Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (7)

0

Энди иккинчи масала – Дажжол Қуръонда очиқ-ойдин зикр қилинмаганининг ҳикматига келсак, бу саволга Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ қуйидагича жавоб берган: «Дажжолнинг ёмонлиги, фитнасининг улканлиги, пайғамбарлар ундан огоҳлантиргани, ҳатто намозда ҳам ундан паноҳ тилашга буюрилгани зикр қилинишига қарамай, Дажжол ҳақида Қуръонда очиқ айтилмаганининг ҳикмати нима деган савол уламолар ўртасида машҳур бўлган. Бу саволга талай жавоблар берилган:

  1. Дажжол Аллоҳ таолонинг ушбу оятида зикр қилинган: “Раббингизнинг (қиёмат бошланганига далолат қилувчи) баъзи аломатлари келадиган кунда ҳеч бир жон эгасига, агар у шу кунгача иймон келтирмаган бўлса, у куни келтирган иймони асло фойда бермайди” (Анъом, 158). Термизий Абу Ҳурайрадан ривоят қилиб, саҳиҳ деган ҳадисда айтилади: “Уч нарса чиқадиган бўлса, илгари иймон келтирмаган кимсага энди иймон келтириши фойда бермайди: Дажжол, добба ва қуёшнинг кунботардан чиқиши[1].

  2. Қуръоннинг қуйидаги оятларида Исо ибн Марям алайҳиссалом тушишига ишора қилинган: “Аҳли китобдан бирор кимса (охирзамонда Исо тушганидан кейин) вафотидан аввал унга иймон келтирмай қолмайди” (Нисо, 159).

Дарҳақиқат, у (яъни, Исо алайҳиссалом) қиёмат белгисидир” (Зухруф, 61). Маълумки, Дажжолни Исо алайҳиссалом ўлдиради. Бинобарин, бир-бирига қарама-қарши икки шахсдан бирини зикр қилиш билан кифояланди. Шунингдек, Дажжол ҳам Исо алайҳиссалом каби «масиҳ» деб аталади. Бироқ Дажжол залолат масиҳи, Исо алайҳиссалом эса ҳидоят масиҳидир.

  1. Дажжол ҳақир саналгани учун Қуръонда ёд этилмади, балки яъжуж ва маъжуж тилга олиниши билан гуёки ёд этилгандек бўлди. Зеро, уларнинг фитнаси Дажжол фитнаси ҳамда ундан аввалги ҳодисалардан олдин юзага чиқмайди. Бироқ бу “Қуръонда Дажжолнинг номи алоҳида тилга олинмаслигининг ҳикмати нима?” деган саволга қониқарли жавоб бўлолмайди. Шайхимиз Имом Булқиний бунга қуйидагича жавоб беради: «Қуръонда номи тилга олинган барча бузғунчиларни ўрганиб чиқдим. Уларнинг барчаси тарихда яшаб, ўтиб кетганлар эканини, ҳануз келмаганлардан эса бирортаси зикр қилинмаганини топдим». Иқтибос тугади. Аммо бу гап яъжуж ва маъжуж билан бекор бўлади, чунки улар ҳануз чиқмаган бўлсалар ҳам номлари Қуръонда зикр қилинган.

Бағавий тафсирида[2] келишича, Дажжол Қуръонда Аллоҳ таолонинг: “Қасамки, еру осмонларни яратиш (Аллоҳ учун) одамларни яратишдан кўра каттароқ (бир иш)дир” (Ғофир, 57) деган сўзида зикр қилинган бўлиб, оятдаги «одамлар»дан мурод Дажжолдир. Унга кўра, оятда кўпчиликни ифода этувчи «одамлар» сўзидан бир киши назарда тутилган бўлади. Агар бу ўз исботини топса, энг яхши жавоб шу бўлар эди, валлоҳу аълам»[3].

Юқорида ўтганлардан равшан бўладики, Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг ҳадисларда собит бўлган катта аломатларидан, иймон келтириш вожиб бўлган мутавотир хабарлардандир. Мазкур далилларда Дажжолнинг чиқишини бутунлай рад қиладиган баъзи хаворижларга, жаҳмийларга, мўътазилийларга ва уларга ҳамфикр бўлган қадимдаги ва замондош кишиларга ёки «Дажжол ҳақиқат бўлмаган хаёлотларни олиб келади» дейдиганларга яхши раддиялар бор. Уларнинг барчалари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан турли йўллар билан ривоят қилинган юқорида келтирилган мутавотир саҳиҳ ҳадисларни рад этадилар.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ уларга раддия берар экан, айтади: «Ҳузайфа ва бошқалардан ривоят қилинган ҳадисда Дажжолнинг суви аслида олов, олови эса муздек сув бўлиши, фақат сиртдан қараганда шундай кўриниши айтиб ўтилди. Ибн Ҳазм, Таҳовий ва бошқалардан иборат бир гуруҳ уламолар ушбу ҳадисни ушлаб олиб, “Дажжол шунчаки фирибгар, кўзбўямачи холос. Ўз замонасида одамларга кўрсатадиган одатдан ташқари ишлари ҳақиқати йўқ бўлган хаёлотдан бошқа нарса эмас”, дейишди.

Мўътазилийлар шайхи Абу Али ал-Жуббоий айтади: “Сеҳр афсуни Пайғамбар мўъжизасига ўхшаб қолмаслиги учун Дажжол кўрсатган ишлар ҳақиқат бўлиши жоиз эмас”. Қози Иёз ва бошқалар унга раддия билдириб: “Дажжол илоҳликни даъво қилади. Ҳолбуки, унинг инсон жинсидан экани бу даъвога бутунлай тескаридир. Шунинг учун, ноодатий ишларни кўрсатишида бирор монелик йўқ”, дейишди. Хавориж ва жаҳмийлардан кўплаб тоифалар ва мўътазилийлардан баъзилари Дажжолнинг чиқишини бутунлай инкор қилишди, у ҳақда келган ҳадисларни шунчаки рад этишдан нарига ўтмадилар. Юқорида келтирганимиздек Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан талай йўллар билан собит бўлган мутавотир саҳиҳ хабарларни бу тарзда рад этишлари билан улар уламолар доирасидан чиқишди. Аслида биз бу бобда келган ҳадисларнинг баъзиларини келтирдик, холос. Зеро, шунинг ўзи ҳам қаноатлантиради ва кифоя қилади.

Ўтган ҳадислардан маълум бўладики, Аллоҳ бандаларини Дажжол ҳамда у кўрсатадиган ноодатий ҳодисалар билан имтиҳон қилади. Юқорида ўтганидек, Дажжол осмонга амр этиб, ўзининг измига юрган кишилар устига ёмғир ёғдиради, ерга буюриб экинларни ўстиради, одамлар ва чорва ҳайвонлари улардан озиқланади, чорва моллари семирган ҳолда қайтади. Унга эргашмаган, чақириғига «лаббай» демаганлар бошига очлик, қурғоқчилик, қаҳатчилик, касалликлар тушади, уларнинг чорва моллари қирилиб кетади, мол-дунё, жон ва мева-чеваларга талофатлар етади. Ер хазиналари худди асаларилар она асаларига эргашганидек Дажжол ортидан эргашади. Дажжол ёш йигитни ўлдириб, сўнг қайта тирилтиради. Буларнинг бари афсун эмас, балки чинакамига содир бўлади, Аллоҳ бу ишлар билан ўша замонда бандаларини синайди. Кўпларни шу билан адаштирса, яна кўпларни ҳидоят қилади. Қалбида шубҳа бор инсонлар кофир бўлиб кетса, иймон келтирган кишиларнинг иймонлари янада зиёда бўлади. Қози Иёз ва бошқа баъзилар “(Аллоҳ Дажжолга берган фавқулодда ишлардан биронтасини мўмин бандаларининг адашишига ёки унинг даъвоси исботланишига сабаб қилиб қўймайди). У бундай имкониятга эга бўлишдан ҳақирроқдир[4] ҳадисини мана шу маънога йўйганлар.

Яъни, у Аллоҳнинг асл мўмин бандаларини адаштириб юборадиган кучга эга эмас. Чунки у, гарчи одатдан ташқари ишларни амалга ошириш имкониятига эга бўлса-да, бироқ нуқсони, фожирлиги ва золимлиги ошкора кўриниб туради, икки кўзи ўртасига очиқчасига «кофир» деб ёзилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «к-ф-р» деган сўзлари билан унинг ҳақиқий ёзув бўлишини таъкидлаганлар. Бу эса ўша ёзув баъзи одамлар айтганидек маънавий эмас, балки ҳиссий бўлишига далолат қилади. Шунингдек, унинг бир кўзи айбли, жирканч кўринишда, бўртиб чиққан бўлади. Ҳадисда: “(Кўзи) бамисоли «тофия» (сув устида қалқиб турган) узум донасига ўхшайди[5], деганининг маъноси шудир. Баъзилар уни «тофиа» деб ривоят қилишган. Бу сўз «нурсиз» деган маънони англатади. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Дажжол кўзининг жирканч суратда эканини тасвирлаб: “Унинг кўзи гўёки сувалган силлиқ девордаги балғамга ўхшайди”, деганлар[6]. Баъзи ҳадисларда эса унинг ўнг кўзи ғилай бўлиб, чап кўзи билан бир хил бўлиши айтилган. Унга кўра, ё икки ривоятдан бири хато ёки ҳар икки кўзида ғилайлик мавжуд бўлиб, «ғилайлик» деганда «ноқислик», «айблилик» маънолари қасд қилинган бўлади.

Бу жавобни Табароний ривоят қилган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: “Бизга Муҳаммад ибн Муҳаммад Таммор ва Абу Халифалар сўзлаб беришича, Абул-Валид Зоидадан, Зоида Саммокдан, Саммок Икримадан, у эса Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Дажжол сочи жингалак, ранги оппоқ, боши дарахт шохига ўхшайди. Чап кўзининг ўрни текис, бошқаси (ўнг кўзи) эса «тофия» (сув устида қалқиб турган) узум донаси кабидир», дедилар”[7]. Суфён Саврий ҳам Саммокдан шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилган. Лекин ўтган ҳадиснинг давомида “Бошқа кўзи эса дурдек порлаган юлдузга ўхшайди” деб ҳам келган. Шунга кўра, ривоятлардан бири хато бўлади. Ёки кўзларидан бирининг ўзи айбли (ғилай) бўлиши, иккинчиси эса бўртиб чиққани сабаб нуқсонли саналиши ҳам мумкин, валлоҳу аълам»[8].

[1] Термизий, 3072.

[2] «Тафсир ал-Бағавий», 4/101.

[3] «Фатҳ ал-Борий», 13/91-92.

[4] Бухорий (6705), Муслим (2939), Ибн Можа (4073) ва бошқалар ривоят қилган.

[5] Ҳадис тахрижи ўтди.

[6] Аҳмад, 3/79.

[7] Табароний «ал-Кабир»да (11/273) ривоят қилган.

[8] Ибн Касир. «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/164-166.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг