Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (1)

0

Учинчи фасл

Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушиши

Қиёматнинг энг улкан аломатларидан, энг катта белгиларидан яна бири охирзамонда Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг самодан тушишидир. Китобу суннатда келган оят-ҳадислар далолат қиладики, у зот қиёмат қойим бўлишидан илгари ерга тушиб, Дажжолни ўлдиради, хочни синдиради, халойиқни адолат билан бошқаради, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари билан ҳукм қилади, шариатдан одамлар тарк қилган ишларни қайтадан жонлантиради. Ерда Аллоҳ хоҳлаган муддат яшагандан кейин вафот этади. Одамлар у кишининг жанозасини ўқиб, дафн этадилар.

Исо алайҳиссалом ҳақидаги мавзу талай масалаларни ўз ичига олади:

Биринчи масала: у зотнинг тушишига Китобу суннатдан далиллар:

Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг тушишига далолат қиладиган уч оят бор:

Биринчи оят Аллоҳ таолонинг «Албатта у (Исо) қиёмат белгисидир…» (Зухруф, 61) деган сўзидир. Яъни, Исо алайҳиссаломнинг тушиши қиёмат яқинлигининг белгисидир. Буни бошқа бир қироат – «илмун» сўзидаги «айн» ва «лом» ҳарфлари фатҳали қилиб «аламун» (яъни, аломат) деб ўқилган қироат ҳам қўллаб-қувватлайди. Яъни, Исо алайҳиссаломнинг чиқиши қиёмат аломатларидан бир аломат, белгиларидан бир белги, яқин қолганига бир ишорадир. Имом Аҳмад ва Ҳоким ушбу: «Албатта у (Исо) қиёмат белгисидир…» (Зухруф, 61) ояти тафсирида Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан: «Оят маъноси: қиёмат кунидан олдин Исо ибн Марям алайҳиссалом чиқишидир»[1] деганини ривоят қилишган.

Бу маъно талай тафсир илми имомларидан ривоят қилинган, Ҳофиз Ибн Касир ва бошқалар шу маънони тўғри деб билишган[2].

Иккинчи оят Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: «(Эй мўминлар,) кофирлар билан (жанг майдонларида) тўқнашган пайтингизда (сидқидилдан уришинглар,) уларнинг бўйинларига қилич тортинглар. Ҳатто қачонки (кўп ўлдириш билан) уларни ҳолдан тойдирсангизлар, у ҳолда асирга тушганларни маҳкам боғланглар. Сўнг уларга (асирларини) ҳеч қандай эвазсиз қўйиб юбориш (билан марҳамат кўрсатасизлар), ё улар (ўзларини мол билан ёки бошқа нарса билан) қутқариб оладилар. (Ё эса қул қилинадилар ёки қатл этиладилар). То уруш ниҳоясига етмагунича (мана шу ҳолатда давом этинглар)…» (Муҳаммад, 4).

Бағавий раҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида айтади: «Оятнинг маъноси: Токи барча халқлар Исломга кирмагунча, дин ва ибодатнинг барчаси Аллоҳ учун бўлмагунча, жиҳод ҳам, уруш ҳам бутунлай тугайдиган кун келмагунча мушрикларни қатл этиш ва асир олиш билан ҳолдан тойдиринглар. Бу эса Исо ибн Марям алайҳимассалом тушганида содир бўлади»[3].

Учинчи оят эса Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: «Аҳли китоб борки, албатта, (Исо алайҳиссалом) вафотидан илгари унга иймон келтиради. Қиёмат куни (Исо алайҳиссалом) улар (яъни уни ёлғончига чиқарганлар ва унга иймон келтирганлар) устидан гувоҳлик беради» (Нисо, 159).

Аксар муфассирлар оятдаги «вафотидан» ва «унга» сўзларидан Исо ибн Марям алайҳиссалом кўзда тутилганини тасдиқладилар[4].

Ибн Жарир Табарий раҳимаҳуллоҳ Абу Молик раҳимаҳуллоҳдан Аллоҳ таолонинг: «Аҳли китоб борки, албатта, (Исо алайҳиссалом) вафотидан илгари унга иймон келтиради» (Нисо, 159) ояти борасида шундай деганини ривоят қилади: «Бу Исо ибн Марям алайҳиссалом тушганида содир бўлади. Ўшанда у кишига иймон келтирмаган аҳли китоб қолмайди»[5].

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шубҳасиз, шу тафсир тўғридир. Чунки бу оятларни келтиришдан кўзланган мақсад яҳудийларнинг Исо алайҳиссаломни ўлдириб, уни хочга михладик, деган даъвоси ҳамда айрим жоҳил насронийларнинг уларни тасдиқлаши ботил эканини исботлашдир. Аллоҳ таоло иш аслида ундай бўлмаганини хабар бермоқда.  Аслида бошқа бир киши Исо алайҳиссаломга ўхшатилиб, улар билмасдан ўша одамни хочга тортишади. Исо алайҳиссаломни эса Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарганини, у киши ҳануз тирик эканини, қиёмат кунидан аввал ерга қайта тушишини хабар бермоқда. Иншооллоҳ, бироздан сўнг келтирадиганимиз мутавотир даражасига етган ҳадислар ҳам бунга далолат қилади. Исо алайҳиссалом залолат масиҳи Дажжолни қатл этади, хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради, жизяни бекор қилади. Яъни, бошқа дин вакилларининг бирортасидан жизя олмайди, балки улар олдида ё Исломни қабул қилиш ёки қатл қилиниш қолади. Мазкур ояти карима хабар берадики, ўша онда аҳли китобнинг ҳаммаси у кишига иймон келтиради, бирорталари ҳам у кишини тасдиқламай қолмайди»[6].

(Давоми бор)

[1] Имом Аҳмад «Муснад»да (4/329, 2921-ҳадис) ривоят қилган. Аҳмад Шокир раҳимаҳуллоҳ: «Ҳадис санади саҳиҳ», деган. Ҳоким «Мустадрак»да (2/254) ривоят қилиб: «Санади саҳиҳ, бироқ Бухорий ва Муслим ривоят қилишмаган», деган. Заҳабий Ҳокимнинг бу сўзини маъқуллаган.

[2] Қаранг: «Тафсир Ибн Касир», 4/131-132. «Тафсир ат-Табарий», 25/90.

[3] «Тафсир ал-Бағавий», 4/179.

[4] Қаранг: «Тафсир ат-Табарий», 6/21. «Тафсир ал-Бағавий», 1/497. «Тафсир Ибн Касир», 1/577.

[5] «Тафсир ат-Табарий», 6/18.

[6] «Тафсир Ибн Касир», 1/514.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг