Тарк қилинган суннатлар: таҳорат билан ухлаш

0

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар (ухлаш учун) тўшагинга ётсанг, намозга таҳорат қилгандек таҳорат қил. Сўнг ўнг тарафинга ёнбошлаб:

اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ نَفْسِي إِلَيْكَ ، وَوَجَّهْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ ، لا مَلْجَأَ وَلا مَنْجَا مِنْكَ إِلا إِلَيْكَ ، آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ

Аллоҳим, мен ўзимни Сенга таслим қилдим, юзимни Сенга қаратдим, ишимни Сенга топширдим ва (ишларимда) Сенга таяндим. Сендан қочиб-қутилиб бўлмайди. Балки Сендан қочган яна Ўзингнинг ҳузурингдан нажот ва бошпана топади. Аллоҳим, Сен нозил қилган китоб (Қуръон)га ва Сен юборган Набиййинга иймон келтирдим” – деб айт. Агар шу кеча вафот этсанг тавҳидда вафот этган бўласан. Бу сенинг (уйқудан олдин айтадиган) сўнг сўзинг бўлсин” – дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу дуони қайта айтиб бердим. “Сен нозил қилган китоб (Қуръон)га” – деган жойига келганимда: “юборган Расулингга” – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, юборган Набийинга” – деб тўғрилаб қўйдилар” (Муттафақун алайҳ).

Уйқу ўлимнинг бир тури ҳисобланади. Чунки инсон ухлаганида ҳам, ўлганида ҳам руҳи танасидан ажралади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Аллоҳ инсонлар ўлган вақтларида уларнинг руҳларини олади. Ўлмаганларининг (руҳларини) эса уйқуга кетганида олади ва ўлимга маҳкум деб билганларининг руҳларини (қайтармасдан) ушлаб қолади. Қолганларини эса маълум бир муддатгача (ажаллари етгунича) қўйиб юборади” (Зумар: 42). Шунинг учун биз ухлашдан олдин таҳорат олиб, ўлимга тайёр бўлиб ётишимиз керак. Қолаверса, таҳорат билан ухлаган кишининг туши аксар ҳолларда тўғри бўлади ва шайтонлар у билан ўйнаша олмайди.

Таҳорат билан ухлашнинг фазилатларидан бири, у билан бирга бир фаришта ётиб, унга истиғфор айтади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким таҳорат билан ухласа, унинг кийимида у билан бирга бир фаришта тунайди. У ҳар уйғонганида фаришта: “Аллоҳим, фалончи бандангни ўзинг мағфират қилгин. Чунки у таҳорат билан ухлади” – дейди (Ҳасан лиғайриҳ).

Азизлар, бу фазилатдан ўзимизни маҳрум қилмай, ҳар доим таҳорат билан ухлайлик. Қолаверса, бу ишимиз билан одамлар орасида “ўлиб” кетган бир суннатни қайта “тирилтирган” бўламиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг