Ҳавво алайҳассалом ва унинг яратилиш қиссаси (7)

0

Ҳавво алайҳассалом ва унинг яратилиш қиссаси

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ўзи ва хотини билан жаннатни маскан тутишга буюриб шундай дейди: “Ва айтдик:  “Эй Одам,  сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг.  Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки,  у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз” [Бақара: 35].

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай дейди: “(Аллоҳ) айтди:  “Ундан (жаннатдан) жирканч ва мағлуб ҳолда чиқ!  Қасамки,  улардан кимда-ким сенга эргашса,  албатта жаҳаннамни сизларнинг барчаларингиз (сен ва сенга эргашганлар) билан тўлдирурман.  Эй Одам,  сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб,  хоҳлаган жойингиздан таомланинг.  Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки,  у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз”  [Аъроф: 18-19].

Аллоҳ таоло дейди: “Эсланг,  Биз фаришталарга:  “Одамга сажда қилинглар”,  дейишимиз билан саждага эгилдилар,  фақат Иблис бош тортди.   Бас,  Биз айтдик:  “Эй Одам,  албатта бу (Иблис) сенга ҳам,  хотинингга ҳам душмандир.  Бас,  у икковингизни жаннатдан чиқариб, оқибатда  бахтсиз бўлиб қолмагин.  Шубҳасиз, сен у жойда (яъни жаннатда) оч-яланғоч қолмайсан.  Ва у жойда ташна ҳам бўлмайсан,  иссиқда ҳам қолмайсан”  [Тоҳа: 116 -119].

Мазкур оятлардаги ҳикоя йўналиши Ҳавво Одамнинг  жаннатга киришидан илгари яратилганини тақозо қилади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эй Одам, сен ва хотининг жаннатни маскан тутинглар”деган.   Дарҳақиқат, бу фикрни  Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор очиқ баён қилган ва айни пайтда, ушбу оятларнинг зоҳири ҳам  шуни кўрсатади.

Муҳаммад ибн Исҳоқ  Ибн Аббосдан ривоят қилишича: “Ҳавво уйқуда бўлган Одам алайҳиссаломнинг энг қисқа чап қовурғасидан яратилган ва бу қовурғанинг ўрни гўштга тўлдирилган“.

Мазкур ривоятнинг тасдиғини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида кўриш мумкин: “Эй инсонлар!  Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!  Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!  Албатта Аллоҳ устингизда Кузатувчи бўлган зотдир”  [Нисо: 1].

У (Аллоҳ) шундай зотки,  сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди.  Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юкли бўлиб,  ўша (юк) билан юрди”  [Аъроф: 189].

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёлларга яхшилик қилинглар, зеро, аёл киши қовурғадан яратилган. Албатта, қовурғаларнинг  энг қийшиғи энг юқорисидагидир. Агар уни тўғриламоқчи бўлсанг синдириб қўясан, агар ўз ҳолига қўйсанг қийшиқлигича давом этаверади. Шундай экан аёлларга яхшилик қилинглар[1].

Бу Бухорий ривоят қилган ҳадиснинг матнидир.

[1] Бухорий (3331 – ҳадис) ва Муслим (1468 – ҳадис) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг