Дард ва даво (38): Гуноҳнинг заҳри (06)

0

Ҳасан Басрий ривоят қилган мурсал ҳадисда айтилишича, Аллоҳ бир қавмга яхшиликни ирода қилса, бошқарувни ҳалимларининг, ўлжаларини (ғазналарини) сахийларининг қўлига топшириб қўяди. Агар бир қавмга ёмонликни ирода қилса, бошқарувни эсипастларининг, ўлжаларини (ғазналарини) бахилларининг қўлига топшириб қўяди[1].

Имом Аҳмад ва бошқалар Қатода раҳимаҳуллоҳдан нақл қилган ривоятда Мусо алайҳиссалом бундай дейди: “Эй Раббим, Сен осмондасан, биз эса ерда. Сени бизга ғазабинг келгани ёки биздан рози бўлганингни қандай биламиз, аломати нима?”. “Агар устингизга яхшиларингизни бошлиқ қилиб қўйсам, бу Менинг сизлардан розилигим аломати. Агар устингизга ёмонларингизни бошлиқ қилиб қўйсам, бу Менинг сизлардан ғазабланганим аломати”, деб жавоб берган экан Аллоҳ таоло [2].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Фузайл ибн Иёздан зикр қилишича, Аллоҳ таоло пайғамбарлардан бирига қуйидагича ваҳий қилган экан: “Агар Мени танийдиган бандам Менга осийлик қилса, устига Мени танимайдиган бандамни бошлиқ этиб қўяман[3].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ таоло то ёлғончи амирларни, фожир вазирларни, хоин ёрдамчиларни, золим оқсоқолларни, сиймолари роҳибларникидек, қалблари эса ўлимтикдан ҳам бадбўй, истак хоҳишлари турли-туман бўлган фосиқ қориларни юбормагунича қиёмат қойим бўлмайди.  Аллоҳ уларга тўзонли зимистон тундек қоп-қора фитна юборадики, ундан эсанкираб қолишади. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали Ислом таълимотлари бирма-бир йўқолиб кетади. Ҳатто “Аллоҳ, Аллоҳ”, дейдиган қолмайди. Ё яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар, ё Аллоҳ устингизга ёмонларингизни бошлиқ этиб қўяди. Оқибатда улар сизларни қаттиқ азобларга гирифтор қиладилар. Шунда яхшиларингиз дуо қила бошлайди. Лекин дуолари ижобат этилмайди. Ё яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар, ё Аллоҳ устингизга кичикларингизга раҳм қилмайдиган ва катталарингизни эҳтиром қилмайдиган душман юборади[4].

Имом Табаронийнинг “Ал-мўъжам” китобида ва бошқа ҳадис тўпламларида Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қай қавм ўлчов ва тарозидан уриб қолса, Аллоҳ азза ва жалла уларга ёмғир ёғдирмай қўяди. Қай қавм орасида зино авж олса, ўлим сони ортади. Қай қавм орасида рибо урчиса, эсдан оғиш (жиннилик) кенг тарқалади. Қай қавм орасида қотиллик – бир-бирларини ўлдириш – кўпайса, устларига душманлари ҳукмрон этилади. Қай қавм ичида Лут қавми амали ёйилса, ерютишлар содир бўлади. Қай қавм яхшиликка буюришни ва ёмонликдан қайтаришни тарк қилса, қилган яхши амаллари Аллоҳ ҳузурига кўтарилмайди (қабул қилинмайди) ва дуолари ижобат этилмайди[5].

Мазкур ҳадисни Ибн Абу Дунё ҳам ривоят қилган[6].

Аҳмад “Муснад”да ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга ҳансираган ҳолда кириб келдилар. Юзларидан у зот бир ишдан қаттиқ ҳаяжонланганларини билдим. Бир оғиз ҳам гапирмадилар. Таҳорат олиб, масжидга чиқдилар. Хона деворига яқин бориб, у зотни кузатдим. Минбарга кўтарилдилар, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг:Эй одамлар, Аллоҳ азза ва жалла сизларга бундай демоқда: “Менга дуо қилганингизда уни ижобатсиз қолдирмасин, нусрат (мадад) сўраганингизда нусратини дариғ тутмасин, бирон эҳтиёжингизни сўраганингизда бермай қўймасин десангиз, яхшиликка буюринглар ва ёмонликдан қайтаринглар”, дедилар»[7].

Зоҳид Умарий айтади: “Аллоҳнинг қаҳрини келтирадиган ишни кўрганингда, сенга зарар ҳам, фойда ҳам беришга кучи етмайдиган оддий бандадан қўрқиб, индамай ўтиб кетишинг, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаслигинг  ўзингдан ғафлатда бўлишинг (ғофиллигинг) ва Аллоҳдан юз ўгирганинг аломатидир”.

Бошқа ўринда шундай дейди: “Ким одамлардан қўрқиб, амри маъруф ва наҳий мункарни (яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни) тарк қилса, унга ҳеч ким бўйсунмай қўяди. Ҳатто ўз фарзанди ёки қулини бир ишга буюрса, сўзини икки қиладиган бўлади[8].

 Имом Аҳмад “Муснад”да ривоят қилишича, Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу бундай деган экан: «Эй инсонлар, сизлар қуйидаги оятни ўқиб, уни бошқача талқин қиласизлар:Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас[9]. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Одамлар золимни (зулм қилаётганини) кўриб, унинг қўлини тийиб қўймасалар, – бир ривоятда мункар ишни кўриб уни ўзгартирмасалар (қайтармасалар) Аллоҳ таоло уларнинг барчасига умумий балони юбориши эҳтимоли катта”, деганларини эшитганман»[10].

 

[1] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 31.
[2] Аҳмад, “Зуҳд”, 1582 (Ўғли Абдуллоҳ қўшган ривоятлардан); Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 32; Абу Нуайм, “Ал-ҳиля”, 6\290; Ибн Асокир, “Тарихи Димашқ”, 61\145.
[3] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 31.
[4] Собиқ манба, 34.
[5] Мазкур (яъни Саид ибн Жубайр орқали нақл қилган) кўринишда Табароний ривоят қилганини учратмадик. Табароний “Ал-мўъжам ал-кабир”да (10\45) Товус орқали ривоят қилган.
[6] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 35.
[7] Аҳмад, “Муснад”, 6\159 (25255); Ибн Можа, 4004; Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, “Муснад”, 864; Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 36; Ибн Ҳиббон, 290 ва бошқалар ривоят қилишган.
[8] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 38; Абу Нуайм, “Ал-ҳиля”, 8\248; Мақдисий, “Ал-амру бил-маъруф”, 49.
[9] Моида, 105.
[10] Аҳмад, “Муснад”, 1\2 (16); Абу Довуд, 4338; Термизий, 2168; Ибн Можа, 4005; Ибн Ҳиббон, 304.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг