Аллоҳ суйган бандалар: Аллоҳнинг амрига бўйсуниш (2)

0

Мўминлар Аллоҳ азза ва жалланинг сўзини эшитганларида иймонлари ортади, Аллоҳнинг зикрини эшитсалар, қўрқувлари янада ошади.

Аллоҳ таоло деди: “Бирон сура нозил қилинса, мунофиқлар ичидан айримлари инкор этиб, истеҳзо билан: “Бу сура қай бирингизнинг иймонини орттирди?!” дейди. Бу суранинг нозил бўлиши иймон келтирган кишиларнинг иймонларини зиёда қилди. Улар Аллоҳ (ўзларига) берган иймону ишончдан хурсанд бўлишади. Қалбларида нифоқ ва шак-шубҳа марази бўлган кимсаларга эса, сура нозил бўлиши илгариги нифоқларига нифоқни, шак-шубҳаларига шак-шубҳани зиёда қилди, холос. Улар Аллоҳга ва Унинг оятларига кофир бўлган ҳолларида ҳалок бўлишди” (Тавба, 124-125).

Саҳобаларнинг Аллоҳ таоло амрларини бажаришга нақадар шошилишганига яна бир мисол келтирамиз. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Байтул мақдисга юзланиб ўн олти ёки ўн етти ой намоз ўқидилар. Сўнг юзларини Масжидул ҳаромга буриш ҳақида илоҳий амр келди. Каъбага юзланиб ўқилган илк намоз аср намози бўлди. Намоз тугагач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан асрни ўқиган кишилардан бири бир қавмнинг олдидан ўтаркан, (қибла Каъбага ўзгартирилганидан хабарсиз ҳолда) Байтул мақдис тарафга қараб намоз ўқишаётганини кўрди ва: “Аллоҳ номи билан гувоҳлик бериб айтаман, мен ҳозиргина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Каъба тарафга юзланиб намоз ўқидим”, деди. Саҳобий шу сўзни айтганида намоз ўқиётган қавм руку ҳолатида эди ва шу рукуда турганича Каъба томонга бурилдилар”[1].

Саҳобаларнинг Аллоҳ амрини бажаришга шошилишини кўринг! Улар намоз тугашини кутиб ўтирмадилар, балки руку қилиб турган ҳолларида бурилдилар. Субҳоналлоҳ! Нақадар покиза қалб эгалари, нақадар сара инсонлар улар!

Энди саҳобалар билан “Раббингнинг амрига итоат қилиб рўмол ўра!” десангиз, “Турмушга чиқсам ўрарман”, деб жавоб берадиган ҳозирги ёшлар ўртасини солиштириб кўринг!

Ҳаром қилинмасидан олдин аксар саҳобалар ароқ ичар эдилар. Сўнг Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари нозил бўлди: “Эй иймон келтирганлар, албатта, ароқ, қимор, бутлар ва (фол очиш учун ишлатиладиган) ёйлар шайтон чиройли кўрсатадиган гуноҳ ишлардир. Бу гуноҳлардан узоқлашинглар, шояд нажот топсангизлар! Албатта, шайтон ароқ ичиш ва қимор ўйнаш сабабли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан чалғитишни истайди, холос. Энди сизлар бундан тийилинглар!” (Моида, 90-91). Шунда уларнинг барчалари: “Тийилдик, эй Раббимиз, тийилдик!” деб шу заҳоти мазкур ишлардан узоқ бўлдилар.

Энди сиз бу саҳобалар билан “Чекишни ташла!” десангиз, унинг зарари ва ҳаром эканини билатуриб: “Секин-секин ташлаб юбораман, бир ой ичида чекишни буткул ташлайман”, дегувчилар ўртасини солиштиринг.

Субҳоналлоҳ! Ким унга бир ой умр кўришига кафил бўла олади?!

[1] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 1/95) ривояти.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг