Усмонийлар: Султон Муҳаммад Алпарслон (давоми)

0

Султон Алпарслон солиҳ, меҳрибон, камбағалларга муносабати яхши эди. У доим дуо қилиб, Аллоҳ таолодан унга берилган неъматлар узилиб қолмаслигини сўрар эди. У Аллоҳ таолодан бойлик сўради, Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди. Султон Алпарслон бу неъматнинг шукрини адо этиш ниятида қўлидан келганича садақа ва хайру эҳсонлар қилар, қўл остидаги мамлакатларда истиқомат қилувчи жуда ҳам кўп камбағалларнинг исмини девонига ёздириб борар эди. Ривоят қилинишича, Рамазон ойида ўн беш минг (15000) динор[1] садақа қилар экан. У ўзидан олдинги подшоҳлар тарихини, шариат ҳукмларини яхши ўрганган эди.

Алпарслон уламоларни ўзига яқин олиб, уларнинг насиҳатига қулоқ солар эди. Малазгирд жангидан олдин ҳам, шайх Абу Наср Муҳаммад ибн Абдулмалик Бухорийдан насиҳат сўраганида, Шайх ҳазратлари Султон Алпарслонга урушни жума куни бошлашини, чунки ўша вақтда бутун уммат намозда бўлиши ва мусулмонлар ҳамда ислом лашкарлари ҳаққига дуо қилишини айтган. Султон шайхнинг насиҳатига қулоқ солиб, жума куни урушга отланди, жангчи мужоҳидларни йиғиб, улар билан жума намозини ўқиди. Султон йиғлаб дуо қилди, мужоҳидлар эса йиғлаб омин дейишди. Кейин эса султон жангчиларга қараб: “Ким урушга қатнашмай, ортга қайтмоқчи бўлса кетаверсин. Бу ерда сизларга буйруқ берадиган султон йўқ” – деди, камонларини ташлади, ўз қўллари билан отининг думини тугди, оқ кийим кийиб, баданига одатда маййитларга сепиладиган хушбўйликлардан сепди, қўлига қиличини олди-да, тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган қуйидаги сўзини айтди: “Агар ўлсам, шу кийим кафаним бўлсин!”. Субҳаналлоҳ! Мана шундай одамларга Аллоҳнинг ёрдами келади. Бу гапни эшитган қўшин ҳам худди шу ишни қилди.

Султон Муҳаммад Алпарслон ҳижрий 465, милодий 1072 йил, рабеул аввал ойининг ўнинчи кунида Юсуф Хоразмий исмли қўзғолончи тарафидан ўлдирилди ва Марв шаҳрида отасининг ёнига дафн қилинди. Султон Алпарслондан кейин тахтга ўғли Маликшоҳ ўтирди. Аллоҳ таоло мужоҳидлар султони Cултон Алпарслонни ўз раҳматига олсин, умматни бирлаштирадиган янги Алпарслонларни тарбиялашни бизларга насиб қилсин!

[1] 15000 динор 63.75 кг олтинга тенг келади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг