Закотнинг фарзлигига далил

0

Закотнинг фарзлигига далил:

Закотнинг фарз экани Қуръон, суннат ва ижмо билан ўз исботини топган.

Биринчидан: Қуръондан далил: Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг” [Тавба: 103].

Иккинчидан: Суннатдан далил: Бу борадаги ҳадислар бениҳоят кўпдир. Жумладан, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами” ва “Сунан” китобларида Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ислом беш (устун) устида қурилган: Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон (ойи) рўзасини тутиш ва йўл (харажати)га қодир бўлган кишига уй (Каъба)ни ҳаж қилиш[1].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборар эканлар унга шундай дедилар: “... Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин…[2].

Учинчидан: Ижмо далили: Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мусулмонлар барча асрларда закотнинг фарз эканига ижмо қилганлар. Шунингдек, саҳоба розияллоҳу анҳумлар закот бермаганларга қарши урушишга иттифоқ қилганлар”[3].

[1] Бухорий (8), Муслим (16), Термизий (2609) ва Насоий (8\107) ривоят қилганлар.
[2] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.
[3] “Ал-муғний” (2\573).

Изоҳ қолдиринг