Пайғамбар уйида бир кеча: тўртинчи аёлнинг ҳикояси

0

Тўртинчи аёл эрини жуда ҳам мақтади ва у ҳикоямиздаги эрини мақтаётган биринчи аёл. “Эрим Тиҳома оқшоми”, яъни бу аёл эрининг унга бўлган муомаласини худди Тиҳома оқшомига ўхшатмоқда. Чунки Тиҳома оқшоми ҳавоси гўзаллиги билан танилган.

На иссиғу на совуқ”, яъни эрининг унга бўлган муомаласи жуда ҳам гўзал ҳамда ёқимли. Эри унга нисбатан қўпол ҳам эмас ва совуқ муомалали ҳам эмас.

Қўрқув нима билмассан, малолни ҳис этмассан”, яъни у аёл эри билан гаплашар экан, тортинмай гаплашади. Чунки эри унга қўпол гапиришидан қўрқмайди. Айни пайтда эри билан гаплашиб, зерикмайди. Чунки эри унга ёқимли гапларни гапиради. Қолаверса, аёл киши табиатан гаплашиб роҳатланади.

Аёлларга хушмуомала бўлиш

Гаплашиб аёлнинг кўнглини ололмаган эркак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргаша олмаган ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари билан бирга ўтириб, уларнинг шикоятларини тинглаб, жуда ҳам қийин аҳволларда ҳам ўта хотиржамлик билан масалани ҳал қилар эдилар. Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан солиҳ турмуш ўртоқ қандай бўлиши кераклигини ўргансак, уйда ҳеч қандай муаммо қолмайди. Қуйидаги ҳадис бунга катта бир мисол бўла олади:

Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламидаги ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо Ҳафса розияллоҳу анҳонинг қанчалик пазанда экани ҳақида: “Софийядан пазанда аёл кўрмадим” – деган. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамизнинг уйларида эдилар ва уйда меҳмонлар ҳам бор эди. Ўша куни Софийя онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга овқат бериб юборди. Ойша онамизнинг рашки келиб, идишни олди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб чиқди ва идишни ичидаги овқати билан ағдариб ташлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима қилдилар, деб ўйлайсиз? Ҳамманинг олдида Ойша онамизни ҳақорат қилдиларми ёки юзига бир тарсаки туширдиларми? Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унақа ҳикматсиз эмасдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга кулиб: “Оналарингиз рашк қилди” – дедилар-да, Ойша онамизнинг идишларидан бирини олиб, Софийя онамизга юбордилар ва: “Идишга идиш, овқатга овқат” – дедилар. Шу билан бу массала ҳал бўлди. Қаранг, шундай қийин масалани бир табассум билан ечиб юборса ҳам бўлар экан. Инсон озгина кечиримли бўлиши керак. Агар аёлингиз қайсар ва ўр бўладиган бўлса, сиз паст келинг. Бунақа вақтларда эркакни ҳам қайсарлиги тутиб, шошиб, талоқ қилиб юбормаслиги керак. Инсонларга ҳайронсан! Худди биров ундан талоқ қилиш ҳуқуқини тортиб олаётгандек, ҳали қарасанг очиқ-очиқ қилиб талоқ қилса, ҳали қарасанг киноя қилиб, биттаси етмаганидек мингталаб талоқ қилади. Кейин эса: “Хотинимни қандай қилиб қайта никоҳимга олсам бўлади?” – деб, домлалардан фатво сўраб юради.

Эркак киши шуни яхши билсинки, аёл унинг асирасидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдинги охирги сўзларида аёлларга яхши муомалада бўлишга буюрар эканлар, уларни худди шундай тасвирлаганлар: “Аёлларга яхши муомалада бўлинглар! Чунки улар сизларнинг ҳузурларингизда асирадирлар”. Аёл сиздан қочиб кетган тақдирда ҳам, сиз уни “озод” қилмасангиз бошқасига турмушга чиқа олмайди. Акс ҳолда, яна узоқ муддатлар сизнинг “ҳибс”ингизда қолади: Ҳанафий мазҳабида умрбод, Моликийларда эса, агар зарар берган бўлса, қози ажратиб юборади. Нима бўлган тақдирда ҳам у сизни “маҳбусингиз”, сиз эса “сохчи”. Мана бу алоқани қадрини билинг. Хуллас, аёл киши сизни ҳеч нарсага мажбур қила олмайди. Шундай экан сиз унга нисбатан кечиримли бўлинг ва энг қийин ҳолатларда ҳам бир табассум ва чиройли сўз билан чиқиб кетишга ҳаракат қилинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари билан бўлган муомалаларидаги доноликлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққизта аёлга уйланишларига қарамай, ҳаётларидаги вазифаларнинг барчасини тўлиқ бажарганлари у зотнинг устуворликларига яна бир намунадир. Бугунги кунда бирортамиз иккита аёлга уйланиб, бир аёли ёки иккаласи билан бир муаммога дуч келса, кўчада ғинғир-ғинғир қилиб, ўзига-ўзи гапириб юрганини кўрасиз. Кўрган одам уни тасбеҳ айтаяпти, деб ўйлайди. – Ҳа Фалончи! Тасбеҳ айтаябсанми? – деса, – Йўғей, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” – деябман, дейди. Бор йўғи иккитага уйланган, холос.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари тўққизта эди. У зот жуда ҳам қийин ҳолатларни бошдан кечирганларида тутган йўлларини кўриб ҳайратда қоласиз. Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламидаги ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меникида тунашларини кутиб, ўша куни ҳадя чиқаришар эди”. Чунки улар Пайғамбаримиз у кишини яхши кўришларини ва ўзларига яқин олишларини билардилар. Агар сиз мени севганимни яхши кўрсангиз, мен ҳам сизни яхши кўраман. Шунинг учун: “Севгилимнинг севгани севгилим, севгилимнинг душмани душманимдир” – дейишган. Дўст ва душманчиликнинг асосий қоидаси ҳам шу. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан — гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз” (Мужодала: 22). Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамизникида тунашларини кутиб, ўша куни ҳадя чиқаришар, шу сабабдан Ойша онамизникида ҳадялар кўпайиб қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қолган аёллари ҳам ҳадядан насибадор бўлиш истагида у ҳадяларни тенг бўлиб олмоқчи бўлдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг суюкли аёлни, яъни Фотима онамизни юбордилар. Бу воқеани ривоят қилар экан, Ойша онамиз шундай дейди: “Фотима келди. Юришлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юришларини худди ўзи эди. Фотима кирганида Расулуллоҳ менинг ёпинчиғимни ёпиниб тургандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимани кўриб: “Хуш келибсиз, қизим!” – дедилар. Фотима ўтириб шундай деди:

—Эй Расулуллоҳ! Аёлларингиз Абу Қуҳофаннг қизи (Ойша) борасида адолат қилишингизни сўрашмоқда.

Қизалоғим! Мени севасизми?

—Ҳа.

Унда буни (Ойшани) ҳам севинг!

Бу гапдан Фотима онамиз “менга бу борада қайтиб мурожаат қилма” – деган жавобни тушунди. Расулуллоҳнинг қолган аёллари бир уйда йиғилиб, жавоб кутиб туришган эди. Фотима онамиз келиб: “Аллоҳга қасамки, қайтиб бу борада Расулуллоҳга асло мурожаат қилмайман” – деди. Улар бунга ҳам қониқмай, Расулуллоҳга Ойша онамиздан кейинги энг суюкли аёллари бўлмиш Зайнаб онамизни юбордилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёпинчиғимни ёпиниб ётган эдим, Зайнаб келиб гапирди”. Баъзи ривоятларда: “Жуда қаттиқ гапирди” – деб келган. Ойша онамиз: “Шунда мен унга қарши гапирсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамас эканларми деб, у зотга қарадим” – деди. Ойша онамиз Расулуллоҳ билан кўп бирга бўлганларидан у зотнинг бир ишни хоҳлаш ёки хоҳламасликларини юзларидан билардилар. Мана бу аёлларга бир дарс бўлиши керак. Аёлларимиз бу воқеадан эрга қанчалик вафодор бўлиш кераклигини ўрганиб, эрига ёқмайдиган ишларни қилмасликлари керак. Ойша розияллоҳу анҳо тура-тура Расулуллоҳни ҳимоя қилиб кетмасдан, унга қарши гапирсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима дер эканлар, деб, Расулуллоҳга қаради. Ойша онамиз бу воқеада аёлларга эрни қанчалик ҳурмат қилишни, унга ёқмайдиган ишларни асло қилмаслик кераклигини ўргатмоқдалар. Аслида, эрга вафодорлик, унга яхши муомалада бўлиш дегани ҳам шу.

Бунга яна бир мисол, имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Асмо розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Зубайр ибн Аввомга турмушга чиққанимда унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажратиб берган, Мадинадан уч фарсах узоқликдаги томорқасидан бошқа ҳеч вақоси йўқ эди” Зубайр ибн Аввоб розияллоҳу анҳу жуда қаттиққўл эди. У кишининг икки аёллари бўлиб, агар уларни урса, қочиб кетмаслиги учун иккаласини сочидан бир-бирига боғлаб қўйиб урар эди. Уларнинг бири қўли билан ўзини таёқдан ҳимоя қилса, Асмо розияллоҳу анҳо буни уддасидан чиқа олмасди ва юзлари шишиб, таёқнинг изи қоларди. Уйига бориб, отасига Зубайрдан шикоят қилса, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қизим уйинга бор, Зубайр яхши одам” – дер эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Асмога яна шундай дер эди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Аёл охиратда охирги эри билан бирга бўлади” – деганларини эшитганман”. Яъни аёлнинг эри вафот этса ва аёл уни қаттиқ севган бўлса ҳамда эридан кейин ёлғиз яшашга чидаб, бошқага турмушга чиқмаса, юқоридаги ҳадисга биноан, охиратда ўша вафот этган ва ўзи севган эри билан бирга бўлади.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо халифалик даврида фақиҳа Умму Дардонинг қўлини сўраб, унга совчи юборганида, Умму Дардо шундай жавоб берган экан: “Эй Муовия! Сиздек одамга йўқ деб бўлмайди. Лекин мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл охиратда охирги эри билан бирга бўлади” – деганлари учун Абу Дардо билан аҳду паймон қилганман”. Абу Дардо охиратда ҳам Умму Дардо билан бирга бўлиш учун тириклик чоғида унга: “Кел, аҳду паймон қиламиз, мендан кейин ҳеч кимга турмушга чиқмайсан!” – деган экан.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Асмога: “Қизим уйинга бор, Зубайр яхши одам” – дер эди. Зубайр розияллоҳу анҳунинг қаттиққўл экани ҳаммага маълум эди. Бир куни Зубайр Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан гаплашиб турганида: “Мен рози бўлсам мўмин, ғазаб қилсам кофир бўламан” – деди. Яъни рози бўлса жуда ҳам ёқимли, жаҳли чиққанида эса бутунлай ўзгариб кетишини назарда тутган. Шунда Умар розияллоҳу анҳу ҳазиллашиб: “Унда куни келиб, халифа бўлиб қолсанг, Барҳода бир ҳовуч арпа учун ҳам жанг қилсанг керак а (яъни биров озгина арпа олса ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилар экансанда а)!” – деди. Хуллас, Зубайр розияллоҳу анҳунинг бу феъли ҳаммага маълум эди. Лекин у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатий деб башорат берган ўн саҳобийнинг бири эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у киши ҳақида: “Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз фидойиси бор. Менинг фидойим Зубайр ибн Аввом!” – деганлар.

Асмо розияллоҳу анҳо айтадилар: “Уч фарсах узоқликдаги ўша томорқага бориб, уруғларни йиғиб, олиб келиб, янчиб, отга берар эдим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ саҳобалар билан уловда келаётиб, мени бошимга уруғларни кўтариб келаётганимни кўрдилар. Пайғамбаримиз туяни чўктириб, мени ўзлари билан мингаштириш ниятида чақирдилар. Зубайрнинг рашкчилиги эсимга тушиб, уялдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни сезиб, йўлларида давом этдилар. Уйга бориб, Зубайрга Расулуллоҳ мени ўзлари билан мингаштириш учун чақирганларини ва мен унинг рашкчилигини ўйлаб, уялганимни айтдим. Шунда Зубайр: “Расулуллоҳ билан мингашганингдан кўра кўчада юрганинга кўпроқ рашким келади” – деди”. Бу солиҳа аёл эрининг жуда ҳам рашкчилигига риоя қилмоқда. Зеро эр аёл учун жаннат эшикларини очадиган калит, яъни калитлардан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Асмо бинти Язидга шундай дедилар:

Эй хотин! Турмушга чиққанмисан?

—Ҳа, эй Расулуллоҳ!

Унга муносабатинг қандай?

—Ҳамма айтганини қиламан.

Унга қандай муносабатда эканинга эътибор бер! Зеро у сенинг ё жаннатинг, ё дўзахингдир.

Ойша онамиз шундай дейди: “Шунда мен унга қарши гапирсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамас эканларми деб, у зотга қарадим. Гапирсам, индамасликларини билиб, ўрнимдан турдимда уни гап билан ўчириб қўйдим. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум ила: “Бу Абу Бакрнинг қизи-да!” – дедилар”. Шу билан муаммо ҳал бўлди. Аслида бу воқеа муаммо ҳам эмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нақадар ҳалимликларига бир назар солинг! Уйда юз бераётган барча муаммоларнинг сабаби эркакда бошқарув сиёсати юқлиги. Агар эркак тўғри бошқара олса, аёл камдан-кам эрига итоатсизлик қилади. Мен бу гапни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Мен шу соҳада изланиб, ўз кўзим билан кўрганим учун айтаяпман. Эркак бошқарувни буткул ёки қисман йўқотса ёки унга лоқайтлик қилсагина аёл эрига итоатсизлик қилади.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг