Жаҳмийлар: жаҳмийларнинг таърифи

0

Жаҳмийларнинг таърифи

Жаҳмийлар калом илмига чуқур кетиб, ҳақдан адашган фирқалардан бири ҳисобланади. Улар асосан иймон тушунчаси ҳамда Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига тегишли масалаларда адашишган. Бу фирқага Жаҳм ибн Сафвон Термизий исмли киши асос солгани учун улар Жаҳмийлар деб ном олишган. Улар ўша вақтда исломий давлатда нуфузли бўлган кишиларни ўз фикрларига ағдариб олиб, аҳли суннат ва жамоат олимларига қаттиқ зарар етказишган.

Жаҳмийлар салафи солиҳларнинг ақидаси йўлида катта тўғаноқ бўлдилар. Чунки аҳли суннат олимлари одамларни уларнинг хатоларидан огоҳ этиш ҳамда улар билан баҳс-мунозара қилиш билан машғул бўлиб қолдилар. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, охир-оқибат аҳли суннат олимлари ғолиб бўлдилар. Зеро, ҳақ келганида ботилнинг қочишдан бошқа чораси қолмайди.

Жаҳм ибн Сафвон

Абу Меҳраз Жаҳм ибн Сафвон асли Термизлик (баъзи ривоятларда Самарқандлик) бўлиб, ҳижрий иккинчи асрда яшаб ўтган. У “инсон қилаётган ишларини беихтиёр қилади” деган фикрда бўлган. Қуръон махлуқ деган гапни биринчи бўли чиқарган киши ҳам Жаҳм бўлади. Унинг фикрича, Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай сифати йўқ. У ўша вақтлардаги Хуросон амири Ҳорис ибн Сурайжнинг энг яқин ўртоқларидан бўлган.

Жаҳм жуда тортишувчан бўлсада, у ҳадис илмидан йироқ эди. Чунки у калом илми билан шуғулланиб, ҳадис илмига вақт ажратмаган. У ҳақида имом Ашъарий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Жаҳм аслида ундай бўлмасада, ўзини амру маъруф ишининг раиси деб биларди”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Жаҳм ва унинг издошлари одамларни муташобеҳ оят ва ҳадисларга чақириб, ўзлари ҳам адашишди, одамларни ҳам адаштиришди. Бизга етиб келган хабарларга кўра, Аллоҳнинг душмани Жаҳм Хуросондан, яъни Термизлик бўлиб, жуда ҳам хусуматчи ва тортишувчи бўлган”.

У баъзи мушриклар билан баҳс-мунозара қилганида мушриклар ундан: “Эй Жаҳм, сенинг Раббингни ушлаб, кўриб, эшитиб, ҳидлаб ёки татиб кўриш мумкинми?” – деб сўрашган. У: “Йўқ” – деб жавоб берган. Шунда мушриклар: “Унда у йўқ эканда?!” – дейишган. Буни эшитган Жаҳм нима деб жавоб беришни билмай қолган ва шундан кейин қирқ кун намоз ўқимай қўйган. Бу хабар Хуросон амири Салм ибн Аҳвазга етиб келди. Салм Жаҳмдан бу ҳақда сўраганида у: “Кимга ибодат қилишимни билиб олсам кейин ўқийман” – деб, жавоб берган. Шундан кейин Салм ибн Аҳваз уни қатл қилган. Уни қатл қилишдан баъзи сиёсий мақсадлар кўзда тутилган, деган фикр нотўғри. У кофир бўлгани учун қатл қилинган. Бу воқеа ҳижрий 128 йилда бўлган, бази ривоятларда 130, яна бошқа манбаларда 132 йилда деб айтилган.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг