Аллоҳ суйган бандалар: Аллоҳнинг амрига бўйсуниш (1)

0

Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) Қуръон оятлари билан панд-насиҳат қилинсалар, худди кар ва кўрдек ўзларини эшитмаганга ва кўрмаганга солиб олмайдилар” (Фурқон, 73).

Қатода раҳимаҳуллоҳ деди: “Ҳақни эшитишдан кар, кўришдан кўр бўлиб олмайдилар. Аллоҳга қасам, улар ҳақни англаб етиб, Аллоҳнинг Китобидан эшитган нарсаларидан фойда оладиган зотлардир”[1].

Мўмин кишининг доимий ҳоли шу: унга Аллоҳ таолодан ёки Расулидан бирон амр-фармон келса, тезда уни бажаришга киришади.

Аллоҳ таоло деди: “Ҳақиқий мўминлар ўз ўрталарида ҳукм қилиши учун Аллоҳнинг китобига ва пайғамбарининг ҳукмига чақирилган пайтдаги одатлари ўша ҳукмни қабул қилиш ва: “Бизга айтилган ҳукмни эшитдик ва унга чорлаган Зотга итоат қилдик”, деб айтиш эди. Ана ўшалар нажот топган кишилардир” (Нур, 51).

Бошқа бир оятда бундай дейди: “Эй пайғамбар, Раббингизга қасам, то улар ораларида содир бўлган низоларда сизни ўзларига ҳакам қилмагунларича ва қилган ҳукмингиздан кўнгилларида танглик топмай, унга тўла таслим бўлмагунларича ҳақиқий мўмин бўла олмайдилар” (Нисо, 65).

Раббимиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни яхшиликка шошилишга амр этиб бундай дейди: “Аллоҳга ва Расулига итоат қилиш билан Раббингизнинг мағфиратини ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводор зотлар учун ҳозирлаб қўйган бепоён жаннатини қўлга киритишга шошилингиз!” (Оли Имрон, 133).

Бошқа бир оятда айтади: “Мусобақалашувчилар мана шу абадий ноз-неъматларга етишиш борасида мусобақа қилишсин” (Мутоффифин, 26).

Аллоҳ суйган бандалар Аллоҳнинг буйруқларигагина итоат қилиб, уни бажарадилар ҳамда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламгагина эргашадилар.

Саҳобалар (разияллоҳу анҳум) Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажаришга шошилиш жиҳатидан ҳаммага ўрнак, намуна эди. Ҳижоб ояти нозил бўлган пайтдаги ансорларнинг аёлларига қаранг: ҳаммаси ўша заҳоти кийимларидан йиртиб олдилар-да, Парвардигорлари буюрганидек устларига ёпинчиқ қилиб, юзларини ёпдилар.

Оят оқшомда нозил бўлган эди, улар тонг отишини ҳам кутиб ўтиришмади. Дарҳол кийимларидан бошларига рўмол-ёпинчиқ қилиб олдилар ва бомдод намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан рўмол ўраган, бош ва кўкракларини тўсган ҳолда ўқидилар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Сафийя бинти Шайба разияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Биз Ойша разияллоҳу анҳо ҳузурида ўтирганимизда Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатлари ҳақида сўз кетди. Шунда Ойша разияллоҳу анҳо: «Ҳа, дарҳақиқат, Қурайш аёлларининг ўзларига хос фазилатлари бор. Лекин мен, Аллоҳга қасам, Аллоҳнинг Китобини тасдиқлашда ва нозил бўлган оятларга иймон келтиришда ансорларнинг аёлларидан афзал аёлларни кўрмадим! Нур сурасидаги “Рўмоллари билан юзларини ёпган ҳолда кўкрак ва бўйинларига ҳам ўрасинлар” ояти нозил бўлди. Ансор эркаклар ўзларига қарашли хотин-қизларга бу оятларни тиловат қилиб бердилар. Улардан бири ўз аёлига, қизларига, опа-сингилларига ва бошқа қариндош аёлларга Аллоҳ уларга туширган ушбу оятни тиловат қилиб берар экан, ҳар бир аёл дарҳол Аллоҳ уларга Қуръонда нозил қилган ҳукмларни тасдиқлаш ва унга иймон келтириш учун устки кийимларидан йиртиб бошига рўмол қилиб ёпиниб олишди. Эрталаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида (бомдод намозини ўқир эканлар) барчаларининг бошида ёпинчиғи бор, худди бошларига қора қарға[2] қўниб олгандек эди”[3].

Раббимиз Аллоҳ таоло мўминларни васф қилиб, бундай деди: “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ зикр қилинганида қалбларига қўрқув тушадиган, Қуръон оятлари тиловат қилинганида иймонлари яна ҳам ортадиган ва Аллоҳгагина таваккул қиладиган – суянадиган кишилардир” (Анфол, 2).

[1] Ибн Касир тафсири, 3/329.

[2] Қарға тим қора бўлгани учун аёлларнинг қора рўмоллари ранг жиҳатидан унга ўхшатилган (Тарж.).

[3] Абу Довуд ривояти.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг