Талоқ қилишнинг ҳукми

0

Талоқ қилишнинг ҳукми:

Талоқ қилишнинг ҳукми ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, талоқ баъзан вожиб, гоҳида мустаҳаб ёки мубоҳ, айрим ҳолатларда макруҳ ёки ҳаром бўлади. Бироқ талоқ қилиш борасидаги асосий қоида эҳтиёж бўлмаганда талоқ қилиш макруҳлигидир.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқни ҳалол деб номлаган эканлар[1], демак, эҳтиёж бўлмаган ҳолатда талоқ қилинсагина у ёмон ҳисобланади. Чунки у шариат тарғиб қилган манфаатларни ўз ичига олган никоҳ риштасини кеткизувчидир. Шу жиҳатдан талоқ макруҳ бўлади[2].

Менимча, талоқ қилишнинг макруҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади ёхуд ҳадисда бунга ишора бор:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дарҳақиқат, Иблис тахтини сув устида ўрнатиб олиб, (ҳар томонга) ўз қўшинларини юборади. Уларнинг ичида (одамларни) энг кўп фитнага солувчилари  Иблисга энг яқинроғи ҳисобланади. Улардан бири келиб: “Мен бундоқ, бундоқ ишларни қилдим” – деб (Иблисга) ҳисобот беради. Иблис дейди: “(Арзигулик) ҳеч нарса қилмабсан”. Сўнгра бошқа бири келиб: “Мен Одам боласини токи эр-хотин ўртасини ажратмагунча ҳоли жонига қўймадим” – дейди. Шунда Иблис уни ўзига яқин олиб: “(Яшавор), сен зўрсан!” – дейди[3].

Ушбу ҳадис шуни кўрсатадики, талоқ ортидан келиб чиқадиган келишмовчилик ва уруш-жанжаллар, фарзандларнинг тарқоқ ва паришонхотирлиги, никоҳ манфаатларининг зое кетиши сабабли шайтон талоқни яхши кўради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “…Аёлларга яхшилик қилинглар (ёхуд менинг улар ҳақида айтган васиятимни қабул қилинглар). Негаки, аёллар(нинг онаси Ҳавво эгри) қовурғадан яратилган. (Маълумки,) қовурғадаги энг қийшиқ жой унинг юқори қисмидир. (Шунингдек, аёлдаги энг эгри аъзо унинг тилидир). Борди-ю, уни тўғирламоқчи бўлсанг синдириб қўясан, (яъни ундан бу эгрилигини тарк қилишни талаб қилсанг ундан ажралишга тўғри келади). Агар уни ўз ҳолига ташлаб қўйсанг қийшиқлигича қолаверади, (яъни уни тўғрилайман, деб овора бўлма, балки унга қийшиқлигича муомала қилавер). Шундай экан, аёлларга яхшилик қилинглар (ёхуд менинг улар ҳақида айтган васиятимни қабул қилинглар”[4]. Муслимга оид бир ривоятда шундай дейилади: “Уни синдириш талоқ қилишдир”.

Бу ҳадис аёллардан содир бўладиган айрим салбий хислатларга сабр қилиш ва уларни талоқ қилишга шошилмасликка далолат қилади.

Дарҳақиқат, ўзаро келишиш ва тинч-тотувликни Аллоҳ таоло яхши кўради. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сулҳ қилиш яхшидир”. Маълумки, талоқ бу нарсага зиддир.

Амр ибн Динордан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумо хотинларидан бирини талоқ қилди. Шунда хотини унга деди: “Менда сизга ёқмаган бирон нарса кўрдингизми?”. “Йўқ” – деди Ибн Умар. “Ундай бўлса, нега иффатли муслима бир аёлни талоқ қиласиз?! – деди хотини. Шундан сўнг Ибн Умар уни никоҳига қайтиб олди[5].

Талоқ борасидаги асл қоида шундай. Бироқ аввал айтиб ўтганимиздек, воқедаги ҳолатга қараб ҳукм ўзгариши мумкин. Шу боис, талоқ қилишнинг ҳукми қуйидаги тафсилотларга мувофиқ бўлади:

  1. Талоқнинг вожиблиги: унинг бир неча кўринишлари бор:

  • Эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келиб, улар ўртасини яраштириш имкони бўлмаса ва эр-хотин тарафидан сайланган икки ҳакам талоқни ихтиёр қилсалар.

  • Эр хотинига “Ийло” қилса, яъни унга тўрт ойдан кўпроқ муддатда жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичса. Агар тўрт ой муддат ўтса талоқ қилиш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Хотинларига жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичган кишилар учун тўрт ой муҳлат бор. Агар (шу муддат ичида хотинларига) қайтсалар (жоиздир). Зеро,  Аллоҳ шубҳасиз Мағфиратли ва  Раҳмлидир. Ва агар талоқ қилишни қасд қилган бўлсалар,  бас,  албатта Аллоҳ Эшитгувчи ва  Билгувчидир” [Бақара: 226-227].

  • Талоқ қилиш вожиб бўладиган ҳолатлардан яна бири Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ зикр қилган ҳолатдир: “Эр хотинини намоз ўқишга буюриши вожиб. Агар (шундан кейин ҳам) намоз ўқимаса (бу борадаги) тўғри фикрга кўра унинг жавобини бериши вожибдир[6].

Шунингдек, хотин ҳам агар эри намоз ўқимаса, эридан талоқ қилишини талаб қилади.

  1. Талоқнинг мустаҳаблиги:

  • Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Талоқнинг яна бир тури мустаҳабдир. Аёлнинг намоз каби Аллоҳнинг бандалар устидаги вожиб ҳақларини адо этишда сусткашлик қилиб, эри уни тўғри йўлга солиш имконини топмаган ёки иффатсиз хотини бўлган пайтда бундай хотинни талоқ қилиш мустаҳаб бўлади. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Эр бундай хотинни никоҳида сақлаб туриши лозим эмас.  Чунки уни никоҳида сақлаб туриши динига путур еткизади. Қолаверса, бундай аёлнинг эр тўшагини булғамаслиги, бировдан орттириб олган болани унга нисбат бермаслигига ҳам ишониб бўлмайди. Бундай ҳолатда хотинни мол-мулк эвазига талоқ талаб қилишга мажбурлаш учун эр унга тазйиқ ўтказиб, осонликча жавобини бермаслигининг зиёни йўқ[7].

  • Шунингдек, хотинининг у билан бирга яшашидан зиён кўраётгани, турмушидан норози эканини кўрса, гарчи хотинини яхши кўрсада, ундан зиённи кеткизиши ва унинг жавобини бериши унга яхшилик қилиш бобидан ҳисобланади. Яхшиси, панд-насиҳат қилиш ва хотинининг айрим ишларига сабр қилиш билан уни норози бўлишига сабаб бўлган зарарни кеткизиши лозим. Агар хотинига уни талоқ қилиш манфаатлироқ, деб билса, у ҳолда уни талоқ қилади.

  1. Талоқнинг мубоҳлиги:

  • Агар хотиннинг хулқи ёмон ёки муомаласи бузуқ бўлиб, эр бундан зиён кўрадиган бўлса ва уни тузатиш имкони ҳам бўлмаса, у ҳолда талоқ қилиш мубоҳдир.

  1. Талоқнинг макруҳлиги:

  • Агар юқоридаги ҳадисларда айтиб ўтганимиздек, талоқ қилишга эҳтиёж бўлмаса, у ҳолда талоқ макруҳдир.

  1. Талоқнинг ҳаромлиги:

  • Хотинни ҳайз ҳолатида ёки у билан жинсий яқинлик қилган пок ҳолатида талоқ қилиши ҳаром талоқ қилишдир. Бу талоқ бидъат талоқ дейилади. Бу ҳақда келажакда батафсил зикр қилинади, иншааллоҳ.

[1] Муаллиф “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ энг ёмон кўргани талоқдир”, деган ҳадисга ишора қиляпти. Бироқ ушбу ҳадис заиф бўлиб, уни Абу Довуд (2178) ва Ибн Можа (2018) ривоят қилган.

[2] “Ал-муғний” (7\ 97). Қаранг: Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг “Мажмуул фатово” асари (33\ 21).

[3] Муслим (2813) ва Аҳмад (3\ 314) ривоят қилган.

[4] Бухорий (5185), Муслим (1468) ва Насоий “Кубро”да (9140) ривоят қилган.

[5] Саҳиҳ. Саид ибн Мансур (7\ 355) ривоят қилган.

[6] “Ал-ихтиёрот ал-фиқҳийя” (426-бет).

[7] “Ал-муғний” (7\ 97).

Изоҳ қолдиринг