Одам алайҳиссаломнинг тавба қилиши (15)

0

Одам алайҳиссаломнинг тавба қилиши

Айтишларича, Аллоҳ таолонинг: “Кейин,  Одам Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар  қабул қилиб олганидан сўнг Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.  Албатта У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон зотдир”, – деган гапидаги “бир неча сўзлар”дан мақсад Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир:  “Парвардигоро,  бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик.  Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг,  шубҳасиз,  зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз” [Аъроф: 23].

Ушбу тафсир Мужоҳид, Саид ибн Жубайр, Абул Олия, Рабеъ ибн Анас, Ҳасан, Қатода, Муҳаммад ибн Каъб, Холид ибн Маъдон, Ато Ал-Хуросоний ва Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам роҳимаҳумуллоҳлардан ривоят қилинган[1].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Кейин,  Одам Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар  қабул қилиб олганидан сўнг Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди” [Бақара: 37]; Одам деди: “Эй Раббим! Мени Ўз қўлларинг ила яратмаганмидинг?”. “Ҳа, (шундай)”, – дейилди унга. “Менга Ўз Руҳингдан пуркамаганмидинг?”. “Ҳа, (шундай)”, – дейилди унга. “Мен акса урганимда “ярҳамукаллоҳ” (яъни “Аллоҳ сенга раҳм қилсин”) демаганмидинг ва Сенинг раҳматинг ғазабингдан ўзиб кетмаганмиди?”. “Ҳа, (шундай)”, – дейилди унга. “Менга бу амал (яъни ман этилган дарахт мевасидан емоқлик)ни  (тақдири азалийда) битмаганмидинг?”. “Ҳа, (шундай)”, – дейилди унга. Одам деди: “Айтчи, агар тавба қилсам мени (яна) жаннатга қайтарурмисан?”. “Ҳа, (қайтарурман), – деди Аллоҳ таоло[2].

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшайди: “Одам Парвардигорига осий бўлиб,  йўлдан озди.  Сўнгра Парвардигори уни сайлаб – Ўзига яқин қилиб  тавбасини қабул этди ва (тўғри йўлга) ҳидоят қилди” [Тоҳа: 121-122].

[1] Қаранг: “Тафсири Абдурраззоқ” (1/1/44-бет), “Тафсири Ибн Абу Ҳотим” (414-бет), “Жомеул баён” (1/193-194-бетлар) ҳамда муаллифнинг “Тафсирул Қуръонил Азим” (1/85-бет) ва “Аддуррул-мансур” асарлари (1/59-бет).

[2] Ҳоким (2/545), Ибн Абу Ҳотим (135/411), Ибн Жарир “Жомеул баён” асарида (1/193-бет) ва Ибн Асокир “Тарихи Димашқ” асарида ҳасан ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг