Икки сажда ўртасида ишораи саббоба қилинадими?

0

Савол:

Яқинда бир сайтда Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳнинг “Пайғамбаримиз намозларининг кайфияти” мавзусидаги кичик рисолаларининг таржимасини ўқиб қолдим. Унда айтилишича, намозда икки сажда ўртасидаги ўтиришда қўллар ёйилган бўлиши ҳақида бирор ҳужжат бўла оладиган ҳадис борлигини билмайман, дейилибди. Ибн Усаймин бу ҳолатда қўллар букилган ҳолатда бўлиши керак, дебдилар. Яъни, худди ишораи саббобадаги каби ҳолатда.

Сўрамоқчи бўлганим, намоздаги икки сажда ўртасида қўллар ёзилган ҳолда бўлиши керакми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Бу масалада уламоларимиз ўртасида хилоф бор. Ибн Қаййим ҳамда Ибн Усаймийн роҳимаҳумуллоҳ каби баъзи уламолар бу ўринда ҳам қўллар худди ташаҳҳуддагидек туради, дейишган. Яъни ўнг қўлнинг бош бармоғи ва ўрта бармоғи ҳалқа қилинади, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади, қолган бармоқлар эса йиғиб турилади, яъни ёзилмайди, чап қўл бармоқлари бир-бирига зич қилинади ҳамда бармоқларнинг учи қиблага қаратилиб, тиззанинг устига қўйилади.

Мазҳаббоши бўлган имомларимиз бу ҳолатда иккала қўл ҳам тиззанинг устига қўйилади, бироқ кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинмайди, дейишган. Бу хилофнинг келиб чиқиш сабаби қуйидагича: имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ “Муснад”ида Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда ўртасида кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилганлари зикр қилинган. Қолаверса, ишораи саббоба ҳақида келган ҳадисларнинг баъзилари мутлақ, баъзилари муқайяд келган. Яъни баъзиларида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозда) агар дуога ўтирсалар бармоқлари билан ишора қилар эдилар” – дейилган бўлса, бошқа ривоятларда: “Агар ташаҳҳудга ўтирсалар” – дейилган. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисини заиф деб, мутлақ келган ҳадисларни муқайяд келган ривоятлар билан қайдлаганлар икки сажда орасида қўллар тиззага қўйилади ва кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинмайди, деганлар. Воил розияллоҳу анҳунинг ҳадисини саҳиҳ деган уламолар эса икки сажда орасида ишораи саббоба қилиш суннат ва мутлақ ҳадисларга мутлақлигича амал қилинади, дейишган.

Хулоса шуки, бу масала ижтиҳодий масалалардан бўлиб, мусулмон киши бу каби масалаларда ўзининг назарида далили қувватли бўлганига амал қилиши ва қарши тарафни қораламаслиги керак. Агар далилларнинг қай бири рожиҳ эканини била олмаса, ўзининг назаридаги энг олим кишига тақлид қилиши керак, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг