Дард ва даво (39): Гуноҳнинг заҳри (07)

0

Авзоий раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан зикр қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Гуноҳ иш яширинча қилинса, касофати уни қилган одамгагина тегади. Борди-ю, ошкор қилинса ва ундан қайтарилмаса, касофати оммага тегади[1].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ нақл қилган ривоятда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтади: “Одамлар яшаб турган обод шаҳарлар харобага айланай дейди”. “Одамлар яшаб турган обод шаҳар қандай қилиб харобага айланади”, деб сўрашди. Шунда Умар: “Қачон шаҳар фожирлари яхшилари устидан ҳукмрон бўлса ва қабилани мунофиқлари бошқарса”, деб жавоб берди[2].

Авзоий раҳимаҳуллоҳ Ҳассон ибн Атийядан ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳали умматимнинг ёмонлари яхшилари устидан ҳукмрон бўлади. Ҳатто бугун мунофиқлар мунофиқлигини яширгандек, мўмин банда улар ичида иймонини яшириб юради[3].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳали шундай замонлар келадики, мўминнинг қалби худди туз сувда эригандек эриб кетади”. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг элчиси, нега бундай ҳолатга тушади?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Мункар (гуноҳ) ишни кўриб, уни ўзгартиришга кучи етмаслигидан”, деб жавоб бердилар[4].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Жарир разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қайси халқ орасида гуноҳ иш қилинса-ю, одамлар шу гуноҳни қилганлардан кучлироқ ва кўпрок бўлатуриб ундан қайтармасалар, албатта Аллоҳ улар бошига умумий балони юборади[5].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Усома ибн Зайддан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат куни бир киши келтирилиб, дўзахга улоқтирилади. Шунда унинг ичак-чавоқлари чиқиб кетади. Сўнг худди эшак тегирмон тошини айлантиргандек дўзах атрофида айлана бошлайди. Дўзах аҳли уни ўраб олиб: “Эй фалончи, сенга нима бўлди? Бизни (дунёда) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?” дейишади. У эса: “Сизларни (дунёда) яхшиликка буюриб, уни ўзим қилмас, ёмонликдан қайтариб, уни ўзим қилар эдим”, деб жавоб беради[6].

Имом Аҳмад Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: “Бани Исроил қавмининг бир олими бор эди. Унинг уйига эркак ва аёллар келар, олим уларга ваъз-насиҳат қилар, Аллоҳ тақдир қилган кунлар (бандаларига ато этган неъматлари ёки ҳаддидан ошган бандаларининг бошига солган азоб-уқубатлари)ни эслатар эди. Кунларнинг бирида фарзанди келган аёлларга қўз қисаётганини кўриб қолди ва: “Ҳой, ҳой, болам!”, деб унга дашном берди. Шунда олим ўтирган жойидан йиқилиб, орқа мияси лат еди, аёлининг ҳомиласи тушиб қолди, фарзандлари қатл этилди. Аллоҳ таоло (ўша замондаги) Бани Исроил пайғамбарига қўйидагиларни ваҳий қилди: “Фалончи олимга мана бу сўзларимни етказиб қўй: «Мен зурриётингдан бирон сиддиқ (ростгўй, художўй) банда чиқармайман. (Ножўя ишни кўрганингда) Мен учун қилган ғазабинг бор-йўғи: “Ҳой, ҳой, болам” дейиш бўлдими?![7].

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Инсонлар наздида) беэътибор саналган кичик гуноҳлардан эҳтиёт бўлинглар! Чунки улар йиғилиб-йиғилиб, кишини ҳалок қилади”. Сўнг бу гуноҳларга мисол келтириб бундай дедилар: «Бир гуруҳ одамлар саҳрода дам олиш учун тўхтадилар. Овқат тайёрлаш вақти бўлди. Улардан бири бориб бир дона чўп, иккинчиси яна битта чўп топиб келди. Шундай қилиб, бир уюм ўтин йиғишди. Сўнг ўт ёқиб, таомларини пишириб олишди[8].

Имом Бухорий “Саҳиҳ”да ривоят қилади: Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Сизлар шундай амалларни қиляпсизларки, наздингизда улар соч толасидан ҳам ингичка (кичик ва арзимас)дир. Биз эса уларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳалок қилувчи амаллардан деб билардик[9].

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир аёл бир мушукни очликдан ўлгунича қамаб қўйгани учун азобланди, шу сабаб дўзахга кирди. У мушукка на овқат берди, на сув ичирди ва на ер ҳашоратларидан ейиши учун қўйиб юборди[10].

[1] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 40; Табароний, “Ал-авсат”, 4770.
[2] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 44.
[3] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 45; Абу Амр Ад-доний, “Ас-сунан ал-ворида фил-фитан”, 401.
[4] Ибн Абу Дунё, “Ал-уқубот”, 46.
[5] Аҳмад, “Муснад”, 4\364 (19230); Абу Довуд, 4339; Ибн Можа, 4009 ва бошқалар ривоят қилган.
[6] Бухорий, 3267 ва Муслим, 2989.
[7] Аҳмад. “Зуҳд”, 524; Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 2\372.
[8]  “Муснад”, 1\402-403 (3818-ҳадис); Таёлисий. “Муснад”, (400-ҳадис); Табароний. “Ал-мўъжам ал-кабир”, 10\261 (10500-ҳадис) ва бошқалар ривоят қилган.
[9] Бухорий, 6492.
[10] Бухорий, 2365. Муслим, 2242.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг