Умавийлар: исломий даъват бошланиши билан исломни қабул қилган умавийлар

0

Агар тарихшуносларнинг йўлини тутиб, Бани Умайя билан Бани Абдушамс оилаларини бир уруғ деб ҳисоблайдиган бўлсак, улардан бир қанчаси биринчилардан бўлиб исломга кирганига гувоҳ бўламиз. Даъват яширин бўлаётган чоғларидаёқ Усмон ибн Аффон ибн Абулъос ибн Умайя ва Холид ибн Саид ибн Ос ибн Умайя, шунингдек, Ҳузайфа ибн Уқба ибн Рабиа ибн Абдушамс ва улар қаторида Бани Умайянинг икки иттифоқдоши ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари Умайма бинти Абдулмутталибнинг фарзандлари: Абдуллоҳ ибн Жаҳш ибн Риоб билан укаси Аҳмад ибн Жаҳшлар ҳам исломни қабул қилишди. Бани Умайядан Усмон ибн Аффон аёли Руқайя билан, Абу Ҳузайфа ибн Уқба ибн Рабиа аёли Саҳла бинти Суҳайл ибн Амр билан бирга Ҳабашистонга қилинган биринчи ҳижратда иштирок этдилар. Иккинчи Ҳабашистон ҳижратида ҳам Бани Умайядан бир қанча кишилар баъзи иттифоқдошлари билан бирга қатнашишган. Бу Бани Умайядан баъзи кишилар даъватнинг бошидаёқ исломни қабул қилганини таъкидлайди. Қолаверса, Бани Умайя ва Бани Абдушамс оиласидан исломга кирган аёллар ўзлари учун азиз ва қимматбаҳо бўлган барча нарсадан воз кечиб, ислом ривожига ҳисса қўшдилар. Улардан бири Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфёндир. У биринчилардан бўлиб исломни қабул қилган ва эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга Ҳабашистонга ҳижрат қилган эди. Бу ҳақда иншааллоҳ келгусида сўз юритамиз. Шунингдек, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг аёли Рамла бинти Шайба ибн Рабиа исломга кириб, эри билан бирга Мадинага ҳижрат қилди. Бадр урушида унинг отаси, амакиси ва амакиваччаси мусулмонлар тарафидан ўлдирилган бўлса ҳам, динда мустаҳкам турди. Буни кўрган Ҳинд бинти Уқба уни отасининг қотиллари даъват қилаётган динга кирганликда айблаб шеър айтган.

Важ[1], Макка ҳамда Ҳажун[2] аҳлидан,

Айниганлар[3] дучор бўлсин худо қаҳрига!

Отанг ўлиб кирдингми ортидан?

Отангнинг қотилларин динига.

Уқба ибн Абу Муайтнинг қизи Умму Кулсумнинг Ҳудайбия сулҳидан кейин Мадинага ҳижрат қилиши Бани Умайя аёлларининг дин йўлидаги фидокорлигига яна бир мисолдир.

Бани Умайя билан Бани Ҳошим ўртасидаги қуда-андачилик алоқалари

Бани Ҳошим билан Бани Умайя ўрталарида ҳеч қандай ҳасад, адоват ва нафрат йўқ эди. Бу гапларни дин душманлари ва баъзи жоҳил мусулмонлар тўқиб чиқаришган. Биз тарихга назар соладиган бўлсак, бу икки оила ўртасида қариндошлик, биродарлик ва дўстлик ришталари мустаҳкам эканига гувоҳ бўламиз. Улар бир-бирларига жуда ҳам яқин, ораларида ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром бор, бир-бирларининг ғам-қайғуларига шерик бўлар, исломдан олдин ҳам, исломдан кейин ҳам ўзаро ҳамжиҳат  эдилар. Масалан, Абу Суфён Аббос ибн Абдулматталиб билан қалин дўст эди. Қолаверса, бу икки оила ўртасида қуда-андачилик ҳам бўлган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Умайяга тўртта қизларини турмушга берганлар. Қуйида улар ўртасидаги баъзи қуда-андачилик ришталарини айтиб ўтамиз:

  • Усмон ибн Аффон ибн Абулъос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Руқайяга уйланган эди. Руқайя вафот этганидан кейин унинг синглиси Умму Кулсумга уйланди.

  • Абулъос ибн Рабеъ ҳам Бани Умайядан эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Зайнабга уйланиб, Умома исмли қиз кўрган. Умома Фотима онамиз вафот этганидан кейин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга турмушга чиққан.

  • Али ибн Абу Толибнинг қизи Хадича Абдураҳмон ибн Омир ибн Курайз Умавийга турмушга чиққан.

  • Али ибн Абу Толибнинг қизи Рамла Муовия ибн Марвон ибн Ҳакамга турмушга чиққан.

  • Ҳасан Мусанно ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибнинг қизи Зайнаб Валид ибн Абдулмалик ибн Марвонга турмушга чиққан.

  • Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг қизи Фотима Абдуллоҳ ибн Амр ибн Усмон ибн Аффонга турмушга чиққан.

Биз юқорида мавзуга оид айрим мисолларни айтиб ўтдик, холос. Ҳақиқат истаган одамга шу ҳам етарлидир.

[1] Тоиф яқинидаги қишлоқнинг номи.

[2] Макка яқинидаги тоғ.

[3] Макка аҳли исломни қабул қилганларни “айниганлар” дейишган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг