Аср ва хуфтондан олдинги суннат намозлар ҳақида

0

Савол:

Аср билан хуфтон намозларидан олдин ўқиладиган суннат намозлар борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аср намозидан олдинги тўрт ракаат намоз ҳақида қуйидаги ҳадис бор: Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Асрдан олдин тўрт ракаат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳм қилсин” (Абу Довуд (1271) ва Термизий (430) ривояти). Ушбу ҳадиснинг саҳиҳлигида уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд. Бироқ ривоят йўлларини жамлаганда ҳадиснинг ровийлар силсиласи ҳасан даражасига кўтарилади. Асрдан олдинги тўрт ракаат намоз таъкидли бўлмаган суннат намозлар, яъни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида ўқиб, гоҳо тарк қилган намозлардан ҳисобланади. Бу намознинг вақти аср намози вақти киргандан бошланиб, то фарзга иқомат айтилгунга қадар давом этади.

Асрдан олдинги тўрт ракаат намоз ва умуман кундузи ўқиладиган тўрт ракаатли суннат намозлар икки-икки ракаатдан бўлиб ўқиладими ёки бир салом билан қўшиб ўқилиши хусусида ҳам уламолар ихтилофлашганлар. Шунга биноан, бу хусусда кенгчилик мавжуд бўлиб, инсон бу икки кўринишдан бирини ихтиёр қилишининг зиёни йўқ.

Хуфтон намозидан олдинги тўрт ракаатга келсак, бу хусусда бирон саҳиҳ хос далил келмаган. Шунга биноан, “хуфтондан олдин тўрт ракаат суннат намоз бор”, деган эътиқод билан намоз ўқиш жоиз эмас. Бироқ қуйидаги ҳадисга биноан азон билан иқомат орасида икки ракаат нафл ўқиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Муғаффал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар икки азон (яъни азон билан иқомат) ўртасида намоз бор, ҳар икки азон (яъни азон билан иқомат) ўртасида намоз бор” – деб айтдилар ва учинчи марта айтганларида “хоҳлаганлар учун” деб қўшиб қўйдилар” (Бухорий (627) ва Муслим (838) ривояти). Шунингдек, баъзан хуфтон вақти киргач азон билан иқомат ўртасида икки ракаатдан кўпроқ, тўрт ёки ундан ҳам кўпроқ нафл намоз ўқиш жоиздир. Негаки, бу вақт нафл намоз ўқиш жоиз вақт бўлиб, ундан ташқари юқорида зикр қилинган ҳадисда икки ракаатга чекламасдан, “намоз бор” дея мутлақ айтилган, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг