Ҳаром амаллар: Қабр устига ўтириш, уни оёқ билан босиш ва қабристонда ҳожат чиқариш

0

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Инсон қабр устига ўтирганидан кўра чўғнинг устига ўтиргани, натижада кийимлари куйиб, ҳатто чўғ баданига етиб боргани яхшироқдир” (Муслим ривояти, 2/667).

Қабрни босишга келсак, баъзи кишилар яқинларини дафн этиш асносида бемалол қабрларни босиб ўтаверадилар, бошқа маййитларга ҳеч қандай эҳтиром кўрсатмайдилар. Бу ишнинг нақадар оғир экани ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мусулмоннинг қабри устида юрганимдан кўра чўғ ёки қилич тиғи устида юрганим ёки поябзалимни оёғим билан тикканим суюклироқдир” (Ибн Можа ривояти, 1/499. Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 5038).

Шундай экан қабристон ерларини эгаллаб олган ва у ерга дўкон ёки уй-жой солганларнинг иши қандоқ бўлади?!

Қабристонга кириб ҳожат чиқаришга келсак, бу ишни диёнатдан, ахлоқдан ҳеч бир насибаси йўқ кимсалар қиладилар. Бундайлар ҳожати қистаса қабристон панжарасидан ошиб ўтиб нажосатлари билан маййитларга озор етказадилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Қабрлар ўртасида ҳожат чиқариш билан бозор ўртасида ҳожат чиқаришнинг фарқи йўқ” (Ибн Можа ривояти).

Қабристонда ҳожат чиқариш бозорда, эл-юрт кўз ўнгида авратини очиб ҳожат чиқарган каби хунук ишдир. Кабристонга (айниқса у ташландиқ,  деворлари қулаган ҳолда бўлса) турли ахлат ва чиқиндиларни ташловчилар ҳам юқоридаги таҳдидлардан бенасиб қолмайдилар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг