Тўртинчи қоида: (1) Тарбия ўзаро киришувчанликдир

0

Тўртинчи қоида: Тарбия ўзаро киришувчанликдир

Маълумки, томонлар ўртасида ўзаро киришувчанлик юз берсагина таъсир ўтказиш ва ўзгартириш ҳосил бўлади. Баъзан муайян томонлар ўртасида аралашув ва ўзаро яқинлик вужудга келсада, улар ўртасида киришувчанлик пайдо бўлмайди. Гоҳида бир даврада ўтириб, кимгадир ярим соат мобайнида қулоқ тутсангизда, мутлақо унинг гапларидан таъсирланмайсиз. Нега шундай? Негаки, унинг сўзларига қулоқ тутар экансиз, гаплари асоссиз эканини ҳис қиласиз, зерика бошлайсиз, унинг ўзи билмаган нарсаларни сўзлаётганидан сиқиласиз. Оила муҳитидаги тарбия жараёни ҳам худди шундай. Баъзан бир оила аъзолари ўзаро бир-бирлари билан аралашиб юрсалар-да, бироқ кичикларда катталарнинг дунё қараши, руҳияти ва юриш-туришига ўхшашлик ва ўйғунликни кўрмайсиз. Нега? Чунки бундай оилада ўзаро киришувчанлик ва бир-бирига таъсир ўтказиш ва таъсирланишга тўсқинлик қиладиган муҳим тўсиқлар бўлади.

Шуни айтишим мумкинки, ёш болалар уларни ўраб турган теварак ҳақида кўп нарсаларни билишмайди. Теварак-атрофдаги нарсаларни билмаслик уларда қўрқув пайдо қилгани сабаб, бор имкониятларини ишга солиб ҳар бир нарсани ўрганишга ҳаракат қиладилар. Шу боис, уч ёшар боланинг ота-онаси ва ўзидан катта оға-иниларидан ҳар куни ўнлаб саволлар сўраганига гувоҳ бўламиз. Шубҳасиз, улар берган жавоблар болага таъсир қилади, уни бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга олиб ўтади. Бунга боладаги савол шаклининг ўзгаргани ва доимий тарзда саволга оид нарса ва мавзуларнинг ўзгариб боришини далил қилиб кўрсатиш мумкин.

Дарҳақиқат, тарбия иши фақат болаларнинг ота-оналар тарафидан содир бўлган кўрсатма ва йўл-йўриқларга бўйсунишларигина бўлмай, балки у икки йўналишдан иборат ишдир. Ота-оналар ҳам фарзандлари билан киришувчан бўлиши, уларнинг сўзларига қулоқ тутиши, муаммо ва дардларига хайриҳоҳ бўлиши ҳамда уларнинг айрим фикр-мулоҳазаларидан фойдаланишлари лозим. Улардан бу борада ўзлари орттирган ҳаётий тажрибаларига таяниб тарбия услубларини ўзгартиришлари талаб қилинади. Агар ота-оналар мазкур ишларни бажармасалар, у ҳолда ота-она билан фарзандлар ўртасидаги реакция тўла амалга ошмайди ва бу ўз навбатида болаларнинг ота-онанинг йўл-йўриқларига бўйсунишларига ҳам салбий таъсир қилади.

Қуйида учта саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз:

  • Биринчи савол қандай қилиб боланинг киришувчанлигига ёрдам беришга тааллуқли.

  • Иккинчи савол бола таъсирланадиган нарсаларни шарҳлашга тааллуқли.

  • Учинчи савол боладаги таъсирланишни кучсизлантирадиган ёхуд буткул йўқотадиган омилларга тааллуқли.

  • Боланинг киришувчан бўлиши учун унга қандай ёрдам бериш мумкин?

а) Фикрий қоидалардан бирига кўра, ҳар қандай нарса ўша нарса билан ташқи олам ўртасида ўрнатилган алоқалар йиғиндисидан пайдо бўлар экан. Демоқчиманки, фарзандларимиз ҳам биз билан улар ўртасидаги ўзаро алоқалар турига қараб тарбия топадилар. Агар оила дунёқарашида, руҳиятида лутф, очиқкўнгиллик, одоб-ахлоқ ва исломий қадриятларни эъзозлаш хислатлари мустаҳкам ўрнашган бўлса, у ҳолда бундай муҳитда фарзандлар ҳам мазкур хислатларни таълим олиб ўлғаядилар. Борди-ю, оилада қўрс муомала, бетамизлик, дағаллик ва бошқа салбий хулқ-атворлар намоён бўладиган бўлса, фарзандлар ҳам ана шаундай салбий хислатларни ўзлаштирадилар.

Бу бизлардан фарзандларимиз билан ўртадаги барча алоқа ва муносабат кўринишларини бениҳоят эҳтиёткорлик билан кузатиб боришимизни тақозо қилади. Негаки, мазкур муносабат ва алоқалар фарзандларимизнинг руҳий ва ақлий жиҳатдан шаклланиш манбаи ҳисобланади.

Б) Фарзандларингизнинг турли саволларига жавоб беринг. Зеро, улар бу савол-жавоблар орқали кўп нарсаларни ўрганадилар. Борди-ю, номуносиб вақтда савол сўрасалар, у ҳолда, масалан: “Ҳозир сен билан гаплашишга имконим йўқ. Кечки овқат дастурхони устида йиғилганимизда истаган саволингни беришинг мумкин”, дея узр айтинг.

Агар фарзандингиз жавобини тушуниши қийин бўлган ёхуд хижолатга сабаб бўладиган савол берса ҳам уни жеркиб берманг, саволни эътиборсиз ҳам қолдирманг. Балки бу саволнинг жавобини у келажакда ўлғайгач яхши тушуниши, англаб етишини унга айтинг. Бола бироз ўлғайиб, оқ-қорани ажратадиган ёшга етганида, аввало сўраган саволига унинг ўзидан фикрини сўраш мақсадга мувофиқдир. Айтайлик, болангизнинг “Нега одамлар ёлғон сўзлайдилар?”, деган саволига жавобан: “Бу жуда муҳим савол. Саволга жавоб беришимдан аввал сен менга айтчи, нега одамлар бундай қиладилар?”, деб унинг фикрини сўранг. Ёхуд қиз боланинг онасидан : “Нега кўпчилик одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар?”, деган саволига “Қизим, сен ўзинг айтчи, нега одамлар шундай?”, дея фикрини сўраши мумкин ва ҳоказо…

В) Фарзандларимиз билан уларнинг интилишлари ва келажак орзу-истаклари ва уларни қийнаган муаммолар тўғрисида суҳбатлашиш  муҳим ишдир. Биз бу орқали фарзандларимизга ўз орзу-умидлари ва ҳис-тўйғуларини мантиқий шаклда ифода этишларига фурсат яратамиз. Шунингдек, бу борада уларга йўл-йўриқ кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш ва кўмаклашиш учун биз ота-оналар учун ҳам шароит туғилади. Энг асосий ютуқ эса, ўзимиз билан фарзандларимиз ўртасида ўзаро таъсир ўтказиш ва таъсирланиш учун янги ирмоқ – восита яратган бўламиз.

Г) Фарзандларингиз билан биз иймон келтирган ўзгармас – собит диний қадриятлар тўғрисида, шунингдек, мусулмон сифатида муносабатни ўзгартириш, позициядан чекиниш ва “савдолашиш” имкони бўлмаган ишлар ҳақида суҳбатлашиб туринг. Қолаверса, ҳадеб ўртоқларига қўшилиб уйдан чиқавериши оқибатида унга етиши мумкин бўлган хавф-хатарлар хусусида сўзлаб беринг. Асосийси, буларнинг барчасида фарзандингизнинг фикрини тинглашдир.

Д) Маълумки, уйда айрим кундалик кичик қарорлар қабул қилишга тўғри келади. Мазкур қарорларда фарзандларимизнинг иштирок этиши орқали уларни ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотга ундаш мумкин. Оила аъзоларининг овқатланиш вақтларини белгилаш, дам олиш кунини мароқли ўтказиш учун жой танлаш ёхуд уй ичидаги баъзи вазифаларни оила аъзолари ўртасида тақсимлаш каби ишлар ана шундай ишлар қабилидандир.

Е) Айрим ота-оналар кўп нарсалар тўғрисида фарзандлари олдида ўта махфиёна гаплашишга ҳаракат қиладилар. Тўғри, ёш болаларнинг оиладаги барча нарсадан хабардор бўлавериши ҳам мақбул эмас. Шундай бўлсада, фарзандлар уларнинг кундалик ҳаётларига таъсир қиладиган баъзи ишлар тўғрисида ота-оналаридан савол сўрашдан қўрқув ҳис қилмаслиги ҳам ўта муҳимдир. Бундай ишларга оталарининг ишдаги мавқеи, унинг ойлик даромади, айрим қариндошлари билан алоқасининг носозлиги ва шунга ўхшаш ишларни мисол қилиш мумкин.

Албатта, фарзандларга нималарни очиқча гапириш лозим ва қандай ишларни болалар билмаслиги мақсадга мувофиқ экани борасида аниқ бирон чегара қўйиш имконсиз. Бироқ болалар уйдан ташқарида ўртоқларининг ота-оналари билан кўп нарсаларни муҳокама қилишганини, баъзан улардан анча-мунча муҳим сир-асрорларни эшитадилар. Энг асосийси, фарзандларимиз ўзларини оилада бегона, ишончсиз ҳис қилмасликлари, унданда муҳими улар ўз ота-оналари билан эркин ва самимий сўзлашиш ҳиссини туйсинлар.

Изоҳ қолдиринг