Аллоҳ суйган бандалар: Лағв-беҳуда ишлардан юз ўгириш

0

Аллоҳ таоло деди: “Лағв-беҳуда ишлар ёнидан ўтиб қолсалар, юз ўгириб ўтиб кетадилар” (Фурқон, 72).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳар қандай паст, ярамас, бефойда сўз ва ишларга «лағв» дейилади. Бунга куй-қўшиқ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам киради”. Сўнг оятдаги: “юз ўгириб ўтиб кетадилар”, деган жумлани шарҳлаб, бундай дейди: “Бунинг маъноси: уни инкор қилиб, рози бўлмай, юз ўгириб ўтиб кетадилар. Лағв аҳли билан бирга ўтирмайдилар, яъни, ботил ва беҳуда ишларга кирмайдиган олийжаноб кишилардек юз ўгириб ўтиб кетадилар”[1].

Аллоҳ таоло деди: “Мўминлар дарҳақиқат нажот топдилар. Улар намозларида хушу билан турадилар. Улар ҳар қандай фойдасиз сўз ва ишлардан юз ўгирувчилардир” (Муъминун, 1-3).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Барча гуноҳлар лағвдир”, деган.

Уламолар мусиқа ҳаром эканига учта оятни далил келтиришган:

  1. Аллоҳ таолонинг сўзи: “Одамлар ичида шундай кимсалар бор, улар одамларни адаштириб ҳидоят йўлидан ҳой-ҳаваслар йўлига буриб юбориш учун ва Аллоҳнинг оятларини истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб олади. Ана ўшаларга шармандали, хорловчи азоб бордир” (Луқмон, 6).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан “беҳуда сўз” ҳақида сўрашганида: “Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқ Аллоҳга қасам ичиб айтаман, у куй-қўшиқдир!” деб жавоб қилган[2].

  1. Аллоҳ таолонинг сўзи: “Эй мушриклар, сизлар ҳали Қуръондан ажабланасизми?! Қуръонни масхара қилиб, куласизми?! Унда айтилган таҳдидлардан қўрқиб, йиғламайсизми?! Сизлар Қуръондан юз ўгирган ғофилларсиз!” (Нажм, 59-61).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ушбу оятдаги “ғофиллар” деб таржима қилинган “сомидун” калимаси тафсирида бундай деган: “У ҳимярликлар (Ямандаги бир қабила) тилида “куй-қўшиқ айтувчилар” маъносини англатади. Улар Қуръон оятларини эшитса, ўйин-кулги қилар эди”[3].

  1. Аллоҳ таолонинг сўзи: “Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат” (Исро, 64).

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Оятда айтилган “овоз”дан мурод қўшиқ ва мусиқадир”, деб айтган[4].

Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтган[5]: “Аллоҳнинг душмани лаънати шайтоннинг илмсиз ва содда одамларни алдайдиган ҳийла-найрангларидан ҳамда жоҳил ва нобакор кимсалар қалбини овлайдиган тузоқларидан бири куй-қўшиқ, ҳуштак ва чапакдир. Бу куй-қўшиқ қалбларни Қуръондан тўсиб, уни фисқ ва маъсият гирдобига тортади. У шайтоннинг “қуръони”, Раҳмон таолодан тўсувчи қалин девор, баччавозлик ва зинокорликнинг сеҳр-жодусидир. У билан суюқоёқ ошиқ ўз маъшуқасидан кўзлаган мақсадига етади. Лаънати шайтон куй-қўшиқ билан нобакор кимсаларни йўлдан уради, найранг ишлатиб мусиқани уларга чиройли кўрсатади, мусиқанинг яхшилигини исботлаш учун улар кўнглига ботил шубҳалар солади. Натижада одамлар шайтоннинг васвасасига учиб, мусиқани ҳалол санайди ва Қуръондан узоқлашади. Эҳ-ҳе, сиз уларни куй-қўшиқ тинглаётганларида кўрсангиз эди: овозлар тинади, ҳаракатлар тўхтайди, қалблар унга буткул боғланади, куй-қўшиқ ичига шўнғиб кетади. Тингловчилар худди маст одамдек тебраниб, хотинчалиш кимсаларга ўхшаб ноз-карашма қиладилар”.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ яна дейди: “Раҳмоний оҳангга зид бўлган бундай шайтоний оҳангнинг шариатда ўндан ортиқ номи бор. «Лаҳв», «лағв», «ҳуштак», «чапак», «зинога чорловчи», «шайтоннинг қуръони», «қалбда нифоқ ўсдирувчи», «аҳмоқ товуш», «фожир товуш», «шайтоннинг товуши», «шайтоннинг карнай-сурнайи», «самуд-ғафлат» шулар жумласидан”.

(давоми бор)

[1] Қуртубий тафсири, 13/80-81.

[2] Ибн Касир тафсири, 3/442; Қуртубий тафсири, 14/51.

[3] Қуртубий тафсири, 14/51.

[4] Қуртубий тафсири, 14/51.

[5] Ибн Қаййим, «Иғосат ал-лаҳфон мин масойид аш-шайтон», 1/224-254 бетлар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг