Исломда намознинг мавқеи

0

Исломда намознинг мавқеи:

Намоз исломдаги энг муҳим фарзлардан бири бўлиб, бу жиҳатдан икки шаҳодатдан кейин туради. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар унга шундай дедилар: “Уларни дастлаб даъват қиладиган нарсанг Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик келтириш бўлсин. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда уларга Аллоҳ таоло бир кеча кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини билдиргин…[1].

Шунга биноан, кимда ким намознинг фарзлигини инкор этса кофир бўлиб, диндан чиқади. Бу борада уламолар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Фақат дангасалик қилиб намозни тарк қилган киши тўғрисида ихтилоф бор. Дангасалик ила намозни тарк қилган киши ё намозни батамом ташлаб қўйиб, то ўлгунига қадар намоз ўқимаслиги мумкин, ё гоҳида намоз ўқиб, баъзан ўқимаслиги мумкин. Биринчи  ҳолат, яъни батамом намозни тарк қилган кишининг ҳукми қуйидаги ҳадисда зикр қилинган ҳукмдир: “Биз (мусулмонлар) билан улар, (яъни кофирлар) ўртасини ажратувчи нарса намоздир. Шундай экан, ким намозни тарк қилса аниқ кофир бўлибди[2]. Шунингдек, бундай кишига Абдуллоҳ ибн Шақиқнинг қуйидаги гапи ҳам мувофиқ келади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари намоздан бошқа бирон бир амални тарк қилишни куфр деб билмас эдилар[3].

Энди иккинчи ҳолат, яъни гоҳида намозни тарк қилиб, баъзан намоз ўқиган кишига келсак, бундай киши кофир бўлмайди. Негаки, у намозни буткул тарк қилмай, балки давомий намоз ўқимаган кишидир. Бундай кимсага кофир деб ҳукм қилинмасада, бироқ азоб-уқубат хусусидаги таҳдид оят ва ҳадислари унга тегишли бўлади. Мени фикримча, қуйида зикр қилинажак Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам бундай кишига тааллуқли бўлади.

[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.

[2] Саҳиҳ, Термизий (2621) ва Ибн Можа (1079) ривояти.

[3] “Мажмуул фатово” (22\ 48-49) асарига қаранг.

Изоҳ қолдиринг