Умар розияллоҳу анҳу: жоҳилиятдаги ҳаёти (1)

0

Умар розияллоҳу анҳу Қурайшнинг бошқа болалари каби ҳаётининг бир қисмини жоҳилиятда кечирди. Бироқ ўқиш-ёзишни билиши билан улардан ажралиб турар, ўқишни биладиганлар эса озчиликни ташкил қилар эди. Умар розияллоҳу анҳу бой ва дабдабали ҳаётдан йироқ, жуда ҳам қийинчиликда улғайган эди. Хаттоб ўғли Умарга бениҳоят қаттиққўллик билан муомала қилар, уни ҳар куни туя боқиш учун яйловга чиқариб юборар эди. Отаси тарафидан бўлган бундай қўпол муомала Умар розияллоҳу анҳуга қаттиқ таъсир қилган ва бу қийинчиликларни ҳаёти давомида эслаб юрар эди. Абдураҳмон ибн Ҳотиб бу ҳақда ривоят қилиб шундай дейди: “Биз Умар ибн Хаттоб билан Зажнон[1]да эдик. Шунда у: “Мен бу ерда Хаттобнинг туяларини боқардим. У жуда ҳам қўпол эди. Гоҳида чўпонлик қилсам, гоҳида ўтин терардим” – деди”. Бу давр Умар розияллоҳу анҳунинг ҳаётидаги энг қийин даврлардан бири бўлган. Саид ибн Мусайяб роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Умар розияллоҳу анҳу ҳаж қилди. Зажнонга келганида: “Ла илаҳа иллаллоҳ! Аллоҳ Олий ва Улуғ зот, хоҳлаган кишига хоҳлаган нарсасини ато этади. Мен бу водийда жун яктак кийиб олиб Хаттобнинг туяларини боқар эдим. У жуда ҳам қўпол; ишласам қийнар, бирор ишни бажаришда камчиликка йўл қўйсам урар эди” – деди”.

Умар розияллоҳу анҳу фақат отасининг туяларини эмас, балки Бану Махзум қабиласидаги холаларининг қўй ва туяларини ҳам боқар эди. Умар розияллоҳу анҳунинг айтишича, бир куни у халифалик вақтида хаёлига: “Сен мўминлар амири, сен ҳаммадан афзалсан!” – деган фикр келиб қолди. Шунда у ўзига аслида ким эканини танитиб қўйиш учун мусулмонларнинг ичида ўзининг аслида оддий подачи экани, Бану Махзум қабиласидаги холаларининг қўй ва туяларини боқиб улғайганини эълон қилди. Муҳаммад ибн Умар Махзумий дадасидан ривоят қилишича, бир куни Умар розияллоҳу анҳу ҳаммани намозга чақирди. Одамлар йиғилганидан кейин минбарга чиқиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Расулуллоҳга салавот ва саломлар айтди ва: “Эй одамлар! Мен Бану Махзум қабиласидаги холаларимнинг қўй ва туяларини боқиб, эвазига бир ҳовуч хурмо ёки майиз олардим. Шундай қийинчиликларни бошимдан ўтказганман” – деди. У минбардан тушганида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Эй мўминларнинг амири! Сиз ўзингизни жуда ҳам ерга уриб юбордингиз” – деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Унақа деманг, эй Ибн Авф! Мен бир куни холи қолганимда хаёлимга: “Сен мўминлар амирисан! Сен ҳаммадан афзалсан!” – деган фикр келди. Мен ўзимга асли ким эканимни билдириб қўйгим келди” – деди.

Албатта Умар розияллоҳу анҳу исломга киришидан олдин Маккада шуғулланган бу касб унда сабр-тоқат, чидамлилик ва ботирлик каби гўзал сифатларни пайдо қилди. У фақат подачилик қилибгина қолмай, ёшлигиданоқ турли-туман ҳунарларни, жумладан, жисмоний машғулот,  кураш, отга миниш каби ҳунарларни пухта эгаллади. Қолаверса, Умар розияллоҳу анҳу шеъриятга ҳам қаттиқ қизиқар, кўп шеърлар ёдлаган эди. У қавмининг тарихига қизиқар, арабларнинг Укоз, Мажинна ва Зулмажоз каби катта бозорларига боришга интилар эди. У ерда тижорат, араблар тарихи ва қабилалар орасида бўлган воқеаларни ўрганар эди. Чунки у ерда адабий фаолиятлар давомида бу воқеалар ҳам айтиб ўтилар эди. Бу адабий фаолиятларни катта-катта адиблар барча қабилалар иштирокида ўтказишар эди. Шунинг учун ҳам араблар тарихи унутилмас эди. Гоҳида бу бозорлар қабилалар ўртасида урушга сабаб бўларди. Хусусан Укоз бозори Фижор[2] деб аталган тўртта катта урушга бевосита сабаб бўлган.

[1] Зажнон Маккадан 22-25 км узоқликдаги тоғ

[2] Фижор қонунга амал қилмаслик маъносида бўлиб, мазкур урушларда уруш қонун- қоидалари унутилиб кетгани боис шундай ном олган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг