Пайғамбар ҳаққи-ҳурматини васила қилиш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Биз томонларда ҳам масжидда мавлид ўқилди. Кейин имом-домла дуода “Пайғамбаримиз ҳаққи-ҳурматидан” деб, у кишини ўртага қўйиб Аллоҳдан сўрашни бошлади. Мен кейин имомнинг  яқинларига айтдим. “Бу ширк калималар-ку, мумкин эмас”, деб айтсам, менга шундай жавоб берди: “Аллоҳга дуо қилсанг, яна дуо қилсанг, лекин дуойинг қабул бўлмаса, бир марта Пайғамбаримизни ўртага қўйиб сўрасанг, дуойинг қабул бўлади” деб, бир гап айтди: “Агар Аллоҳ Пайғамбаримизни яратмаганида бу дунёни яратмас эди. Ҳатто Одам алайҳиссалом ҳам Аллоҳни айтганини қилмай жаннатдан чиқарилганда, қилган гуноҳлари учун тавба қилганларида 200 йил тавбасини қабул қилмабди. Лекин Пайғамбаримизни ўртага қўйиб, тавба қилганларида тавбаларини Аллоҳ қабул қилибди”. Савол: шу гаплар тўғрими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

Юқоридаги савол учта масалани ўз ичига олган:

1 – Масала: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурмати  деб, у зотни ўртага қўйиб дуо қилиш жоизми?”.

Жавоб: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурмати билан”, деб, у зотни ўртага қўйиб дуо қилиш жоиз эмас. Бу борада бошқа пайғамбарлар ҳам худди шундай, яъни бирон бир пайғамбарни ўртага қўйиб дуо қилиш жоиз эмас. Бу тариқа дуо қилиш бидъат. Зеро, дуо ибодатлар сирасидан. Шариатда бир амални ибодатлар жумласига қўшиш учун далил шарт бўлиб, бундай лафз билан дуо қилиш учун далил мавжуд эмас. Саҳобалар ҳам, тобеинлар ҳам бундай лафз билан дуо қилмаганлар. Ибодатлар бобида далилсиз қилинган амал бидъат амал ҳисобланади. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким бизнинг бу ишимиз – динимизда мавжуд бўлмаган  янги бир нарсани пайдо қилса, унинг бу пайдо қилган нарсаси рад этилажак (яъни мақбул эмасдир)” (Муттафақун алайҳ). Шунингдек, бу мазмунда дуо қилиш ширкка, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чуқур кетиш, у зот хусусида нолойиқ эътиқодларнинг пайдо бўлишига олиб боради. Бундан эҳтиёт бўлиш ва унга олиб борувчи ҳар қандай амалларни олдини олиш лозим. Аллоҳ таолога дуо қилиш учун ҳеч қандай воситачига эҳтиёж йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, айтинг, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтида дуо қилгувчининг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) эргашсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. (Шунда), шояд тўғри йўлни топсалар” (Бақара: 186). Албатта, бундай дуо қилиш дуруст эмас, дегани – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ ҳузурида обрў-эътибори йўқ дегани эмас. Шубҳасиз, у зотнинг Аллоҳ ҳузурида баланд мартабаси бор, у зот башариятнинг саййиди, маҳшаргоҳдаги улуғ шафоат мақомининг соҳибидирлар. Бироқ бу дегани у зотни ўртага қўйиб – васила қилиб дуо қилиш жоиз дегани эмас.

Аллома Косоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Бадоиус-саноиъ” (5/126) китобида шундай дейди: “Киши дуосида “(Эй Аллоҳ), Сендан анбиё ва расулларинг ҳаққи ёки фалончининг ҳаққи билан сўрайман”, дейиши макруҳдир. Негаки, ҳеч кимнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зиммасида ҳаққи йўқдир”.

Шунингдек, мазкур ибораларнинг айнан ўзини Зайлаийнинг “Табйинул-ҳақоиқ шарҳу Канзуд-дақоиқ” (3/31), Бобиртийнинг “Иноя шарҳи Ҳидоя” (10/64), Ибн Ҳумомнинг “Фатҳул Қадийр” ва бошқа ҳанафий фиқҳига оид мўътабар китобларда ҳам учратиш мумкин.

Саййид Нўъмон Хайриддин Алусий Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ “Жалоул-айнайн” (516-517-бетлар) китобида шундай дейди: “(Ҳанафий уламоларининг) барча матнларида “Дуо қилиб, васила қилувчининг “пайғамбарлар ва авлиёлар ҳаққи билан, Байтил Ҳаром ҳаққи билан, Машъарул Ҳаром (Муздалифа) ҳаққи билан”, деб айтиши макруҳи таҳримийдир. Имом Муҳаммаднинг наздида макруҳи таҳримийнинг ҳукми дўзах билан жазолашда ҳаромнинг ҳукми билан баробардир. Улар бундай дуо қилиш макруҳлигининг сабабини баён қилар эканлар: “Чунки бирон бир мавжудотнинг Холиқ – Яратганнинг зиммасида ҳеч қандай ҳаққи йўқдир”, дейдилар”.

2 – Масала: Одам алайҳиссалом “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурмати билан” деб, у зотни ўртага қўйиб дуо қилганлари тўғрими?

Жавоб: Одам алайҳиссалом ҳақларида айтилган бу гаплар мавзуъ – тўқима ҳадисда келган. Мазкур тўқима ҳадис қуйидагича: Ҳоким Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Одам гуноҳга қўл ургач, шундай деди: “Эй Раббим, Муҳаммаднинг ҳаққи билан сўрайман, гуноҳимни мағфират қилгин!”. Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам, сен Муҳаммадни қаердан билдинг, Мен ҳали уни яратганим йўқку?!”. Одам деди: “Эй Раббим, Сен мени Ўз қўлларинг ила яратиб, менга руҳингдан пуркаганингда, бошимни кўтардим. Қарасам, Аршнинг оёқларига “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули” деб ёзиб қўйилган экан. Билдимки, Сен махлуқотлар ичида фақат энг суюкли бандангнинг исминигина Ўзингнинг исминг қаторида зикр қиласан”. Аллоҳ деди: “Тўғри айтдинг, чиндан ҳам у махлуқотларим ичида Менга энг суюклиси. Менга унинг ҳаққи билан дуо қил. Дарҳақиқат, сени гуноҳингни мағфират қилдим. Агар Муҳаммад бўлмаганида сени яратмаган бўлар эдим”.

Ҳоким мазкур ҳадисни ривоят қилиб, унинг санади (ровийлар силсиласи)ни саҳиҳ деган. Бироқ бир қанча уламолар бу борада  Ҳокимнинг ҳадисни саҳиҳ дейишига эътироз билдириб, унинг тўқима ҳадис эканини баён қилганлар. Ҳадис уламоларидан Байҳақий, Заҳабий, Ибн Ҳажар, Ибн Касир ва Ибн Таймия (Аллоҳ барчаларини раҳматига олсин) ана шундай уламолар жумласидан. Негаки, мазкур ҳадисни ривоят қилган ровийлардан бири Абдураҳмон ибн Зайд ибн Асламни муҳаддислар заифга чиқаришган. Ажабланарли томони, Ҳокимнинг ўзи ҳам (Аллоҳ у зотни авф этсин) Абдураҳмонни ҳадис тўқишликда айблаган. Шундай экан, қандай қилиб унинг ҳадиси саҳиҳ бўлсин!

Қолаверса, Одам алайҳиссалом қилган гуноҳларига тавба қилган вақтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  ҳаққи-ҳурмати деб, у зотни ўртага қўйиб дуо қилдилар дейиш, Қуръони Карим мазмунига ҳам зиддир. Зеро, Одам алайҳиссалом тавба қилиш пайтида қандай дуо қилишини Аллоҳ таолодан ўрганди. Муфассирларнинг айтишларича, Аллоҳ таолонинг: “Кейин,  Одам Парвардигори тарафидан бир неча сўзлар  қабул қилиб олганидан сўнг Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.  Албатта У тавбаларни қабул қилгувчи меҳрибон зотдир” [Бақара: 37], – деган гапидаги “бир неча сўзлар”дан мақсад Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир:  “Парвардигоро,  бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик.  Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг,  шубҳасиз,  зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз” [Аъроф: 23]. Мана бу Қуръони Карим ояти Одам алайҳиссаломнинг қандай қилиб дуо қилганларини баён қилаётир.

3 – Масала: Одамлар: “Сиз бўлмаганингизда фалакларни (борлиқни) яратмасдим”, деган ҳадис бор деб даъво қилишади. Бу ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:  Бу ҳадис ҳам мавзуъ – тўқима ҳадисдир. Аллома Шавконий “Тўқима ҳадислар ҳақида фойдали тўплам” деб номлаган китобида, муҳаддис Соғонийдан нақл қилиб, мазкур ҳадиснинг мавзуъ ҳадис эканини айтганлар. Шунингдек,  Албоний роҳимаҳуллоҳ ҳам “Ас-силсила аз-заифа” номли китобида ушбу ҳадисни мавзуъ ҳадис деганлар.

Ундан ташқари, Аллоҳ еру-осмонларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли яратди, деган сўз Қуръони Карим оятларига ҳам мувофиқ келмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Мен жин ва инсонларни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” [Зориёт: 56].

  Ибн Боз роҳимаҳуллоҳдан “Лавлака…(сиз бўлмаганингизда…)” ҳадиси ҳақида сўралганда,  у киши шундай жавоб берганлар: “Айтаётган сўзларини ўзлари ҳам тушунмайдиган оми одамлар буни “ҳадис” деб нақл қилиб юришади. Бу ҳадис тўқима ҳадисдир. Баъзи одамлар: “Аллоҳ таоло дунёни Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам туфайли яратган. У зот бўлмаганларида, на дунё ва на одамлар яратиларди”, дейишади. Бу асоссиз ботил сўздир. Аллоҳ таоло дунёни Ўзини танитиш учун, Унинг Ўзига ибодат қилиниши учун яратди. Шунингдек, Аллоҳ таоло дунё ва одамларни У Зотнинг исм ва сифатлари, илм ва қудратини таниб, ўрганиб, Унга ширк келтирмасдан ёлғиз Ўзига ибодат ва итоат қилишлари учун яратди. Аллоҳ еру-осмонларни на Муҳаммад,  на Нуҳ, на Мусо ва на Исо ва на бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом) сабабли яратди, балки, бандалар Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратди”. Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг