Янги йил билан табриклаш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Биз Россияда магазинда ишлаймиз. Магазинга келган харидорлар бизларни “Янги йилингиз билан” деб табриклашади. Уларга жавоб берсак бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, ўзга дин вакилларининг шариатимизга зид бўлган байрамларини нишонлаш ва шу муносабат билан уларни ёки мусулмонлар ўзаро бир бирларини табриклаши ҳаром бўлиб, бунга барча уламолар иттифоқ қилишган. Умматимизнинг муҳаққиқ олимларидан ҳисобланган Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ ушбу иттифоқни нақл қилиб шундай дейди: “Кофирларга хос бўлган ва уларнинг  шиорига айланиб қолган байрамлар муносабати билан табриклаш ислом уламолари ўртасида ҳаром эканига иттифоқ қилингандир. Бунга уларнинг байрамлари ёки рўзаси муносабати билан: “Байрамингиз қутлуғ бўлсин!” ёки шунга ўхшаш иборалар билан табриклаш мисол бўлади. Бундай деган киши гарчи ушбу байрамни ҳақ деб эътиқод қилмасдан  айтган бўлса ҳам, ҳаром ишга қўл урган ҳисобланади. Бу гўёки насороларни хоч (крест)га сажда қилиши билан табриклашга ўхшайди. Албатта, ўзга дин вакилларини шариатимизга зид бўлган байрамлари билан табриклаш, Аллоҳ таолонинг ҳузурида, ароқ ичиш, бегуноҳ жонни ўлдириш ва зино қилиш каби улкан гуноҳга қўл урган кишини табриклаб мақташдан ҳам ёмонроқ ва гуноҳи каттароқдир” [“Аҳкому аҳлиз-зиммаҳ”, 1/442].

Зеро, ўзга дин вакилларини шариатимизга зид бўлган байрамлари билан табриклашдан уларнинг куфрий ибодатлари ва байрамларига рози ҳамда иқрор бўлиш келиб чиқади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло куфрга ҳеч қачон рози бўлмайди ва буни (яъни куфрга иқрор ва рози бўлишни) мусулмонларга ҳам ҳаром қилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“إِن تَكْفُرُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنكُمْ وَلَا يَرْضَى لِعِبَادِهِ الْكُفْرَ وَإِن تَشْكُرُوا يَرْضَهُ لَكُمْ”

 “Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир. (Аммо) У Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар), У зот сизлар учун фақат шукр қилиб, иймон келтиришингизгагина рози бўлур” (Зумар: 7).

Агар ғайридинлар бизларни ўз байрамлари билан табриклашса, биз уларнинг табригига жавоб бермаслигимиз керак. Чунки бу байрамлар бизнинг байрамимиз эмас. Қолаверса, ушбу байрамларда тавҳидга зид ишлар бўлгани учун, Аллоҳ таоло бу байрамларни нишонлашга асло рози бўлмайди. Зеро, бу байрамлар уларнинг асли динида ҳам бўлмаган. Агар бу байрамларнинг баъзилари “аҳли китоб”ларда мавжуд бўлган бўлса ҳам, ислом дини келиши билан насх қилинган (яъни амалдан қолдирилган). Аллоҳ таоло айтади:

“وَمَن يَبْتَغِ غَيْرَ الإِسْلاَمِ دِينًا فَلَن يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ”

Кимда-ким исломдан ўзга дин истаса,  бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир” (Оли-Имрон: 85).

Ғайридинларнинг шариатимизга зид бўлган байрамлари муносабати билан чақирган жойларига бориш, уларни фақатгина табриклаб қўйишга қараганда гуноҳи каттароқдир. Чунки бу ишдан уларнинг шариатимизга тўғри келмайдиган байрамига шерик бўлиш келиб чиқади. Шунингдек, мусулмон киши кофирларнинг байрами муносабати билан уларга ўхшаб маросимлар уюштириши ҳаромдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир” (Санади ҳасан, Абу Довуд, 4013 ва Аҳмад, 5114).

Биродаримиз саволда зикр қилганидек, бир мусулмон киши куфр мамлакатида истиқомат қилса-ю, у ердаги унинг қўшниси, ҳамкасби, бошлиғи, курсдоши ва ҳоказо ўзга дин вакиллари бўлмиш кишилар ўзларининг байрами муносабати билан уни табрикласа, мусулмон киши унга табрик жавоби қайтариши жоиз эмас. Аввало бундай ўринларда мусулмон киши табрикловчига ушбу байрамларнинг унинг динига зид бўлган ботил байрамлар эканини айтиши мақсадга мувофиқдир. Борди-ю, табрикловчи унинг бу сўзидан ғазабланиб, унга зиён ва зарар етказадиган ёки бунинг ортидан у қийинчиликка тушадиган бўлса, у ҳолда муроса-ю мадора йўлини тутиб, байрамга тааллуқли бўлмаган одатий жавоблар билан, яъни байрам табригига тўғридан тўғри жавоб бўлмайдиган бошқа сўзлар билан жавоб қайтаради. Масалан, мусулмон киши ишлайдиган дўконга кирган харидор “с новым годом!” деб айтса, унга “добро пожоловать” дейиши ёки у бу гапни хайрлашиш асносида айтса, унга жавобан “спасибо за покупку” дейиши ёки шунга ўхшаш байрам табригига жавоб ҳисобланмайдиган ва айни пайтда унинг кўнглини оғритмайдиган иборалар билан жавоб бериши мумкин, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг