Биринчи асос: улуҳият ва рубубият тавҳиди ўртасидаги ўзаро боғлиқлик

0

Улуҳият ва рубубият тавҳиди ўртасидаги ўзаро боғлиқлик

Бу икки тавҳид ўртасида чамбарчас боғлиқлик мавжуд. Зеро, рубубият тавҳиди улуҳият тавҳидини келтириб чиқаради. Яъни, рубубият тавҳидига иқрор бўлиш ўз-ўзидан улуҳият тавҳидига ҳам иқрор бўлиш ва бажаришни тақозо қилади. Кимда ким Аллоҳни Раб, Яратувчи ва барча ишларни бошқарувчи деб тан олса, асло шериги бўлмаган Унинг ёлғиз ўзига ибодат қилиши вожиб бўлади. Айни пайтда, улуҳият тавҳиди ҳам рубубият тавҳидини ўз ичига олади. Яъни, кимда ким ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч кимсани шерик қилмаса, бу дегани, Аллоҳни Раббиси ва Яратувчиси, деб иқрор бўлган ҳисобланади. Иброҳим Халил алайҳиссалом шундай дейди: “Сизлар ўзингиз ҳам, ўтган ота-боболарингиз ҳам ибодат қилган бутларингиз хақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Албатта, улар мен учун душман (бас мен уларга ибодат қилмайман), Балки барча оламлар Раббигагина (ибодат қиламан).  У мени яратган,  Ўзи мени ҳидоят қилади.   Унинг Ўзигина мени таомлантиради ва суғоради.   Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо беради. У мени ўлдиради, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтиради. У жазо (қиёмат) кунида менинг хато-гуноҳларимни мағфират этишини умид қиламан” [Шуаро: 77-82].

Гоҳида рубубият ва улуҳият тавҳиди биргаликда зикр қилиниб, улардан ҳар бири иккинчисидан фарқли маънони ифода қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), айтинг:  “Мен барча инсонларнинг Раббидан,  барча инсонларнинг Подшоҳидан,  барча инсонларнинг Илоҳидан… паноҳ сўрайман” [Нос: 1-3]. Бундай ўринларда Раб сўзи бутун мавжудотларни бошқарувчи ва эгаси маъносини англатса, Илоҳ сўзи эса, ёлғиз Ўзи ибодатга ҳақли бўлган чинакам маъбуд маъносини билдиради. Баъзан улардан фақат биригина зикр қилинади ва бу ҳолатда иккиси бир умумий маънони ифода қилиб келади. Бунга қабрда икки фариштанинг маййитдан “Раббинг ким?” деб сўрашини мисол қилиш мумкин. Негаки, бу савол “Илоҳинг ва Сени Яратган зот ким?” деган маънони англатади. Шунингдек, қуйидаги оятларда ҳам улуҳият ва рубубият сўзи бир умумий маънони ифода этиб келмоқда:

Улар ўз диёрларидан фақатгина “Бизнинг Раббимиз (ягона) Аллоҳдир”,  деганлари учун қувилган зотлардир” [Ҳаж: 40].

Айтинг:  “Аллоҳдан ўзга Раб излайманми?!” [Анъом: 164].

Албатта:  “Раббимиз Аллоҳдир”,  деб,  сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотлар…” [Фуссилат: 30].

Демак, ушбу оятлардаги рубубиятдан мақсад улуҳият тавҳидидир. Пайғамбарлар бу икки тавҳиддан асосан улуҳият тавҳидига даъват қилиш учун юборилганлар. Негаки, рубубият тавҳидини аксар халқ ва умматлар тан олишган. Бу тавҳидни жуда озчилик инсонлар зоҳирдагина инкор қилганлар. Фақат рубубият  тавҳидига иқрор бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Зеро, Иблис ҳам унга иқрор бўлган эди: “(Иблис) айтди:  “Раббим,  қасамки,  энди мени йўлдан оздирганинг сабабли…” [Ҳижр: 39]. Шунингдек, бир қанча очиқ-ойдин оятлар шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонасидаги мушриклар ҳам рубубият тавҳидига иқрор бўлганлар: “(Эй Муҳаммад),  қасамки,  агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз,  албатта улар:  “Аллоҳ”,  дерлар” [Зухруф: 87]. Кимда ким фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлса мусулмон ҳисобланмайди, унинг жони ва мол-мулкига тажовуз қилиш ҳаром бўлмайди. Балки инсон мусулмон бўлиши, унинг жони ва мол-мулкига тажовуз қилиш ҳаром бўлиши учун улуҳият тавҳидига иқрор бўлиб, якка Аллоҳгагина ибодат қилиши лозим. Бундан маълум бўладики, “илми калом”[1] уламолари ва сўфийларнинг гапи – “бандалардан талаб қилинган тавҳид Аллоҳнинг бутун оламлар яратувчиси ва бошқарувчиси эканига иқрор бўлишдир”, деган даъвоси ботил даъводир. Уларнинг айтишича, фақат рубубият тавҳидига иқрор бўлган киши мусулмон саналади. Шу боис, ақида бобида ёзилган китобларида тавҳидни фақат рубубият тавҳидига мос келадиган иборалар билан таърифлашади. Жумладан, “Тавҳид, бу Аллоҳнинг борлиги, Унинг яратувчи ва ризқ берувчи…” дея, тавҳидни Аллоҳнинг рубубиятига далолат қилувчи бир-неча сифатлари ила таърифлаб, сўнга ортидан рубубият тавҳидига далолат қиладиган далил-ҳужжатларни зикр қилишади. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Фалсафа ва “илми калом” га асосланиб ёзилган аксар ақида китобларининг муаллифлари, бу китобларда тавҳид хусусида сўз юритар эканлар, уни уч қисмга бўлиб ёритишга асосий эътибор қаратиб, жумладан шундай дейдилар: “Аллоҳ зотида тенгдоши бўлмаган, сифатларида ўхшаши бўлмаган ва ишларида шериги бўлмаган ягона Зотдир”. Уларнинг наздида бу уч қисмнинг энг машҳур ва асосийси учинчиси, яъни Аллоҳ барча ишларини якка Ўзи бажариши, оламнинг яратувчиси ягона эканини исботлашдир. Улар буни исботлаш учун “далили тамонуъ”[2] ва бошқа далилларни ҳужжат қиладилар. Уларнинг даъво қилишича, бандалардан талаб қилинган тавҳид ҳам, шунингдек, “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг маъноси ҳам шудир. Мақсадлари – илоҳ сўзининг маъноси “яратишга қодир зот” эканини исботлаш. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ичидан пайғамбар қилиб юборилган мушриклар буни инкор қилмас эдилар. Аксинча, улар Аллоҳ барча нарсанинг яратувчиси эканига, ҳаттоки тақдирга ҳам иқрор бўлсалар-да, бироқ шунга қарамай мушрик саналган эдилар”.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг бу сўзлари халойиқдан талаб қилинган тавҳид рубубият тавҳиди эканини олға сурган кимсаларга очиқ раддиядир. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг қуйидаси сўзи ҳам шуни қўллаб-қувватлайди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга:  “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсалардан йироқ бўлинглар”,  (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ яна шундай дейди: “Пайғамбарлар олиб келган тавҳид – Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бериш, Ундан бошқасига ибодат қилмаслик билан ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигина илоҳ эканини исботлаш демакдир…Тавҳиддан мақсад аҳли калом ва тасаввуф аҳлидан бўлмиш одамлар ўйлаганидек, фақат рубубият тавҳидига, яъни Аллоҳнинг якка ўзи оламни яратган  эканига иқрор бўлиш эмас. Уларнинг ўйлашича, агар буни далил билан исботласалар, демак тавҳид ғоясини исботлаган, шунингдек, мазкур тавҳидга иқрор бўлсалар ва унга қаттиқ берилсалар, демак тавҳид ғоясига қаттиқ берилган ҳисобланадилар.

Инсон Раб таоло ҳақли бўлган сифатларга иқрор бўлиб, Уни барча айб-нуқсонлардан покласа ва Унинг ёлғиз Ўзи барча мавжудотларни яратган эканини тан олса ҳам, токи Аллоҳдан ўзга ибодат қилинувчи илоҳ йўқ экани, Унинг якка Ўзи ибодат қилинишга ҳақли эканига гувоҳлик бермагунича ва Унга ширк келтирмай ибодат қилмагунича мусулмон бўлмайди. Чунки илоҳ дегани ибодат қилишга лойиқ дегани, яратишга қодир дегани эмас.

Зеро, араб мушриклари ёлғиз Аллоҳ барча нарсаларнинг яратувчиси эканига иқрор бўлганлар, бироқ шунга қарамасдан мушрик саналган эдилар: “Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар” [Юсуф: 106]. Салафи солиҳлардан бири шундай дейди: “Мушриклардан “осмонлар ва ерни ким яратган?”, деб сўрасангиз “Аллоҳ” дейдилар. Бироқ, шунга қарамай, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилаверадилар”.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Агар билгувчи бўлсанглар (айтинглар-чи), бу ер ва ундаги бор жонзот кимники?” Улар:  “Аллоҳникидир”, дерлар. Айтинг: “Бас (шундан) ибрат-эслатма олмайсизларми?!” Айтинг: “Етти осмоннинг ҳожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?”. Улар: “(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир”, дерлар. Айтинг: “Ахир қўрқмайсизларми?!” Айтинг:  “Агар билсанглар (айтинглар-чи), “Барча нарсанинг мулки қўлида бўлган, Ўзи (барчага) ҳомийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган зот кимдир?”. Улар: “(Бундай мулку-салтанат ва ҳомийлик ёлғиз Аллоҳникидир”,  дерлар.  Айтинг: “Ундай бўлса, қандай алданмоқдадирсизлар?!” [Мўъминун: 84-89]. Демак, Аллоҳни барча мавжудотларнинг Рабби ва яратувчиси деб иқрор бўлган ҳар қандай инсон ҳам ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилган, якка ўзига дуо қилган, Унинг йўлида мўминларни дўст тутиб, кофир ва мунофиқларни душман билган ва пайғамбарларига итоат қилган бўлавермас экан.

Аксар мушриклар Аллоҳни барча нарсанинг яратувчиси деб тан олар, шунга қарамай, Аллоҳ билан ўзларининг ўрталаридаги  “шафоатчилар” деб даъво қилишган олиҳаларини Аллоҳга тенг ва шерик қилган эдилар….Шу боис, ўша мушрикларга эргашганларнинг орасида қуёш, ой, юлдузларга сажда қиладиган, дуо қиладиган, уларга атаб рўза тутадиган ва қурбонликлар сўядиган одамлар чиқди. Улар: “Бу ширк эмас. Агар улар бизни бошқариб туради, десак ширк бўлади. Агар уларни сабаб ва восита деб қарасак, мушрик бўлмаймиз” – дейдилар. Ҳолбуки, бунинг ширк амал экани ислом динида катта-ю кичикка маълум ва машҳур бўлган ишдир” (иқтибос тугади).

Афсуски, бугунги кунда қабрпарастлар ҳам айнан шунга ўхшаш гапларни айтадилар. Улар турли ибодатлар билан қабрларга сиғинадилар-да, “Бу ширк эмас. Негаки, биз уларни яратади ва оламни бошқаради демаймиз. Балки, биз бу қабр эгаларини шунчаки воситалар қилиб, Аллоҳга васила қиламиз” – дейдилар.

[1] “Илми калом” – фалсафий-ақлий қонун-қоидаларга таяниб исломий эътиқодни исботловчи фан. Илми калом исломий фатҳлар натижасида мусулмонларга юнон фалсафасининг кириб келиши оқибатида пайдо бўлиб, секин-аста ривожланиб борди. Кўпхудолик ва ахлоқий бузуқлик муҳитида ёзилган юнон фалсафасига доир китоблар араб тилига ўгирилиши оқибатида кўпчилик мусулмонлар ундан таъсирланиб қолдилар. Охир-оқибат, ундан таъсирланган одамлар ислом ақидасини тушуниш ва исботлаш учун Қуръон ва суннат нури билан кифояланмасдан, балки ақлий-фалсафий қонун-қоидаларни ундан устун қўя бошладилар. Бу ўз навбатида аҳли суннат ақидаси ва дастурига хилоф бўлган айрим фирқа ва тоифаларнинг пайдо бўлишига олиб борди.

[2] “Далили тамонуъ” (яъни “бир-бирига халақит бериш”) далилининг қисқача мазмуни қуйидагича: агар оламнинг икки ёки ундан кўпроқ  яратувчиси бўлганида, албатта улар ўзаро ўрталарида ихтилофлашган бўлур эдилар. Айтайлик, улардан бири муайян жисмни ҳаракатга келтиришни истаса, бошқа бири эса уни ҳаракатдан тўхтатишни хоҳлаши мумкин. Бу ҳолатда ё ҳар иккисининг истаги, ё улардан бирининг истаги амалга ошиши ёхуд ҳар иккисининг истаги амалга ошмаслиги мумкин. Табиийки, биринчи ҳолат, яъни ҳар иккисининг истаги амалга ошиши мумкин эмас. Негаки, бу икки зид нарсанинг бир вақтда жамланиши тақозо қилади. Шунингдек, учинчи ҳолат, яъни ҳар иккисининг истаги амалга ошмаслиги ҳам имконсиз. Сабаби, бундан жисмнинг бир вақтнинг ўзида ҳаракат ва ҳаракатсизликдан холи бўлиши, қолаверса, ҳар икки яратувчининг ожизлиги ва ўз истагини амалга оширишга қудрати етмаслиги келиб чиқади. Шундай қилиб, олдимизда фақат учинчи ҳолат, яъни улардан бирининг истагигина амалга ошиши қолади. Демак, улардан қай бирининг истаги амалга ошган бўлса, у илоҳликка ҳақлидир. Зеро, илоҳликка ҳақли зот ўз иродаси ва истагини амалга ошириш йўлида унга ҳеч кимса тўсқинлик ва халақит қилолмайдиган қодир зотдир.

Изоҳ қолдиринг