Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (6)

0

Уламоларнинг Ибн Сайёд ўша катта Дажжолми ёки йўқ деган мавзудаги сўзларига келсак, Байҳақий Тамим Дорий ҳадиси[1] асносида охирзамонда чиқадиган катта Дажжол Ибн Сайёддан бошқа эканини айтган. Ибн Сайёд эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқишини хабар берган ёлғончи дажжоллардан бири бўлиб, улардан кўплари чиқиб бўлди. Ибн Сайёдни катта Дажжол эканини қатъий айтадиганлар гўёки Тамим Дорий воқеасини эшитишмаган. Чунки бу икки воқеа ўртасини мувофиқлаштириш жуда ҳам мушкул. Ахир қандай қилиб Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида ўсмирлик ёшида бўлган, Пайғамбар алайҳиссалом у билан учрашган ва ундан баъзи нарсаларни сўраган киши у зот вафот этмасдан бурун кекса чолга айланиб денгиз оролларидан бирида темир занжирлар билан кишанланган ҳолида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиққанлари ё чиқмаганлари ҳақида суриштириши мумкин? Демак, улар бу воқеадан хабар топмаганлар дейиш муносиброқ бўлади. Умар разияллоҳу анҳуга келсак, эҳтимол у киши Тамимнинг ҳикоясини эшитишидан аввал у фикрда бўлиб, кейин бу қиссадан хабар топгач мазкур қасамига бошқа қайтмаган бўлиши мумкин. Жобир эса, Умарнинг Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ичган қасамига гувоҳ бўлган, унинг бу фикрдан қайтганини билмаган бўлиши мумкин[2].

Нававий айтади: «Уламолар дедилар: “Ибн Сайёднинг қиссаси чигалдир. Уни ўша машҳур Дажжол, ё у эмас, деб бирон хулоса қилиш мушкул. Бироқ унинг кичик дажжоллардан бири экани борасида шак-шубҳа йўқдир”. Уламолар айтадилар: “Ҳадисларнинг зоҳиридан кўринадики, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг Масиҳ Дажжол экани ҳам, ундан бошқаси экани ҳам баён этилмади. Балки у зотга ваҳий ила Дажжолнинг сифатлари билдирилди, холос. Ибн Сайёдда эса унинг дажжол эканини кўрсатувчи эҳтимолий белгилар бор эди. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Дажжол ё ундан бошқа деб қатъий айтмаганлар. Шунинг учун Умар разияллоҳу анҳуга: «Агар у Дажжол бўлса, уни ўлдириш қўлингдан келмайди», деганлар.

Энди Ибн Сайёд ўзининг мусулмон экани-ю Дажжолнинг кофир бўлиши, унинг фарзанди борлиги-ю Дажжолнинг бепушт бўлиши, унинг Мадинага киргани, Маккага кетаётгани-ю Дажжолнинг эса Мадинага киролмаслигини айтиб ўзини оқлашига келсак, булар далилликка ярамайди. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжолнинг ер юзида фитна ўлароқ зоҳир бўладиган вақтдаги сифатларини хабар берганлар. Яна унинг Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Мени Аллоҳнинг элчиси эканимга гувоҳлик берасизми?» деб айтгани, гоҳо рост ва баъзан ёлғон тушлар кўриши, сув устидаги тахтни кўриши ҳақидаги даъволари, ўша Дажжол ўзи бўлишига қарши эмаслиги, унинг маконини билиши ва: «Мен унинг кимлигини, қаерда туғилишини ва ҳозир қаерда эканини биламан» деб айтиши, (ғазабланганида) шишиб кўчани тўлдириб юбориши у ҳақдаги шубҳаларни ҳамда у ёлғончи дажжоллардан бири эканини қўллаб-қувватлайди. Мусулмонликни кўрсатиши, ҳаж ва жиҳод қилиши, илгариги ишларини ташлагани эса унинг Дажжол эмаслигига очиқ далил бўлолмайди”»[3].

Ибн Сайёд борасида уламоларнинг сўзлари:

Абу Абдуллоҳ Қуртубий айтади: «Мазкур далиллардан келиб чиққан тўғри фикр шуки, Ибн Сайёд Дажжолдир. Ўша пайт оролда бўлиб, бошқа пайт саҳобалар орасида юриши ҳақиқатдан йироқ эмас»[4].

Нававий ва Қуртубийнинг юқорида ўтган сўзларидан тушуниладики, улар Ибн Сайёдни Дажжол деган фикр тўғри деб билганлар.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шайтоний ҳолатлар тўғрисида гапирар экан, бундай дейди: «…Мазкур ҳолатлар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида яшаб ўтган Абдуллоҳ ибн Сайёднинг ҳолатига ўхшаш шайтоний ҳолатлардан фарқ қилади. Дарҳақиқат, баъзи саҳобалар уни Дажжол деб ўйлаган, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эса у ҳақда аниқ бирон нарса демаган эдилар. Кейинроқ у зотга унинг Дажжол эмаслиги, балки коҳинлар тоифасидан экани ойдинлашди»[5].

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Ибн Сайёд катта Дажжол экани, ё у эмаслиги ҳақида келган ҳадисларни бирма-бир зикр қилгандан сўнг бундай деди: «Тўғрироқ фикр шуки, Дажжол Ибн Сайёддан бошқа шахс. Ибн Сайёд эса кичик дажжоллардан бири бўлган, сўнг тавба қилиб мусулмонлигини зоҳир қилган. Қалби ва ҳаёт тарзи эса фақат Аллоҳга аёндир»[6].

Ибн Сайёд борасида Шайхулислом Ибн Таймия ва Ҳофиз Ибн Касирнинг «У кичик дажжоллардан бири, охирзамонда чиқадиган катта Дажжол эмас» деган фикрлари тўғрироқ бўлса керак, валлоҳу аълам.

[1] Яъни, мана бу ҳадис назарда тутилмоқда: Фотима бинти Қайс разияллоҳу анҳо айтади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муаззинларининг «Жамоат намозига!» деган чорловини эшитиб, масжидга чиқдим ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқидим. Мен қавмнинг орқа томонида турган аёллар ичида эдим. Намоздан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга ўтирдилар ва табассум билан: «Эй одамлар! Ҳеч ким ўрнидан қимирламасин», дедилар. Сўнгра: «Биласизларми, нима учун сизларни йиғдим?», деб сўрадилар. Одамлар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни на тарғиб учун, на қўрқитиш учун йиғдим. Балки сизларни йиғишим сабаби, Тамим ад-Дорий насроний киши эди. У келиб менга байъат берди ва Исломни қабул қилди ҳамда Масиҳ Дажжол хақида мен сизларга айтиб берган ҳадисга тўла мувофиқ келадиган бир воқеани менга сўзлаб берди. Унинг айтишича, Лахм ва Жузом қабиласидан бўлган 30 киши билан кемага минишибди. Тўлқин уларни денгизда бир ой (писта пўчоқдек) ўйнатибди. Ниҳоят, улар денгиздаги бир орол яқинига лангар ташлабдилар. Қайиқларга ўтириб, оролга кириб боришибди. Уларнинг олдига қалин ва пахмоқ юнгли бир жонзот яқинлашибди. Юнгининг кўплигидан олди томонини орқасидан ажратиб бўлмас экан.

«Ҳой шўринг қургур, кимсан сен?», деб сўрабдилар.

«Мен Жассосаман», (жосус маъносида, Дажжолга хабарлар келтириб тургани учун шундай номланган) деб жавоб берибди у.

«Нима у Жассоса?», деб сўрабдилар.

У эса: «Эй қавм, хилватхонадаги анави киши олдига юринглар. Чунки у сизларнинг хабарингизга муштоқ», дебди.

Тамим ад-Дорий деди:

Махлуқ бизга хилватхонадаги кишини айтгач, бу махлуқ шайтон эмасмикан, деб чўчидик. Кейин тез-тез юриб, хилватхонага кириб бордик. У ерда икки қўли бўйнига боғланган, тиззасидан тўпиғигача темир билан кишанланган жуда баҳайбат бир инсонни кўрдик. Биз ундан: «Ҳой шўринг қурғур, сен кимсан?», деб сўрадик.

У: «Менинг хабарим(ни билиш)га қодир бўлдингиз. Менга айтингларчи, ўзингиз кимсизлар?», деди.

«Биз араблармиз. Кемага минган эдик. Денгизда довул бўлган вақтга тўғри келиб қолдик. Тўлқин бизни бир ой ўйнатди. Кейин сенинг мана бу оролинг яқинига лангар ташладик. Қайиқларга ўтириб, оролга келдик. Шунда юнгининг кўплигидан олдини орқасидан ажратиб бўлмайдиган пахмоқ бир жонзот олдимизга келди. «Ҳой шўринг қургур, кимсан сен?», деб сўрадик. «Мен Жассосаман», деди у. «Нима у Жассоса?», деб сўрадик. У эса: «Эй қавм, хилватхонадаги анави киши олдига юринглар. Чунки, у сизларнинг хабарингизга муштоқ», деди. Шундан сўнг биз тез юриб, сенинг олдинга келдик. Махлуқдан шайтон эмасмикан, деб чўчидик», дедик.

Ҳалиги киши: «Байсон (Шом диёридаги бир қишлоқ) хурмозори ҳақида менга хабар беринглар», деди.

Биз айтдик: «Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?».

У: «Унинг хурмолари ҳақида сўраяпман. Мева беряптими?», деди.

Биз: «Ҳа», дедик.

«Яқинда улар мева бермай қўяди. Энди менга Табария кўли ҳақида хабар беринглар», деди.

Биз дедик: «Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?».

«Унда сув борми?», деди.

«Ҳа, у жуда серсув», дедик.

«Кўлнинг суви яқинда қурий бошлайди. Энди менга Айн Зуғар (Зуғарбулоқ – Шомдаги шаҳар номи) ҳақида хабар беринглар», деди.

«Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?», дедик.

«Булоқда сув борми? Одамлар экинларини булоқ суви билан суғоришадими?», деб сўради.

«Ҳа, булоқнинг суви кўп, одамлари экинларини булоқ суви билан суғоришади», дедик.

«Уммийлар (яъни, оми, саводсизлар) пайғамбари ҳақида менга хабар берингларчи, у нима қилди?», деб сўради у.

«У Маккадан чиқди ва Ясрибга кўчиб ўтди», дедик.

«Араблар унга қарши уруш қилдими?», деб сўради.

«Ҳа», дедик.

«У улар билан қандай муносабатда бўлди?», деб сўради.

Биз унга у пайғамбарнинг чор атрофдаги араблардан ғолиб келганини ва ҳамма араблар унга итоат қилишганини айтдик.

У: «Шундай бўлдими?», деб сўради.

«Ҳа», дедик.

У деди: «Ҳа, араблар унга итоат қилишса, ўзларига яхши бўлади. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда хабар берай. Мен Масиҳ (Дажжол)ман. Яқин орада менга чиқиш учун рухсат берилади. Шунда мен чиқиб, қирқ кунда ер юзининг ҳаммасини айланиб чиқаман. Макка ва Тайбадан ташқари биронта ҳам шаҳару қишлоқни қолдирмай, кириб бораман. Фақат шу икки шаҳар менга ҳаром қилинган. Қачон улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта қўлида яланғоч қиличи билан пешвоз чиқиб, мени ундан тўсади. Уларнинг ҳар бир тепалигида уларни қўриқлаб турадиган фаришталар бор».

Фотима бинти Қайс айтади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асолари билан минбарларига нуқиб: «Тайба мана шудир.. Тайба мана шудир», дедилар Мадинани назарда тутиб.

Кейин айтдилар: «Огоҳ бўлинглар, мен сизларга бу ҳақда хабар берган эдимми?».

Одамлар: «Ҳа», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тамимнинг гаплари жуда ажойиб бўлди. Чунки улар менинг Дажжол ҳақида, Макка ва Мадина ҳақида сизларга айтиб берган гапларимга тўлиқ мос келди. Билиб қўйинглар, Дажжол Шом ёки Яман денгизидадир. Йўқ, у машриқ тарафдан (чиқади). Ҳа, у машриқдан, машриқдан..».

Шундай деб у зот қўллари билан машриққа ишора қилдилар. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шу сўзларни ёдимда сақлаб қолганман, деди Фотима бинт Қайс. (Муслим ривояти, 5235). (Тарж.)

[2] Ибн Ҳажарннг «Фатҳ ал-Борий» китобидан (13/326-327) нақл қилинди.

[3] Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 18/64-65.

[4] «ат-Тазкира», 2/822.

[5] «Ал-фурқон байна авлиё ар-Раҳмон ва авлиё аш-шайтон», 166-бет.

[6] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/173.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг