Абу Бакр розияллоҳу анҳу: фарзандлари

0

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фарзандлари қуйидагилардир:

  1. Абдураҳмон ибн Абу Бакр: у Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг энг катта фарзанди бўлиб, Ҳудайбия кунида исломга кирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида юриб, шижоати билан танилган. Унинг исломни қабул қилганидан кейинги бир неча мақтовга сазовор ишлари бор.

  2. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр: у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилишларида муҳим рол ўйнаган. Кундузи Маккада қолиб у ердаги хабарларни эшитар, кеч бўлганида эса ғорга келиб бу хабарларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан дадасига айтиб берар, тонг отганида яна Маккага қайтиб кетар эди. Тоиф жангида унга камон ўқи тегиб, яраланди ва бу яра узоқ вақт давом этиб, Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада шаҳид бўлди.

  3. Муҳаммад ибн Абу Бакр: унинг онаси Асмо бинти Умайс. У Видолашув ҳажи бўлиб ўтган йили дунёга келган. Муҳаммад Қурайшнинг кўзга кўринган забардаст йигитларидан эди. У Али розияллоҳу анҳунинг қарамоғида яшади. Али розияллоҳу анҳу уни Мисрга волий қилиб тайинлади ва ўша ерда ўлдирилди.

  4. Асмо бинти Абу Бакр: у Ойша розияллоҳу анҳонинг опаси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни “икки белбоғ соҳибаси” деб номлаганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан ҳижрат сафарига отланаётган чоғларида Асмо уларга бир тугун қилиб берди. Дастурхоннинг оғзини боғлашга ҳеч нарса топа олмагани боис белидаги боғичини иккига бўлиб, бир бўлаги билан дастурхоннинг оғзини боғлади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни “зотуннитоқайн” (икки белбоғ соҳибаси) деб номладилар. Асмо Зубайр ибн Аввомнинг турмуш ўртоғи эди. У билан бирга Мадинага ҳижрат қилди. Ўша вақтда Асмо Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомила эди. Абдуллоҳ ҳижратдан кейин туғилган энг биринчи чақалоқ ҳисобланади. Асмо розияллоҳу анҳо юз ёшга кирган бўлсада, бошқа қариялар сингари эс-ҳушини йўқотмади, бирорта тиши ҳам тушмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан  эллик олтита (56) ҳадис ривоят қилган. Асмо розияллоҳу анҳодан Абдуллоҳ ибн Аббос, ўғиллари Абдуллоҳ ва Урва, Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. У жуда ҳам сахий аёл бўлган. Асмо розияллоҳу анҳо ҳижрий  етмиш учинчи (73) йилда Маккада вафот этган.

  5. Сиддиқнинг қизи Сиддиқа, мўминларнинг онаси Ойша розияллоҳу анҳо: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларида Ойша онамиз олти ёшда эди. Ойша онамиз тўққиз ёшга кирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаввол ойида тўй қилиб, унга яқинлик қилдилар. Ойша онамиз энг олима аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Умму Абдуллоҳ деб кунялар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ойша онамиз ўрталаридаги меҳр-муҳаббат яхши эр-хотинлик муносабатининг чинакам ва гўзал намунасидир.

Шаъбий Масруқдан ривоят қилишича, Масруқ Ойша онамиздан ҳадис ривоят қилса: “Менга Сиддиқа бинти Сиддиқ, Мубарраа (поклиги Қуръонда зикр қилинган), Аллоҳнинг маҳбубининг маҳбубаси айтди” – дер эди. Ойша розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадислари  икки минг икки юз ўн (2210)тага етади. Шулардан  бир юз қирқ тўрт (144)таси муттафақун алайҳ, эллик тўрт (54)тасини имом Бухорий,  олтмиш тўққиз (69)тасини имом Муслим ривоят қилган. Ойша розияллоҳу анҳо ҳижрий эллик еттинчи йил  олтмиш уч (63) ёшида вафот этди. Ойша онамиз фарзанд кўрмаган.

  1. Умму Кулсум бинти Абу Бакр: унинг онаси Ҳабиба бинти Хорижа. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўлими олдидан Ойша розияллоҳу анҳога шундай васият қилган эди:

-Бу иккала опа-синглинг ва иккала ака-укангни эҳтиёт қил.

-Бири Асмо, иккинчиси ким?

-Ҳабиба бинти Хорижанинг қорнидаги ҳомиласини назарда тутаяпман. Тушимда у қиз туққан эмиш.

Ҳақиқатдан ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтганидек, Ҳабиба розияллоҳу анҳо қиз туғди. Умму Кулсум дадаси Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотидан кейин туғилди. У Талҳа ибн Убайдуллоҳга турмушга чиқди ва Талҳа Жамал урушида ўлдирилди. Умму Кулсум иддада ўтирган вақтида Ойша онамиз уни Маккага олиб бориб, биргаликда ҳаж қилдилар.

Мана бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муборак оиласи. Бу оиланинг барча аъзоларини Аллоҳ таоло ислом неъмати билан мукаррам қилган. Бундай фазилатга фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оиласи мушарраф бўлган. Уламоларнинг айтишларича, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оиласидан бошқа бирор бир оиладан тўрт авлодга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиш неъмати насиб қилмаган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу оиласидан саҳоба бўлган бу тўрт авлод қуйидагилардир: Абу Қуҳофа, унинг ўғли Абу бакр, Асмо бинти Абу Бакр ва унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр ёки Абу Қуҳофа, ўғли  Абу Бакр, Абдураҳмон ибн ибн Абу Бакр ва унинг ўғли Муҳаммад.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан бошқа ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам, ҳатто набиралари ҳам исломга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлган бирорта на аёл ва на эркак саҳобий бор. Уларнинг ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириб, у зотга саҳоба бўлиш бахтига муяссар бўлганлар. Саҳобалар ичида бундай бахтга фақатгина Абу Бакр оиласи эришган, холос.

Айтишларича, иймон ёки мунофиқлик билан танилган оилалар бўлади. Муҳожирлардан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оиласи, ансорлардан эса Бану Нажжор оиласи иймон билан танилган оилаларидан ҳисобланади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг