳадисларда бу сурани тиловат қилишга, хоссатан жума куни ўқишга қаттиқ тарғиб қилинган. Aбу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким жума куни Каҳф сурасини ўқиса, у учун икки жума орасини нур билан мунаввар қилиб туради»[6].

Мусулмон киши бу сурани ўқишга ва ёд олишга интилиши, хоссатан бу ишни жума куни канда қилмаслиги керак.

[1] Муслим (590), Термизий (3494), Насоий (2063) ва бошқалар ривояти.

[2] Муслим, 2867.

[3] Муслим (809), Термизий (2886), Aбу Довуд (4323) ва Aҳмад (5/196) ривояти.

[4] «Саҳиҳи Муслим», 1/555.

[5] «Файз ал-қадир», 6/118.

[6] Ҳоким «Мустадрак»да (2/368) ривоят қилган ва: «Ҳадис санади саҳиҳ, бироқ уни Бухорий ва Муслим ривоят қилмаган», деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг