Дард ва даво (35): Гуноҳнинг заҳри (03)

0

Ибн Абу Дунё Жаъфар ибн Муҳаммад орқали нақл қилган ривоятда Али разияллоҳу анҳу айтади: “Ҳали одамлар бошига шундай замонлар келадики, Исломдан фақат исми, Қуръондан фақат шакли қолади. У кунда масжид бинолари обод, лекин ичи ҳидоятдан мосуво бўлади. Уламолари ер юзидаги энг ёмон одамлар бўлади. Фитна ана ўшалардан чиқиб, ўзларига қайтади[1].

Шунингдек, Симок ибн Ҳарб орқали нақл қилган бошқа ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Қай ерда зино ва рибо кенг қулоч ёзса, Аллоҳ азза ва жалла ўша ер аҳолисини ҳалок қилишга изн беради[2].

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мурсал ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Инсонлар илмларини кўз-кўз қилиб, амални тарк қилишса, бир-бирларини тилларида яхши кўриб, қалбларида ёмон кўришса, қариндошчилик ришталарини узишса, ана ўшанда Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини (ҳақни) эшитмайдиган кар, кўзларини (ҳидоятни) кўрмайдиган кўр қилиб қўяди[3].

Ибн Можа “Сунан” китобида келтирган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умр ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида тўпланган ўнта муҳожирнинг бири эдим. У зот бизга юзланиб дедилар:Эй муҳожирлар жамоаси, қуйидаги беш хислатга қўл урадиган даражага етиб боришингиздан Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Қай қавм ичида фаҳш ишлар авж олиб, ошкора қилина бошласа, ўзларидан олдинги ота-боболарида кузатилмаган вабо ва (тузалмас) касалликлар билан балоланади. Қай қавм ўлчов ва тарозидан уришни қўймаса, қаҳатчилик, қимматчилик ва золим подшоҳ билан балоланади. Қай қавм мол-мулкларидан закот бермай қўйса, (ерларига) осмондан ёмғир ёғмай қўяди. Агар ҳайвонлар бўлмаганида, (ерларига) умуман ёмғир ёғмас эди. Қай қавм аҳдларига хиёнат қила бошласа, Аллоҳ уларга душман қавмни ҳукмрон этиб қўяди. Қай қавм бошлиқлари Аллоҳ китобида нозил қилган ҳукмларни жорий қилмай қўйса, кучларини (душманларига эмас, балки) бир-бирларига кўрсатадиган қилиб қўяди[4].

 “Муснад” ва “Сунан” китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан аввалги умматда бир киши гуноҳ иш қилса, аҳли илмлари юзаки қайтариб, номига дашном бериб қўяр эди. Эртасига эса, гуноҳ иш қилганини кўрмагандек у билан бирга еб-ичиб ўтираверарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳолатини кўргач, қалбларини бир хил (яъни ҳақни қабул қилмайдиган, ҳидоятни истамайдиган) қилиб қўйди. Сўнг пайғамбарлари Довуд ва Исо ибн Марям тили билан уларни лаънатлади. Бу уларнинг осийликлари ва бузғунчиликларининг жазосидир. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар ва (гуноҳкор) эсипастларингиз қўлидан тутиб, мажбурлаб бўлса-да, тўғри йўлга бошлайсизлар, ё Аллоҳ қалбларингизни бирдек (яъни ҳақни қабул қилмайдиган, ҳидоятни истамайдиган) қилиб қўяди ва сизларни ҳам улар каби лаънатлайди[5].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Иброҳим ибн Амр Санъонийдан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло Юшаъ ибн Нунга бундай деб ваҳий қилган: “Мен қавминг яхшиларидан қирқ минггини ва ёмонларидан олтмиш минггини ҳалок қиламан”. Юшаъ сўради: “Эй Раббим, ёмонлари-ку, тушунарли. Яхшиларини нега ҳалок қиласан?”. “Чунки яхшилари Мени ғазаблантирадиган ишни кўрганларида ғазаб қилмадилар ва ёмонлар билан бир дастурхонда еб-ичавердилар”, деб жавоб берди»[6].

[1] Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 8. Ибн Батта. “Ибтол ал-ҳиял”, 1.
[2] Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 9. Табароний. “Тафсир”, 15\107.
[3] Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 10.
[4] Ибн Можа (4019), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 8\333-334) ва бошқалар ривоят қилган.
[5] Абу Довуд (4337), Ибн Абу Дунё (“Ал-уқубот”, 12), Табароний (10268), шунингдек, Аҳмад (3713), Термизий (3047), Ибн Можа (4006) ва бошқалар ривоят қилган.
[6] Ибн Абу Дунё (“Ал-уқубот”, 13) ва Абдулғаний Мақдисий (“Ал-амру бил-маъруф ван-наҳий анил-мункар”, 43) ривоят қилган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг