Ҳаром амаллар: Кийим, девор, қоғоз ва шу кабиларга жонзотлар расмини чизиш

0

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Қиёмат куни Аллоҳ хузурида одамларнинг энг қаттиқ азобланадиганлари мусаввирлардир” (Бухорий ривояти. «Фатҳ ал-Борий», 10/382).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло деди: “Менинг яратишимдек яратишга уринган кишилардан ҳам золимроқ кимса борми?! Қани, бир дона донни ёки битта заррани яратсинлар-чи!” (Бухорий ривояти. «Фатҳ ал-Борий», 10/385).

Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Барча мусаввирлар дўзахдадир. Чизган ҳар бир сурати эвазига уларга биттадан (қўшимча) жон ато қилинади ва улар билан жаҳаннамда азобланади”. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: “Агар жуда чизгинг келса, дарахт ёки бирор жонсиз нарса чизгин” (Муслим ривояти, 3/1671).

Ушбу ҳадислар сурат сояли, соясиз, босма, чизма, ўйма, бўртма, қуйма ва бошқа кўринишларда бўлишидан қатъи назар, одамлар ва барча жонли ҳайвонлар суратини чизиш ҳаромлигига далолат қилади. Зеро, сурат чизиш ҳаромлиги ҳақидаги ҳадислар юқоридагиларнинг барчасини ўз ичига олади.

 Мусулмон одам шариат кўрсатмаларига сўзсиз бўйсунади, “Мен уларга ибодат қилайман-ку, сажда қилиб сиғинмайман-ку”, деб қайсарлик қилмайди.

Асримизда рассомчиликнинг авж олиши оқибатида келиб чиқаётган иллатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси тўғрисида тафаккур қилган киши шариат уни ҳаром қилганидаги ҳикматни англай олади.

Кўп бузуқликлар, шаҳвоний ҳирсларнинг жунбушга келиши аксар ҳолатларда бир дона бузуқ суратга қараш сабабидан келиб чиқиши сир эмас.

Мусулмон киши фаришталарнинг киришига тўсиқ бўлувчи жонзотлар суратини уйда сақламаслиги керак. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ит ва суратлар бор уйга фаришта кирмайди”, деганлар (Бухорий ривояти. «Фатҳ ал-Борий», 10/380).

Баъзи хонадонларда ҳайкалчаларнинг, ҳатто кофирлар сиғинадиган маъбудалар тимсоли бўлган ҳайкалчаларнинг жавонларга, уйнинг турли бурчакларига зийнат ва совға буюмлар сифатида қўйилганига гувоҳ бўламиз. Албатта, ҳайкалларни бу тартибда уйга қўйишнинг гуноҳи уларни шунчаки чизишдан кўра оғирроқдир.

Шунингдек, суратларнинг деворга осилгани осилмаганидан ёмонроқдир. Чунки бундай суратлар кўп ҳолларда сурати чизилган шахснинг ортиқча улуғланишига ёки ўтган ғам-қайғуларнинг янгиланишига, ўтган аждодлар билан ноўрин фахрланишга сабабчи бўлади. Бу ишни эсдалик – хотира учун қилинган, деб оқлаб бўлмайди. Зеро, азиз ва яқин кишиларни чинакам хотирлаш қалбда бўлади, уларнинг ҳаққига раҳмат ва мағфират тилаб дуо қилиш билан бўлади.

Шундай экан, уйдаги осилган ва осилмаган барча суратларни чиқариб ташлаш керак. Озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқланган турли идишлардаги каби сақланиш қийин ёки имконсиз бўлган суратлар, қомуслар, луғат китоблари, ўқув китоблари ва шу кабилардаги суратлар, шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардаги суратлар каби зарурий ҳолатлар бундан мустаснодир. Умуман олганда имкон қадар бундай суратлардан четланишга, айниқса, улар ичидаги ғайриахлоқий суратларни йўқ қилишга ҳарис бўлмоқ керак. Аллоҳ таоло дейди: “Кучларингиз етганича Аллоҳдан тақво қилингиз” (Тағобун, 16).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг