Ҳаром амаллар: Аёл ва эркаклар кийиниш, гапириш ва ташқи кўринишда бир-бирларига тақлид қилиши

0

Эркак эркаклигини, аёл аёллигини сақлаши Аллоҳ таоло инсониятга ато этган фитратга муносиб ишдир. Бусиз инсоният ҳаёти издан чиқади. Эркакларнинг аёлларга, аёлларнинг эркакларга ўхшашга интилиши фитратга – табиий хилқатга зиддир. Бу иш ҳар хил бузуқчилик, ахлоқсизлик ва тубанликларга йўл очади. Бинобарин, шариатда бундай ишнинг ҳукми ҳаромдир. Қуръон ва ҳадисда бирор амални қилган киши лаънатланган бўлса, бу ўша амалнинг ҳаромлиги ва гуноҳи кабиралардан эканини билдиради.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни ва ўзини эркакларга ўхшатган аёлларни лаънатладилар” (Бухорий ривояти, «Фатҳ ал-Борий», 10/333)

Яна Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлсифат эркак ва эркакшода аёлларни лаънатладилар” (Бухорий ривояти. «Фатҳ ал-Борий», 10/333).

Ўзни бошқа жинсга ўхшатиш хатти-ҳаракат, юриш-туриш, ташқи қиёфа ва сўзлаш услубида бўлиши мумкин. Шунингдек, эркак ва аёлдан ҳар бири кийинишда ҳамда ҳар бир жинснинг ўзига хос жиҳатларда ўзини бошқасига ўхшатиши жоиз эмас. Шунга кўра, эркак киши занжир, билакузук ва зирак кабиларни тақиши мумкин эмас. Аёллар ҳам эркакларга хос бўлган куйлак, костюм-шим ва ҳоказоларни кийиши мумкин эмас. Аёл ташқи кўриниш, кийимнинг бичими ва ранггида эркаклардан ажралиб туриши лозим.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис ҳар икки жинс кийимда бир-бирларидан ажралиб туриши вожиб эканига далолат қилади: “Аллоҳ аёллар кийимини кийган эркакни ва эркаклар кийимини кийган аёлни лаънатлади” (Абу Довуд ривояти, 4/355. Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 5071).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг