Аллоҳ суйган бандалар: Лағв-беҳуда ишлардан юз ўгириш (3)

0

Тўртинчи исм: ботил

Ботил ҳақнинг зиддидир.

Муҳаммад ибн Қосимдан Убайдуллоҳ сўради:

– Куй-қўшиқ ҳақида нима дейсиз?

– У ботилдир.

– Ботиллигини биламан. Унинг жойи қаерда деб ўйлайсан?

– Ботил қаерда бўлади, деб биласан?

– Дўзахда.

– Куй-қўшиқ ҳам шундай.

Бир киши Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан:

– Куй-қўшиқ ҳақида нима дейсиз, у ҳалолми ёки ҳаромми? – деб сўради.

– Аллоҳнинг Китобида нима ҳаром дейилган бўлса, шундан бошқасини ҳаром демайман, – деб жавоб қилди.

– Унда ҳалолми?

– Ҳалол демайман.

Сўнг Ибн Аббос сўровчининг ўзидан:

– Қиёмат куни ҳақ билан ботил келганида куй-қўшиқ қайси бирида бўлади? – деб сўради.

– Ботил билан бирга бўлади, – деди у киши.

– Боравер, ўзингга ўзинг фатво бериб бўлдинг, – деди Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг бу жавоби ароқ, зино, баччабозлик ва номаҳрам аёллар мадҳ этилмаган, мусиқа асбоблари аралашмаган аъробийларнинг қўшиқлари ҳақида эди. Уларнинг қўшиқлари юқорида саналган ботиллардан холи бўлган. Агар саҳобалар ҳозирги бу куй-қўшиқларни кўрганида эди, у ҳақда жуда кескин сўз айтган бўлар эдилар. Чунки ҳозирдаги куй-қўшиқларнинг фитна ва зарари маст қилувчи ичимликнинг фитна ва зараридан чандон-чандон каттадир”.

Бешинчи исм: ҳуштак ва чапак

Аллоҳ таоло деди: “Уларнинг Масжидул ҳаромда қиладиган ибодатлари фақат ҳуштак ва чапак чалишдан иборат эди” (Анфол, 35).

Ибн Аббос, Ибн Умар, Атийя Авфий, Мужоҳид, Заҳҳок, Ҳасан ва Қатодалар оятдаги (ўзбекчага «ҳуштак ва чапак чалиш”, деб таржима қилинган) «муко ва тасдия»ни ана шундай тафсир қилишган.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ деди: “Аллоҳ таоло эркакларга намозда эҳтиёж туғилиб қолган тақдирда ҳам чапак чалишни жорий қилмаган. Аксинча, аёлларга ўхшаб қолмасликлари учун эркакларни намоз ичида зарурат бўлиб қолса тасбеҳ айтишга буюрган. Энди, эҳтиёжсиз чапак ва ҳуштак чалиб, яна бунга турли гуноҳларни қўшсалар, қандай бўлади?!”

Олтинчи исм: зинога чорловчи

Куй-қўшиққа бундай исмни Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ берган. Ҳақиқатда бу исм куй-қўшиққа жуда монанд, унга ўта муносиб номдир.

Язид ибн Валид дейди: “Эй Бани Умайя, куй-қўшиқдан сақланинглар. Куй-қўшиқ ҳаёни камайтиради, шаҳватни орттиради, мурувватни вайрон қилади. Куй-қўшиқ маст қилувчи ичимлик ўрнини босади, мастлик инсонни не кўйга солса, куй-қўшиқ ҳам шу кўйга солади. Борди-ю, ундан четланишдан ожиз қолсангиз, уни аёллардан узоқлаштиринг, аёлларга айттирманг, чунки куй-қўшиқ зинога чорловчидир”.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳга қасам, куй-қўшиқ сабаб неча-неча ҳур ва озод аёллар фоҳишага айланди, қанчадан-қанча озод эркаклар ёш болаларга ва қизларга қул бўлди. Яна қанча ор-номусли инсон одамлар ичида бадном бўлди. Не-не бойлар қашшоқлашиб, хору зорликда қолди. Тинч-омон юрган кишилар куй-қўшиққа илакишиб турли балоларга йўлиқди. Бошларга ғам-ғуссалар солган, неъматларни йўқ қилган, одамга азоб ва жазолар тоттирган ҳам куй-қўшиқдир”.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг