Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (5)

0

Дажжол ҳақидаги гапни якунлашдан аввал шу мавзуга алоқадор бўлган икки масалага тўхталиб ўтишни хоҳладим. Улар:

  1. Ибн Сайёд[1] Дажжолми?

  2. Дажжол Қуръонда зикр қилинмаганининг ҳикмати.

Биринчи масалага, яъни «Ибн Сайёд Дажжолми?» деган масалага келсак, бу борада уламолар кучли ихтилофлашганлар, у ҳақда турли ривоятлар келган, ҳар хил фикрлар билдирилган. Уламоларнинг у ҳақда айтган сўзларини келтиришдан аввал, Ибн Сайёд ҳақидаги баъзи ривоятларга ишора қилиб ўтишни лозим топдим. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир гуруҳ саҳобалар ҳамроҳлигида Ибн Сайёд томон йўл олдилар. Улар йўл юриб, ниҳоят уни Бану Мағола қўрғони олдида ёш болалар билан ўйнаб ўтирган ҳолида учратишди. Ибн Сайёд ўша кезларда балоғатга етай деб қолган эди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар келганларини сезмай қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан унинг орқасига бир туртиб: “Менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?” — деди­лар. Шунда Ибн Сайёд у зотга қараб: “Мен сизнинг уммийлар (яъни, саводсизлар ёхуд маккаликлар) пайғамбари эканингизга гувоҳлик бераман”, — деди. Сўнг у яна: “Сиз ўзингиз менинг Аллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасизми?” — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен Аллоҳга ва унинг пайғамбарларига иймон келтирганман“, — деб рад қилди­лар. Кейин ундан яна: “Нималарни кўрасан?” — деб сўрадилар. Ибн Сайёд: “(Баъзан) рост ва (баъзан) ёлғон (тушлар) кўраман”, — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Шайтонинг сенга ўзи етказадиган хабарларни чалкаштирган“, — дедилар. Сўнг у зот яна: “Мен бир нарсани кўнглимга яширдим, (қани, топчи?)” — дедилар. Ибн Сайёд: “Бу — Дух…”, — деди. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўнгилларига яширган нарса «Духон» сураси бўлиб, Ибн Сайёд унинг номини тўла айтолмади.) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Унингни ўчир! (Ваҳийсиз ғайб хусусида хабар бермоққа) қудратинг етмайди!” — дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, рухсат беринг, уни ўлдирай!” — деди. “Агар у (чиндан) Дажжол бўлса, уни ўлдира олмайсиз, Дажжол бўлмаса, уни ўлдиришингизда сиз учун бирор яхшилик йўқдир” — дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам»[2].

Солим ибн Абдуллоҳ айтади: «Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан эшитдим: “Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъб билан бирга Ибн Сайёд турган хурмозорга йўл олдилар. У ерга етиб боришгач, хурмозорга кириб, хурмо таналари ортида яшириниб турдилар. У зот Ибн Сайёд кўриб қолмасидан бурун унинг (хилватда айтадиган сўзларини) эшитиб олмоқчи бўлдилар. Ибн Сайёд ўзининг бахмал чойшабини ёпиниб ётар, чойшаб остидан эса унинг минғирлаган овози қулоққа чалинар эди. Шу пайт Ибн Сайёднинг онаси ҳурмо шохлари ортида бекиниб турган Расулуллоҳни кўриб қолиб: «Эй Соф, ана Муҳаммад!» — деди. Ибн Сайёднинг исми Соф эди. Ибн Сайёд сапчиб ўрнидан турди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (онаси) индамаганида, (унинг ҳақикатда ким экани) ошкор бўлар эди!» — дедилар”»[3].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар Мадина йўлларидан бирида Ибн Сайёдга дуч келдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасанми?“, дедилар. У: “Сиз менинг Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасизми?”, деди. У зот: “Мен Аллоҳга, У Зотнинг фаришталарига ва китобларига иймон келтирганман. Нимани кўряпсан?“, дедилар. У: “Сув устидаги тахтни кўряпман”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Сен Иблиснинг денгиздаги тахтини кўргансан. Яна нимани кўряпсан?“, дедилар. У: “Икки ростгўй ва бир ёлғончини ёки икки ёлғончи ва бир ростгўйни кўряпман”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга (ҳамма нарса) чалкашиб кетибди. Уни (ўз ҳолига) қўйинглар“, дедилар»[4].

Яна Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: «Ҳаж ёки умра учун йўлга чиқдик. Биз билан Ибн Сайёд ҳам бирга эди. Дам олиш учун бир жойда тўхтадик. Одамлар тарқалиб кетди. Биз Ибн Сайёд иккаламиз қолдик. У ҳақда айтиладиган гаплар сабабли ундан қаттиқ ётсирай бошладим. У юкларини кўтариб келиб менинг юкларим ёнига қўйди. Унга: “Иссиқ куйдиряпти. Юкларингни анави дарахт остига қўйсанг яхши бўлар эди”, дедим. У шундай қилди. Бир пайт узоқдан қўй-эчкилар кўринди. У кетди ва бироздан сўнг катта қадаҳ билан қайтди ва: “Эй Абу Саид, бундан ичгин”, деди. Мен: “Ҳаво қизиган, сут ҳам иссиқ”, дедим. Аслида унинг қўлидан ичишни (ёки унинг қўлидан олишни) ёқтирмаган эдим, холос. Шунда у: “Эй Абу Саид, одамлар мен ҳақимда айтадиган гаплар сабабли қўлимга арқон олиб, уни дарахтга илиб, сўнг ўзимни осиб қўйгим келади. Эй Абу Саид, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини бошқалар билмаслиги мумкин, лекин сиз ансорларга маълумку?! Ахир сен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини энг яхши билувчи кишилардан эмасмисан?! У зот Дажжолнинг бепушт бўлишини, фарзанд кўрмаслигини айтмаганмилар?! Мен эса фарзандимни Мадинада қолдириб келяпман-ку?! Ёки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Мадинага ҳам, Маккага ҳам киролмаслигини айтмаганмидилар, мен эса Мадинадан чиқиб Маккага қараб кетмоқдаман-ку?!”» Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу айтади: «Ҳатто мен (унга ишониб,) узрини қабул қилишимга бир баҳя қолди. Кейин у: “Бироқ Аллоҳга қасамки, мен Дажжолнинг кимлигини ҳам, туғилган жойини ҳам, ҳозир қаерда эканини ҳам аниқ биламан”, деб қолди. Шунда мен унга: “Ҳа, қирилгур!”, дедим»[5].

(Давоми бор)

[1]  Ибн Сайёд Мадина яҳудийларидан бўлган киши. Уни ансорлардан бўлган деганлар ҳам бор. Асл исми «Соф» бўлган. Баъзилар унинг исмини «Абдуллоҳ» дейишган. Буни Заҳабий «Тажриду асмо ас-саҳоба» (1/319) китобида келтириб, бундай деган: «Ибн Шоҳин айтишича, унинг исми Абдуллоҳ ибн Сайёд бўлган. У Ибн Соиддир. Отаси яҳудий бўлган. Абдуллоҳ бир кўзининг ўрни гўшт билан қопланган ва хатна қилинган ҳолда туғилган. Дажжол деб гумон қилинган киши шудир. Кейинчалик мусулмон бўлган. Пайғамбаримизни кўрган тобеинлардан саналади». Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ал-исоба» (3/133) китобида Заҳабийнинг мазкур сўзини келтиргач, бундай деди: «Унинг фарзандларидан бири Умора ибн Абдуллоҳ ибн Сайёд бўлиб, мусулмонларнинг энг яхшиларидан, Саид ибн Моликнинг асҳобларидан эди. Имом Молик ва бошқалар у кишидан ҳадис ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Касир «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим» (1/173) китобида айтади: «Ибн Сайёд Мадина яҳудларидан бўлиб, лақаби «Абдуллоҳ» эди. Унга «Соф» деб ҳам айтилар эди. Иккала исм ҳам келган. Ёки асл исми «Соф» бўлиб, мусулмон бўлгандан кейин «Абдуллоҳ» деб атала бошланган бўлиши ҳам мумкин. Ўғли Умора ибн Абдуллоҳ тобеинларнинг саййидларидан эди. Молик ва бошқалар у кишидан ҳадис ривоят қилган». Қўшимча маълумот учун қаранг: Таҳовий. «Мушкил ал-осор», 4/96-103. Ибн Ҳажар. «Таҳзиб ат-таҳзиб», 7/418, 419.

[2] Муслим, 2930.

[3] Муслим, 2931.

[4] Муслим, 2925.

[5] Муслим, 2927.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг